Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:16

Нукус музейидаги энг қиммат асар вайрон бўлди. Воқеа Бош прокуратура назоратида


Рассом Шевченко томонидан чизилган "Челак кўтарган аëл "картинаси Нукусдаги Савицкий музейида сақланаëтган эди.
Рассом Шевченко томонидан чизилган "Челак кўтарган аëл "картинаси Нукусдаги Савицкий музейида сақланаëтган эди.

Халқаро мутахассислар томонидан Ўзбекистоннинг етти мўъжизасидан бири сифатида эътироф қилинган Игорь Савицкий номидаги Нукус давлат тасвирий санъат музейи асосий экспозициясидан ўрин олган ноëб рангтасвир асари шикастланган қувурдан оққан сув остида қолиб вайрон бўлди.

Музей ходимларидан бирининг Озодликка 19 июль куни маълум қилишича¸ буюк рассом Александр Шевченко (1883-1948) тарафидан 1914 йилда яратилган «Челак кўтарган қиз» асари «тиклаб бўлмас ҳолга келган».

Ўзбекистонлик санъатшунос Борис Чуховичга кўра¸ санъат жиҳатидан бебаҳо бўлган бу асар Туркистон авангарди йўналишининг "Мона Лиза"си деб танилган ва унинг бозор нархи бир неча миллион долларгача бориши мумкин.

"Техник носозлик"?

Асар сақланаëтган зал мудираси Озодлик билан суҳбатда ўтган ҳафтада «ëнғинга қарши қувурдан бехос сув оқиб кетиб Шевченко асарига шикаст» етганини тасдиқлади.

Мудирага кўра¸ 16 июлда қувурдан оққан сув боис асарнинг мой бўëқ қатлами матодан кўчган. «Тиклаб бўлмайдиган даражада шикаст етмади¸ мой бўëқ қатлами кўчиб» тушди¸ деди мудира.Мудирага кўра¸ "Асар устидан ўтган қувурнинг вентили (жўмраги) занглаб синиб кетган ва кучли босимдаги сув асар устига қуйилган".

Нукус музейидаги ëнғинга қарши қурилма лойиҳачиларидан бирининг Озодликка билдиришича¸ “ëнғинга қарши қувурлар ичига махсус ўт ўчирувчи газ ўрнига сув тўлдирилгани” боис қурилма ишдан чиққан. Муҳандисга кўра¸ ҳодисага маҳаллий ходимларнинг "ишга ўлда-жўлда ëндашгани” сабаб бўлган.

Озодлик музей хазинаси учун маъсул бўлган асосий мулозим - бош муҳофиз Валентина Сычева билан боғлана олмади - унинг мобиль ва хизмат телефони кун давомида банд бўлди.

Нукус музейида вайрон бўлган асар
Нукус музейида вайрон бўлган асар

Прокуратура текширув бошлади

Озодликка маълум бўлишича¸ Нукус музейидаги асосий коллекция шедеври бўлган ”Челак кўтарган аëл” ("Баба с вёдрами") асарининг ëнғинга қарши система бузуқлиги боис вайрон бўлгани ҳодисасини Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ хусусан Қорақалпоғистон республикаси прокурори назоратига олган. 19 июль куни прокуратура расмийлари воқеа тафсилотлари юзасидан суриштирув бошлаган.

Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевнинг ëрдамчиси Озодлик билан суҳбатда “асар вайрон бўлгани билан боғлиқ вазият борасида 19 июль куни фавқуллода селектор мажлиси ўтказилган”ини билдирди.

Мулозимга кўра¸ селектор мажлисида вазир Бахтиëр Сайфуллаев¸ вазир ўринбосари Камола Оқилова¸ Нукус музейи раҳбари Гулбаҳор Изентаева ва бошқа мулозимлар иштирок этган.

“Нукус музейининг дурдонаси сифатида Париж ва Москвада намойиш қилинган бу асарнинг шикастланганига сабабчи бўлган барча мулозимлар қонунда белгиланган тартибда жиддий текширилиб жавобгарликка тортилади. Асарни қайта тиклаш учун нима керак бўлса¸ ҳаммаси қилинади”¸ деди Озодлик билан суҳбатда Маданият вазири ëрдамчиси.

Озодликка маълум бўлишича Шевченко асари Нукус музейида шикастланган илк асар эмас. Йил бошидан бери¸ таниқли рассом Қорахоннинг “Номозшом” рангтасвир асари ва ҳайкалтарош Жўлдосбек Қуттимуротовнинг “Амударë” асари ҳам чириб нобуд бўлган. Музей ходимларига кўра ҳайкални ҳашаротлар еб битирган¸ Қорахон асари устидаги томдан чакка ўткани боис шикастланган.

Асар ва унинг муаллифи ҳақида

Игорь Савицкий номидаги Нукус давлат тасвирий санъат музейида рус авангард рассомлиги асосчиларидан бўлган Александр Васильевич Шевченко (1883-1948) мўйқаламига оид бир нечта асар бор. АҚШда истиқомат қилаëтган рассом Омон Азизга кўра¸ 1914 йилда яратилган «Челак кўтарган қиз» асари “Туркистон авангарди” деган оқимнинг ëрқин намунасидир.

Украинада туғилган Шевченко 1905 йили Парижда рассомлик сирларини ўрганди. 1906 йилда рассом Каррьер мактабида¸ кейин эса Этьен Дин ва Жан-Пол Лоран устахоналарида таҳсил кўрди.

Шевченко «Мир искусства», «Союз молодёжи» ва «Ослиный Хвост» каби рассомлик гуруҳларида ижод қилган.

Жюльен рассомлик академиясини тугатганидан кейин Шевченко Миср¸ Усмонли империяси ва Туркистонга саëҳат қилади ва "Челак кўтарган аëл" асарини айни даврда яратади. 1948 йили рассом ўлимидан сўнг Игорь Савицкий томонидан Туркистон авангарди коллекцияси учун Москвадан олиб келинган бу ноëб асар¸ 2018 йилнинг июлига қадар Нукус музейида бешикаст сақланиб келинган эди.

Музейдаги талон-торож тарихи

Нукус музейидаги санъат асарларини сақлаш билан боғлиқ аҳволдан бевосита хабардор Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот тизими мулозими Озодлик билан суҳбатда¸ халқаро санъатшунослар томонидан "саҳродаги жавоҳир" деб таърифланган бу музейдаги вазиятнинг умумиятла аянчли эканини таъкидлади:

- Бу расмнинг вайрон бўлгани музейдаги системали совуққонлик оқибатидир. Айни музейда 2015 йил августида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тарафидан очилган жиноят иши текширувида қатнашган одам сифатида сизга айтаман¸ аҳвол жуда қайғули. Биз олиб борган тафтиш натижасида мазкур музейдан умумий қиймати 600 миллион сўмга яқин 5 картина ўғирланганини аниқлаган эдик¸ дейди суҳбатдош.

Мулозимга кўра¸ Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейида рассом Ганнинг “Дам олишда”, Кашинанинг “Овулда”, Сафроновнинг “Кўк тасмали шляпа кийган аёл портрети”, Турусовнинг “Узумзор” ва Караханнинг “Лола терган аёллар” асарлари ўрнига, уларнинг инвентарь рақамлари ва номлари остида чизиш техникаси, ўлчамлари, материаллари, сюжети ва муаллифлик ёзувига кўра аслига мутлақо тўғри бўлмаган картиналар сақланган”.

Мулозим¸ “расмларнинг аслини сотиб юбориб¸ ўрнига нусхасини қўйган ходимлар жазоланганига қарамай¸ санъат асарларига нисбатан айни муносабат давом этаëтганини билдирди:

- 2015 йилда жазоладик¸ директорлар алмашди¸ лекин аҳвол ўша-ўша . Музейдаги 85 мингдан зиëд экспонатни тафтиш қилиш давом этаëтган пайтда нархи миллион доллардан кўп турадиган асарлар экспонатларни сақлаш инструкциясига зид ҳолатда тургани борасида акт тузиб¸ билдирги берилган¸ дейди шахси очиқланишини истамаган маҳаллий ҳуқуқ тизими мулозими.

Президентлар тавоф қилган "Чўлдаги Лувр"

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев иқтидорга келганидан кейин 2017 йилнинг апрелида Игорь Савицкий томонидан узоқ йиллар давомида Нукус музейига йиғилган йирик санъат асарлари тўплами Россияда илк маротаба намойиш қилинди.

Президентлар Мирзиёев ва Путин Москвадаги Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейида “Нукус хазинаси” кўргазмасини очиб берди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Пушкин давлат музейи директори Марина Лошак кўргазмани “ўзига хос бетакрор санъат” деб атаган эди.

Музей асарлари Москва ва Парижда намойиш қилинган
Музей асарлари Москва ва Парижда намойиш қилинган

Британиянинг Telegraph газетаси Қорақалпоғистон пойтахти Нукусни айнан шаҳардаги музейда сақланаëтган ноëб асарлар боис ҳам саёҳатчилар бориши тавсия қилиниши лозим бўлган ғайриоддий маконлардан бири сифатида эътироф қилган эди.

“Ўзбекистон шимолида совет даврида барпо қилинган бу шаҳар номаълум сабабларга кўра, саёйҳлар учун одатий маршрутлар сирасига кирмайди. Лекин кўзга ташланмайдиган бу манзара ортида мутлақ гавҳар ётибди - бу Савицкий галереясидир”, дейилади Нукуснинг бу рўйхатда киритилишиги Британия нашри берган изоҳда.

Telegraph газетаси, совет даврида норасмий тақиққа учраган музейнинг Нукусда жойлашгани бутун дунë сайёҳларини бу шаҳарга жалб қилиши керак¸ дея хулоса қилган эди.

Савицкий галереясида 20-аср рус авангардини тамсил қилувчи ноёб асарлар, жумладан, Соколов, Комаровский каби рассомлар қаламига мансуб картиналар сақланади. Таниқли рассом ва санъатшунос Игорь Савицкий Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи раҳбари сифатида совет режими томонидан таъқиб қилинган ва тақиқланган рассомларга мансуб асарларни сотиб олиб, яратган галереяга кейинчалик унинг номи берилган.

Савицкий галереяси Туркистон авангарди намуналари сақланадиган дунёдаги етакчи музейлардан бири сифатида ҳам эътироф этилади. Бу музейда 90 мингдан ошиқ экспонат борлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG