Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:38

Саудия валиаҳд шаҳзодаси ëшлар ишончини қозониш учун коррупцияга қарши кураш бошлади


Қама-қамалар тепасида ҳозирги қиролнинг севимли ўғли¸ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон тургани айтилади.
Қама-қамалар тепасида ҳозирги қиролнинг севимли ўғли¸ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон тургани айтилади.

ЛОНДОН (Рейтер) – Ҳафта охирида Саудия Арабистонида қироллик оиласидаги юксак мартабали шаҳзодаларнинг ҳибсга олиниши ва вазирликлардаги ўзгаришлар ХХ асрнинг 60-йилларидан бери мавжуд давлат тузилмасини тубдан ўзгартириб юборди.

Саудия Арабистонида ҳокимият 1953 йили қирол Абдулазиз вафоти, айниқса, унинг ўғли қирол Сауд тахтдан воз кечгандан сўнг жамоа бўлиб бошқарилаётган эди.

Тож қирол Абдулазизнинг ўғилларининг ёшига қараб, биридан иккинчисига ўтаётган, унинг ҳар бир ўғли ва оиласи давлатнинг бирор соҳасини бошқариб келаётган эди.

Шаҳзода Файсал, сўнгра унинг ўғли неча ўн йиллар давомида Ташқи ишлар вазирлигини, шаҳзода Султон Мудофаа вазирлигини, шаҳзода Наиф Ички ишлар вазирлиги ва хавфсизлик кучларини назорат қилиб келди. Яхши қуролланган милиция шаҳзода Абдуллоҳ измида эди. Шаҳзода Салмонга эса пойтахт Риёд шаҳри ҳокимлиги тегди.

Бундай тизимдан мақсад ҳокимият оиланинг бирор тармоғи қўлида ортиқча йиғилиб қолиши олдини олиш, давлат асосчиси бўлган қиролнинг барча ўғилларига ундан улуш бериш эди.

Гарчи расмий ҳокимият монархнинг қўлида бўлса-да, амалда у қирол оиласи оқсоқоллари билан бамаслаҳат иш юритар ва давлатни муроса билан бошқарар эди.

Саудларнинг бошқарув тизими президентникидан кўра¸ бош вазир бошқарувига яқинроқ эди.

Ҳокимиятнинг бир қўлга йиғилиши

Қирол Абдуллоҳга ворис сифатида кўрилган шаҳзодалар Султон ва Наиф ундан олдинроқ вафот этгани учун тож шаҳзода Салмонга насиб этди.

Абдулазизнинг энг ёш ўғли Муқрин валиаҳд шаҳзода этиб тайинланган бўлса-да¸ у қирол оиласида етарли ҳокимият ва таъсир кучига эга эмас эди.

Орадан уч-тўрт ой ўтиб, Муқриннинг ўрнини шаҳзода Наифнинг ўғилларидан бири Муҳаммад бин Наиф эгаллади. У марҳум отасидан Ички ишлар вазирлиги ва хавфсизлик кучлари назоратини мерос қилиб олди.

Кўп ўтмай, 2017 йили Муҳаммад бин Наиф валиаҳд шаҳзодалик ўрнини янги қиролнинг ўғли Муҳаммад бин Салмонга бўшатиб берди.

Муҳаммад бин Салмон Мудофаа вазири бўлди. Ваҳоланки, илгари қуролли кучлар назорати Султоннинг оиласи қўлида эди.

Сўнгги “куч ишлатувчи вазирлик” Миллий гвардия эди, унинг назорати қирол Абдуллоҳдан ўғли, шаҳзода Митебга мерос бўлиб ўтди.

Ўтган ҳафта охирида шаҳзода Митебнинг лавозимидан четлаштирилиши қирол оиласидаги сўнгги мустақил ҳокимият тармоғига барҳам берди.

Шу тариқа учта куч ишлатувчи вазирлик назорати (Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ва Миллий гвардия) катта оиланинг бир тармоғи, яъни қирол Салмон ва унинг ўғли, шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон қўлида жам бўлди.

Коррупцияга қарши кураш кампанияси

Саудия Арабистонидаги ички ҳокимият жадал ўзгармоқда.

Умумий қоидага кўра, шу пайтгача барча баҳс-мунозаралар қирол оиласида, бегоналарни аралаштирмасдан ҳал этилиб келган.

Шаҳзодалар қиролга содиқ бўлиши ва бошқарув тизимини ўзгартиришни талаб қилиб чиқмаслиги керак эди. Шунга асосан, уларнинг хавфсизлиги ва бойлиги қўриқланган.

Бойлик ва ҳашамни кўз-кўз қилиш дуруст ҳисобланмаган ва вақти-вақти билан қораланган. Шунга қарамай, шаҳзодалар бемалол пул йиғиш ва бизнес қилиш имконига эга бўлиб келган.

Бироқ қирол Салмон ва ўғли ўтмиш амалиётидан бутунлай воз кечиб, коррупцияга қарши кураш кампаниясини бошлади ҳамда пора олиш ва камомадга йўл қўйган вазирлар ва ҳукумат амалдорларини қамоққа олди.

Сўнгги уч йил ичида тахтга яқин шаҳзодаларнинг ҳукуматдан четлаштирилиши, энди эса шаҳзодалар ва вазирларни ҳибсга олиш илк марта қирол оиласи аъзоларининг хавфсизлиги ва бойлигига хавф сола бошлади.

Неча ўн йил давомида Саудия Арабистонида коррупция урчиб, ҳадсиз-ҳисобсиз бойлик давлат бюджетидан хусусий қўлларга ўтиб, ҳатто чет элларга чиқиб кетди.

Коррупцияга қарши кураш кампанияси ва етакчи вазирлар, ҳатто шаҳзодаларни қамоққа олиш саудлар давлати тузилмаси ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.

Ёш саудияликлар ишончини қозониш йўлида

Саудия Арабистонида туғилиш даражаси юқорилиги ва чақалоқлар ўлими камайиб бораётгани сўнгги 40 йил мобайнида аҳоли сонининг кескин ортишига сабаб бўлди. Бугунги кунга келиб, 30 ёшгача бўлганлар сони аҳолининг кўпчилигини ташкил қилмоқда.

Қиролликдаги энг йирик муаммо ҳар йили меҳнат бозорига келиб қўшилаётган юз минглаб ёшларга яхши маош тўланадиган иш жойлари топиб беришдир.

Мамлакатда ишсизлик ва тўлиқсиз ишлаш ҳоллари кенг тарқалган. 1979 йили ислом жангарилари Макка шаҳридаги Буюк Масжидни қамал қилгандан сўнг ижтимоий ва диний назорат ўрнатиш бўйича қабул қилинган шафқатсиз тизимдан аҳоли норози.

Ҳокимиятдаги мавқени мустаҳкамлаб олишга интилаётган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ижтимоий соҳани эркинлаштириш, янги иш жойлари яратиш ва тезроқ ўзгаришларга эришиш тўғрисида ваъда берди. Ёш саудияликлар уни қўллаб-қувватламоқда.

Коррупцияга қарши кураш кампаниясини иқтисодий турғунлик сабаб имкониятлари чекланиб қолган ёшлар қўллаб-қувватлаши тайин, бироқ бу ҳол мамлакатдаги компаниялар, сиёсий ва ижтимоий соҳа аъёнларига таҳдид қилади.

Ҳар қандай сиёсий тизимда коррупцияга қарши кураш аъёнлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этишда халқ мададига таянишнинг энг ишончли йўлидир.

Сиëсий хатарлар

Саудия Арабистонида ҳокимиятнинг қирол оиласи бир тармоғи қўлида йиғилиб қолиши мамлакат ҳукумати фаолиятини жадаллаштиришга ёрдам беради. Шу билан бирга хавфни кучайтиради, мавжуд тизимни тубдан ислоҳ қилиш эҳтимолини ҳам оширади.

Сўнгги воқеалар қирол оиласи бошқа тармоқларини четга суриб қўйди ва илк марта улар хавфсизлигига таҳдид вужудга келди. Валиаҳд шаҳзода ўзига кўплаб душман орттириб олди, лекин мухолифларнинг ваколати камайганига яраша таҳдиди ҳам пасайиши мумкин.

Жамоа бошқаруви ўрнини шахс бошқаруви эгаллади. Бинобарин, бундан кейин валиаҳд шаҳзода ҳукумат фаолияти учун шахсан жавобгар бўлади. Мабодо унинг иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлари кутилган натижани бермаса, тақдири хаваф остида қолади. Шу сабабли саудлар давлати тез орада иқтисодий ўсишга эришиши ва янги иш жойлари яратиши шарт.

Саудия Арабистони иқтисодиёти жаҳон бозорида нефть нархининг яна бир марта пасайишини кўтара олмаслиги мумкин.

XS
SM
MD
LG