"Умар" ва "Афросиёб Хосият Бегим макони" ширкатлари раҳбари 56 яшар Умар Ражабов жорий йилнинг 11 февралида Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Бу ҳақда Озодликка тадбиркорнинг ўғли Ойбек Ражабов маълум қилди. Унинг айтишича, отаси Умар Ражабов билан бирга укаси Русланбек Ражабов ҳамда ширкат таркибидаги иккита қурилиш фирмасининг раҳбарлари Шавкат Облоқулов ва Файзулло Файзиев ҳам ҳибсга олинган.
Озодлик 14 февраль куни суҳбатлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими мулозимига кўра¸ "ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ҳудуд таркибидаги Мироншоҳ кўчасида 7 қаватли уйни ҳиссадорлар пули эвазига қурган Умар Ражабов ва яна 3 тадбиркорга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноят иши қўзғатилган».
"Жиноят ишини Самарқанд вилоят прокуратураси уй учун пул тўлаган ва уй бузилганидан кейин пулини қайтариб ола олмаган пайшиклар (ҳиссадор-таҳр) шикояти асосида очди. Ҳозирча Умар Ражабовни ҳеч ким жиноятчи дея олмайди. Унга нисбатан гумондор сифатида дастлабки суд қарори билан қамоқ эҳтиëт чораси белгиланди. Унинг кейинги тақдирини ҳам суд ҳал қилади"¸ деди Самарқанд шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлимининг исми эфирда айтилишини истамаган муозими.
Ҳибсда қолаëтган тадбиркор Умар Ражабовнинг ўғли Ойбек Ражабов Озодликка ëзган мактубида отасининг қамалиши муаммонинг ечими эмаслигини таъкидлади.
«Отам Умар Ражабовни ҳам, укамни ҳам, қолган қурувчиларни ҳам “эҳтиёт чораси сифатида” қамоққа олиш шарт эмас эди. Отам “сизга жиноий иш очдик”, дейишса ҳам бир ёққа қочиб кетадиган одам эмас. Паспортини олиб қўйишлари ёки бир ерга кетмаслиги ҳақида тилхат олишлари етарли бўларди.
Отамни қамоққа олиш қурилишлар борасида Самарқанддаги муаммоларнинг ечими ҳам эмас. Отам қамалса, у киши қурган ва қураётган уйлар бузилса, оз эмас, кўп эмас, 800 хонадон уйсиз қолади. Уларга ким уй олиб беради? Уларга етган зарарни ким тўлайди?" дея савол қўяди ўз мактубида Ойбек Ражабов.
Қурилиб бузилган уй можароси
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими мулозими икки йилдан бери давом этаëтган қурилиб бузилган уй можаросини қисқа қилиб гапириб берди.
"Умар акага Самарқанд шаҳрининг аввалги ҳокими Воҳид Санақулович Раҳимов томонидан имзо чекилган (у 2017 йилнинг августида ишдан олинган) қарор билан Мироншоҳ кўчасида 2 қаватли савдо маркази қуришга рухсат берилган. Аммо Умар Ражабов бу ҳудудда 7 қаватли уй қуришни бошлаган. 2018 йилнинг 23 июнида Самарқанд шаҳрининг ҳозирги ҳокими Фурқат Раҳимов қарорига асосан бинони бузиш ишлари бошлангач, бинодаги уйлар учун аввалдан буюртма қилиб, ҳақ тўлаб қўйган мижозлар пулларни қайтаришни талаб қила бошлашди"¸ дейди мулозим.
Мулозим таъкидига кўра¸ тадбиркорга оид низоли иморатнинг Самарқанд тарихий қисмида жойлашгани вазиятнинг оғир томонидир.
"Уй жарликда жойлашган ва шаҳарнинг горизонтал қиëфасига визуал зарар бермайди. Ҳудуд тарихий қисм ичида бўлмаганда бино амнистия қилинарди. "ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ҳудудда қурилган бу уйнинг бузилиши ҳақида узил-кесил қарор қабул қилинган. Барча эътироз уй қурилишини амалга оширган тадбиркор Умар Ражабовга қаратилиши зарурлиги ҳокимият тарафидан пайшикларга билдирилди. Уй бузилишини шахсан Бош вазир назорат қилмоқда"¸ деди мулозим.
Маданият вазиридан таҳдид
2018 йилнинг 25 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Озодлик саволига жавоб берган Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаев ҳам Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудида уч қаватдан баланд қурилган барча бинолар бузилишини билдирган эди.
Вазирга кўра¸ самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов қурган 7 қаватли "уй бузилади ва бу қадимий ҳудудда ўзбошимча уй қурмоқчи бўлган бошқа тадбиркорлар учун сабоқ бўлади".
Бор-будидан айрилган тадбиркор фарëди
Ҳозир ҳибсда қолаëтган тадбиркор Умар Ражабов 2018 йилнинг 2 август кунги Озодлик билан суҳбатда¸ мутлақ банкрот бўлгани ва саломатлигидан ажраганлигидан шикоят қилган эди.
- Пичоқ бориб бўғзимга қадалди. Бир ой ичида миллиардларимдан ҳам, соғлигимдан ҳам айрилдим. Мироншоҳ кўчасидаги етти қаватли уй қурилиши учун собиқ ҳоким Туроб Жўраев мендан "илтимос" қилган баъзи хизматларни бажариб берасиз деб. Бу уйга рухсат беришлари учун Самарқанд шаҳрида Президент қабулхонаси қуриб бердим. Каримов мақбараси ëнида чойхона қуриб бердим. Ер ости йўли қуриб бердим. Бу ишларни мендан "илтимос" қилди. Илтимосни бажардим. Бир тийин олмасдан! Ўз кучим билан! Албатта, бу ишларни "бажарганлари" учун давлат бюджетидан кимлардир қанчалар маблағни ишлатилди, деб "ишлатиб" юборгандир, у ёғи менинг ишим эмас. Фақат шуни айтишим лозимки, бу ишларга миллионлаб пулим кетди. Майли, мен фақат қисман изн олиб уй қургандирман. Лекин Самарқанд қадимий ҳудудида кўп қаватли бино қурган бошқа мулозимларга оид иморатларни нега бузишмайди? Қонун калтаги нега фақат менинг бошимда синади? Пора бериб, уй қурган меникидан ҳам баланд биноларга биров тегмаяпти-ю, мен қурган уйларни бузишга ёпишишди. Ваҳоланки, қадимий ҳудудда уй қурган, меникидан баланд қилиб қурган қурилиш фирмалари раҳбарлари орқасида қайси амалдорлар турганини ҳам яхши биламан¸ - деган эди шу кунларда устидан жиноят иши очилиб ҳибсда қолаëтган самарқандлик тадбиркор Умар Ражабов.
Вазирлик ва ҳокимият қурилишдан бехабар бўлганми?
Бузилган уй ичидан квартира сотиб олган ўнлаб самарқандликдан бири Мавлуда Каримова Озодлик билан суҳбатда: "Нега маданият вазирлиги ва шаҳар ҳокимияти етти қаватли уй қурилиб бўлгунча индамай турди¸ уй ҳавозалари кўтарилган пайтда уларнинг кўзи қаерда эди? - дея савол берди.
Озодлик мухбирининг айни маънодаги саволига жавоб берган Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаев "Тадбиркорлар бизнинг "бдительность"имизни (ҳушëрлигимизни-таҳр) ухлатиб қўйди," дея жавоб қилган эди.
Вазир айтмоқчи "бдительности ухлаган" пайтда Самарқанддаги ҳали битмаган бино квартираларни 26 оила сотиб олган эди.
Улар бу квартираларнинг ҳар квадрат метрига 3 миллиондан 6 миллион сўмгача пул тўлашган.
Озодлик суҳбатлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуносига кўра¸ бу ҳиссадорларнинг пулини "Афросиёб Хосият Бегим макони" ширкати қайтаришга мажбурдир.
Орзусидан айрилганлар истисно тариқасида уйни бузманг¸ деб ëлворишмоқда
Мироншоҳ кўчасида қурилиб бузилаëтган уйдан квартира сотиб олганлардан бири Мавлуда Каримова Озодлик билан суҳбатда ўзи ва бошқа ҳиссадорлар тадбиркорнинг эмас¸ балки шаҳар ҳокимиятидаги бош-бошдоқлик қурбони бўлганини айтади:
- Самарқандлик учун уйидан айрилиш мусибат. Бизнинг пулимизга сифатли уй қуриб берган тадбиркорни айбламаймиз. Тадбиркорни алдаб, банкрот қилган мулозимларни айблаймиз. Агар биз уйсиз қолсак, шаҳар ҳокимини уйига бориб яшаймиз. Сўнгги чора сифатида биз Ўзбекистон президентига Озодлик орқали мурожаат қиламиз. Ҳурматли президент бизни орзумиздаги уйдан жудо қилманг¸ деди Мавлуда Каримова.