Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:47

“Саҳродаги Лувр”. Рус авангард санъати коллекцияси Ўзбекистонга қандай келиб қолган?


Игор Савицкий (ўртада). Хоразм экспедицияси. 1950-йиллар.
Игор Савицкий (ўртада). Хоразм экспедицияси. 1950-йиллар.

8 сентябр куни Венецияда Ўзбекистон Республикаси 24-Венеция биенналесида намойиш қилган “Саҳродаги авангард” кўргазмаси якунланди. Кўргазма асосан Тошкент тасвирий санъат музейи ҳамда Нукусдаги Савицкий музейи коллекцияларидан ташкил топган эди. Айни чоғда авангард асарларнинг 90 фоизи россиялик рассомлар – машҳур Кандинский ва Лентуловдан тортиб унча танилмаган Уфимцев, Лисенко ва бошқаларга оид эди. Бу “Россия империализми собиқ совет республикаси қаноти остида Европага яширинча кириб келмоқда” қабилидаги гап-сўзларга туртки бўлди. Маълумки, Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан бери Россия биенналеда қатнашмаяпти. Бироқ россиялик журналист ва ёзувчи Андрей Филимонов фикрича, “Ўзбекистонни тамсил қилаётган” россиялик мусаввирлар тақдиридан, жуда хоҳлаганда ҳам рус империализми таркибини топиш қийин.

Ўзбекистон: "Саҳродаги авангард" кўргазмаси афишаси. Венеция. 2024
Ўзбекистон: "Саҳродаги авангард" кўргазмаси афишаси. Венеция. 2024

Авангард рассомлар ва уларнинг асарлари Ўзбекистонга 1920 йилдан кела бошлаган. Фуқаролар уруши ҳали тугаганига қарамай, Василий Кандинский бошлиқ комиссия олис провинциал музейларга тасвирий санъат классиклари ва замонавий мусаввирлар асарларини юборади. Совет Россияси ва унинг мустамлакалари – социалистик “республика”лардаги ҳар бир музей бисотида Шишкин, Саврасов ва яна бирон авангардчи рассом асарлари бўлиши керак эди. Бундан, кейинроқ Ўзбекистон таркибига кирган Бухоро ва Хоразм “совет республикалари”даги музейлар ҳам четда қолмади.

“Шарқ меҳнаткашлари” Кандискийнинг абстракт асарлари ёки Любов Попованинг кубсимон шаклларини томоша қилганда, худо билади, нималарни ўйлашди экан. Аммо уларнинг фикрини ҳеч ким сўрагани йўқ. Чунки болшевиклар пропагандаси “санъатни омма ичига олиб кириш”ни талаб қиларди.

Санъат пайдо бўлиши учун рассомлар зарур эди. Бўлганда ҳам “ўзимизнинг”, инқилобий, сиёсий ўзгаришларни теран ҳис қиладиган рассомлар. Партия учун феодализмга, бой ва муштумзўрлар ҳамда “хурофотчи муллалар”га қарши курашадиган “фидокорлар” керак эди.

Николай Карахан. "Эль-Регистан"
Николай Карахан. "Эль-Регистан"

Ёш республикага бутун мамлакатдан – Москвадан, Петрограддан, Киевдан, Сибирдан рассомлар жўнатилди.

Улар гоҳо йилларга чўзилиб кетадиган ижодий хизмат сафарларига жон-жон деб боришарди. Зеро, нафақат дайди болалар, балки эркин касб эгалари ҳам Тошкент “нон шаҳри” эканини билардилар. Умуман, Марказий Осиёнинг барча гуллаётган воҳалари йиғма маънода “Тошкент” деб аталарди. 1920-йиллар бошида Самарқандда бўлган Петров-Водкин шаҳарнинг бош майдонини “ранг ва таъмлар базмгоҳи” дея таърифлаган эди.

“Регистон майдонидан қолган таассуротларим асосан мевалар билан боғлиқ. У ерда ёз бўйи натюрмортлар ўзгариб туради. Аввал ўрик ва абрикослар чиқади, сўнгра – оғизда эрийдиган шафтолилар, кейин эса гилослар. Охири ҳамма ёқни узум босади; турфа рангли ва анвойи шаклли ушбу мева узоқ ва ўжарлик билан ҳукмронлик қилади – то қовун-тарвуз пишиб, борлиқни тўлдиргунигача...”

Ушбу ранг-барангликка ғойибона шайдо бўлиб келган мусаввирлар ҳам ёрқинликда Шарқ ҳаёти манзараларидан қолишмас эдилар.

Виктор Уфимцевнинг “Ҳаёт парчалари”

“Осиё Россиясининг энг сўл мусаввири” Виктор Уфимцевнинг болалиги Тобол губерниясида кечган – отаси 1905 йилги инқилобда жуда фаол бўлгани учун шу ёққа сургун қилинган эди. Кейинроқ Уфимцевлар Омск шаҳрига кўчиб боришади ва Виктор у ерда бир неча йил “чинакам” реалистик ранг-тасвирдан сабоқ олади.

Сўнгра хаос бошланади – икки инқилоб, Фуқаролар уруши, вайронагарчилик.

1919 йилнинг мартида “оқлар” қўлида бўлган Омскка “рус футуризми отаси” Давид Бурлюк келади. Айтишларича, унинг нутқи анъанавий ва авангард санъат тарафдорларининг муштлашуви билан якунланган экан. Бунда ёшлик, яъни авангард ғалаба қозонади. Бурлюк билан танишув ёш рассомнинг ҳаётини остин-устун қилиб ташлайди.

“Бурлюкнинг олдига жанжал чиқариш учун бориб, у ердан футурист бўлиб қайтдик”, дея қайд қилиб қўяди Уфимцев кундалик дафтарига.

Виктор Уфимцев. "Яхши яшаяпмиз"
Виктор Уфимцев. "Яхши яшаяпмиз"

Бундан кейин унга реализм, худди царизм каби умрини яшаб бўлган, эски ва қолоқ нарсадек туюла бошлайди. Санъат янги шакллар, жўшқинлик ва футуризм жимжимасини талаб қилаётган эди...

Уфимцев Туркистонга илк дафъа 1923 йилда келди. Келдию Шарқнинг рангдор манзараларига маҳлиё бўлиб қолди. Самарқанд ва Бухорода у рангларнинг нозик жилоси асосига қурилган футуристик ижодни гуллатиб юборди. Шарқ меъморчилиги экзотикаси – масжидлар, миноралар, оқ деворлар ортига яширинган маҳаллалар сибирлик мусаввирни мафтун этди.

Ушбу меъморий шаклларнинг содда ҳажмларини у ўзининг кубсимон композицияларига сингдирди.

1920-йиллар ўрталаридан Уфимцев “Ҳаёт парчалари” номли визуал кундалик тутиб, ўзи кўрган ва лол қолган нарсасини кичикроқ картон қоғозларда тасвирлашни одат қилади.

В.Уфимцев. "Самарқанд"
В.Уфимцев. "Самарқанд"

Бироқ 1930-йиллар охирларига келиб Уфимцев вазмин тортди, зерикди. Тошкентга узил-кесил кўчиб ўтгач, мансаб-мартабаларга интилди ва ниҳоят Ўзбекистон рассомлар союзига раис бўлди. Мазкур ноижодий лавозимда озиқ-овқат паёкларини тарқатишига ва “ижодий интеллигенция вакиллари”нинг “халқ душманлари”га қарши қатағонларни маъқулловчи хатларига имзо чекишига тўғри келди...

Усто Мўмин: Ўзбекка айланиш тарихи

Александр Николаев/Усто Мўмин
Александр Николаев/Усто Мўмин

“Халқ душманлари”дан бири Олий бадиий ижодий устахоналар (русча: Высшие художественные творческие мастерские – ВХУТЕМАС) битирувчиси, 1920 йилда ёш рассомлар билан бирга Тошкентга келган воронежлик хаёлпараст Александр Николаев эди. “Вхутемасчилар” зиммасига “бир чеккадаги қолоқ ўлка”ни маданий мустамлакалаштириш вазифаси юкланганди. Улар плакатларнинг дағал тилида Қўқон, Хива ҳамда Бухоро хонликларининг собиқ фуқароларини порлоқ келажак йўлига даъват қилишлари керак эди.

Аммо ушбу мафкуравий десант мутасаддилари хаёлига келмаган иш бўлди: Николаев янги мамлакатни ва унинг одамларини севиб қолди. То қамоққа олингунига қадар рассом ижодида куйлаб, рақсга тушаётган, чойхонада ўтирган ёки ҳаммомда чўмилаётган гўзал болалар ва ўспиринлар асосий қаҳрамонлар бўлиб қолди.

Паражановнинг “Анор рангги” филмидан қарийб ярим аср олдин Николаев “Анор билан зикр тушиш” картинасини яратди: унда дастурхон атрофида ўтирган оқ кийимли малаксиймо йигитчалар акс этганди.

Усто Мўмин. "Анор базм". 1923
Усто Мўмин. "Анор базм". 1923

Дарвоқе, асар муаллифи энди Николаев эмасди... Кўчиб келганидан сўнг кўп ўтмай у европача уст-бошни ташлайди, ўзбекчани ўрганади ва барча таомиллари билан ислом динини қабул қилади. Исмини ҳам ўзгартиради ва “тақводор уста” деган маънода ўзини Усто Мўмин деб атайди.

Кўп йиллар ўтгач, сўроқ чоғида у ғалати гапларни айтади. Гўёки, ёмон кўрадиган хотини ёнига, Россияга қайтмаслик ва уни Гогенга, Самарқандни эса Таити оролига тенглаштиришлари учун ислом динига кирган эмиш:

“Йирик француз рассоми Пол Гоген билан боғлиқ бир машҳур воқеани биламан... У 7 йил Таити оролида туб ерликлар каби яшаган, уларнинг урф-одатлари ва маросимларини қабул қилган. Менда ушбу тажрибани ўзимда такрорлаш фикри туғилди”. А. Николаевнинг сўроқдаги ифодасидан. 1939 йил 19 январ.

Нима бўлганда ҳам эврилиш тажрибаси муваффақиятли чиққан эди. Аммо, рост, Гогендан фарқли ўлароқ, у баъзан партия топшириқларини ҳам бажаришга мажбур бўлди. 1924 йилда Бухорода Ўзбекистон компартиясининг биринчи съезди ўтказилади. Шу муносабат билан Николаев/Усто Мўмин ва Уфимцев “шаҳарни байрамона безатиш”га бош-қош бўладилар. Авангард санъат ҳали тақиққа учрамагани боис, ёш рассомлар қўлларига эрк бериб, ўроқ-болғали рамзларни бадиий модернизмнинг сўнгги ютуқлари билан бирга тасвирладилар. Бунақа “байрамона безаклар” маҳаллий аҳолига қандай таъсир қилгани номаълум. Лекин тахмин қилиш мумкин. Совет энциклопедиясида тан олинганидек, “Ўрта Осиёда босмачилик ҳаракати 1936 йилдагина узил-кесил тор-мор қилинган”.

Бундан чиқадики, Иккинчи Туркистон уруши ўн беш йилдан ортиқ давом этган.

Дашту биёбонларда совет ҳукуматига ҳануз қуролли қаршилик бўлаётгани туфайли Ўрта Осиё ҳаёти Москва ёки Ленинград ҳаётига нисбатан эркинроқ эди. Болшевик раҳбарлар бу ўлкада ўзларидан кета олмасдилар, ҳатто НЭП (Янги иқтисодий сиёсат: майда тижоратчилик ва ишлаб чиқариш – таҳр.) ҳам Ўзбекистонда Россиядагидан кўра узоқроқ давом этган. Айтишларича, хусусий дўконлар, тамаддихона ва сартарошхоналар 1937 йил бир кечада йўқ қилинган экан. Хусусий мулк бутун мамлакатни қамраб олаётган Катта террорга зид эди.

1938 йилда Усто Мўминни Бутуниттифоқ қишлоқ хўжалиги кўргазмасидаги Ўзбекистон павилёнини безатиш учун Москвага жўнатадилар. Павилён безатилади ҳам, бироқ рассом Тошкентга НКВД соқчилигида қайтади.

Унга “партия ва ҳукумат раҳбарларига қарши теракт тайёрлаган аксилинқилобий ташкилот фаолиятида иштирок этган”, деган ўта сийқа айблов қўйилади. Аммо, негадир, ноодатий тарзда енгил жазо тайинлашади: Усто Мўмин Ғарбий Сибирда, Мариинск яқинидаги умумий тартибли лагерда уч йил “ўтиради”.

Рассомда умрининг шу давридан жуда ёмон, ёқимсиз хотира қолади – уни энцефалит канаси чақади ва ўлимига қадар бош оғриғидан азоб чекади.

Усто Мўмин 1942 йилда Тошкентга қайтгач, театр рассоми бўлиб ишлайди ва фариштадек беғубор юзли ўспиринларни бошқа чизмайди. Рассомлар союзи аъзолигига тикланади. Ўз юбилейи муносабати билан ўтказилган ижодий кечада у содда тингловчиларга кунларнинг бирида орзуси қандай ушалгани ҳақида сўзлаб беради:

“Ўзбекистоннинг театр ҳаётига аралашувим менга 1936 йили Москвадаги ўзбек санъати декадасида бўлишга имкон бердики, у ерда кўп йиллик орзуйим ушалди – декада спектаклларида ва Кремлдаги қабул чоғида И.В.Сталинни бир неча бор кўрдим”.

Усто Мўмин. "Бахтиёр ва шодиёна ҳаёт учун партия ва Сталинга раҳмат"
Усто Мўмин. "Бахтиёр ва шодиёна ҳаёт учун партия ва Сталинга раҳмат"

1938 йилда отув бериладиган модда бўйича атиги 3 йилга қамалган одам, ростдан ҳам, Сталиндан самимий миннатдор бўлиши мумкин...

Василий (Евгений) Лисенконинг уч умри

Икки исм ва учта таржимаи ҳол ҳамма рассомдаям бор, деб бўлмайди. Казимир Малевичнинг шогирди Василий (Евгений) Лисенконинг тақдири шу қадар мураккабки, Нукус музейи коллекциясидаги картиналари бўлмаса, унинг дунёда яшаганига ҳам шубҳаланиш мумкин ҳатто.

Василий (Евгений) Лысенко. Автопортрет. Савицкий номидаги Нукус музейи коллекциясидан
Василий (Евгений) Лысенко. Автопортрет. Савицкий номидаги Нукус музейи коллекциясидан

Биринчи талқинга кўра, Лисенко Москвада кимсан Тишлер қўлида таълим олган, Тошкентда яшаган, шу ерда 1933 йили қамоққа олиниб, 1938 йилда қамоқдан қочишга урингани учун муддати узайтирилган ва Сталин ўлганидан кейингина озодликка чиққан.

Иккинчи таржимаи ҳолида эса у эски мазҳабга эътиқод қилувчи оиладан чиққани, темир йўлда проводник бўлиб ишлагани, ранг-тасвирни Тошкентда Александр Волковдан ўргангани, 1935 йилдан 1954 йилгача қамоқда бўлгани, озодликка чиққач Липецкка жўнаб кетгани айтилади.

Учинчи вариантда рассом Иккинчи жаҳон уруши йилларида оккупацияга тушиб қолиб мажбуран Германияга олиб кетилгани, Ленинградга қайтганида эса “суд қилиниб, 101-километрдан нарига жўнатилгани”, шундан сўнг бошқа ҳужжатлар билан яшагани ва ишлагани ҳақида сўз боради.

Евгений (Василий) Лысенко. "Буқа". Савицкий номидаги Нукус музейи коллекциясидан
Евгений (Василий) Лысенко. "Буқа". Савицкий номидаги Нукус музейи коллекциясидан

Бу учовини бирлаштирадиган бир нарса бор: 60-йилларда рассом ростдан ҳам аллақаерга ғойиб бўлган. Хийла шоирона битилган учинчи таржимаи ҳолда шундай дейилади:

“Мусаввирнинг изи 60-йиллар ниҳоясида Чукотка осмони манзарасида уфқ ортида ғойиб бўлди. Е.Лисенко ушбу ўлкага ижодий сафарга келган эди”.

Василий Лисенко қаёққа йўқолиб қолганини туғишган синглиси ҳам билмаган. Евгенийни акам деб атаган бу аёл у чизган картиналарни Нукусдаги музей директори Игор Савицкийга сотган.

Ҳозирда ушбу музей “Туркистон авангарди” коллекцияси билан донг қозонган. Лисенконинг “Буқа” картинаси эса кўпдан бери унинг ташриф қоғози саналади ва барча халқаро кўргазмаларда намойиш этилади.

“Савицкийга пул бермасанг каллангни узаман!”

Мусаввир ва коллекционер Игор Савицкий 1915 йилда Киевда таваллуд топган. Унинг бобоси, профессор Тимофей Флоринский филолог,Византия тарихи билимдони ва Император Фанлар академияси аъзоси бўлиб, 1919 йили “қизил террор” чоғида Киев рус националистлари клубининг 60 аъзосига қўшиб отиб ўлдирилган.

Ушбу мусибатдан сўнг оила пароканда бўлади. Флоринскийларнинг бир қисми, шу жумладан профессорнинг беваси чет элга кўчиб кетади. Савицкийнинг ота-онаси эса Москвага жўнашга қарор қиладилар, то КНВД қамоққа олгунича Ташқи ишлар халқ комиссарлигида яхшигина карьера қилган амакиси ҳам улар билан кетади. Игорнинг отаси уруш йилларида ўз жонига қасд қилиб, ўлади. Савицкий-Флоринскийлар пойтахтда бахтиёр бўла олмаётгандек эдилар. Балки шу боис, Игор Валентинович 1940-йиллар охиридан бошлаб Қорақалпоғистонда кўп қолиб кетадиган бўлди. У Хоразм археология-этнография экспедициясида иштирок этди, овулларни кезиб қорақалпоқ санъати ва турмушига оид буюмларни тўплади.

Игор Савицкий. "Қалъали қирдаги қазишмалар".
Игор Савицкий. "Қалъали қирдаги қазишмалар".

1950 йилда у Москва “коммуналка”сидаги хонасини тамбалаб, Нукусга буткул кўчиб келади. Афтидан, Орол денгизи теварагидаги кенгликларда ўз Элдорадосини топганини рассом ўша кезлар тушуниб етган.

“У экспедицияга дастлаб рассом сифатида келган эди. Аммо кейин Қорақалпоғистонга кўнгил қўйди, бу юрт ҳам унга бағрини очди. Бу ерда унинг барча ишлари ўнгидан келди, қорақалпоқ замини унга янги-янги имкониятларни тақдим этди, у музей ташкил қилди. Москвада ким унга бунақа имконият берарди? Истаган санъат буюмларини йиғиш имкониятини? Бу ерда унинг ихтиёри тамоман ўзида эди. Қорақалпоғистон обкомининг биринчи котиби Савицкийга ҳомийлик қилган, пул билан таъминлаган. Расман олганда бу қорақалпоқ санъатини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар эди, аммо Савицкийга рус мўйқалам усталарининг асарларини сотиб олишга рухсат берилган”, дейди 1984-2015 йилларда Нукусдаги Савицкий номидаги музей директори бўлган Мариника Бобоназарова.

Мариника Бабаназарова, 1984–2015 йилларда Савицкий номидаги музей директори.
Мариника Бабаназарова, 1984–2015 йилларда Савицкий номидаги музей директори.

Мариниканинг бобоси Коптилов Нурмуҳамедов Қорақалпоқ мухтор республикасининг биринчи раҳбари бўлган. 1937 йилда уни қўлга олиб, чет давлат жосуси деб эълон қилишган ва Тошкент яқинида отиб ташлашган. “Халқ душмани”нинг ўғли сифатида ҳуқуқлари чекланганига қарамай, Мариниканинг отаси Марат Нурмуҳамедов Нукус педагогика институтини битиради ва қорақалпоқлар орасида биринчи бўлиб Фанлар академиясига аъзо бўлади. 1950-йиллар охирида Нурмуҳамедов археолог ва рассом Игор Савицкийни ишга олади. Оиланинг Савицкий билан чорак асрлик дўстлиги шундан бошланади.

Савицкийни баъзан “Ўрта осиёлик Третьяков” деб атасалар, у яратган музей “Саҳродаги Лувр” дея улуғланади. Бу номни 1990-йиллар бошларида музейни зиёрат қилган француз дипломат ва журналистлари қўйишган. Музей коллекцияси ўз мазмуни ва кўлами билан уларни шу қадар ҳайратга солганди.

Игор Савицкий қарийб 30 йиллик кураторлик фаолияти мобайнида 44 мингдан зиёд рангтасвир ва графика намуналарини тўплаган, археология артефактлари ва халқ амалий санъати намуналарини намуналарини ҳам қўшиб ҳисоблаганда эса музейда жами 100 000 дан ортиқ экспонат сақланмоқда.

Мариника Бобоназарова Сибирь.Реалии мухбири билан суҳбатда бунга қандай муваффақ бўлингани ҳақида сўзлаб берди.

– Англашимча, Савицкий музейи коллекцияси бўлмаганида “Саҳродаги авангард” кўргазмаси ҳам бўлмасди, тўғрими?

– Савицкий ҳеч қачон “авангард” атамасини ишлатмаган. У “1920-30 йиллар санъати” дерди. Ўша даврларда шундай дейиш қулайроқ ҳам хавфсизроқ бўлган. Албатта, бизда “ортодоксал” авангард космизмдан тортиб кубизмгача – барча “изм”лари билан мавжуд. Социалистик реализм ҳам бор. Бироқ Савицкий учун жанр унчалик муҳим эмасди, “бу буюм санъатми ёки йўқми” деган саволгина қизиқтирарди уни. Аммо қайта қуриш тўлқини бизнинг музейни айнан авангард коллекцияси сифатида машҳур қилди. Биз қаттиқ қаршилик қилганимиз йўқ, ахир жон сақлаб қолишимиз керак эди. 1980-йиллар охири – 90-йиллар бошларида бу ерда аҳвол қанақа бўлганини билмайсиз. Музей зиёратчилари ўзлари билан лампочкалар олиб келишарди. Нукусда тўқимачилик корхонасини қураётган турклар лампочка совға қилардилар. Чунки шугина нарса учун ҳам пул йўқ эди музейда. Йўлаклар қоп-қоронғи, қишда совуқ бўларди. Ана шунақа аянчли вазиятда Савицкий тўпламидан кўп асарларни сотиб олишга тайёр ажнабий коллекционерлар пайдо бўлди. Бир куни француз журналистлари келишди, улар орасида буюк ёзувчи Антуан Сент-Экзюперининг жияни Патрик ҳам бор эди, у ўз газетасининг Москвадаги шуъбасида бошлиқ экан. Кейинроқ у яна бир марта келди ва Савицкий музейи ҳақида туркум мақолалар чиқарди.

– “Саҳродаги Лувр” деган номни у ўйлаб топганми?

– Яна “Қумдаги Лувр” ва “Орол денгизидаги Лувр” деган номлар ҳам бор. Очиғи, муаллифлари кимлигини эслолмайман ҳам. Негадир ҳамма ўйлайдики, гўё бу ўхшатишларни мен ўйлаб топган эмишман. Лекин мен ўйлаб топмаганман, мен шунчаки уларни қўллашга рухсат берганман, холос.

– Рус-Туркистон авангарди бадиий ҳодиса сифатида юз йилдан бери мавжуд. Унинг биз билмаган қандайдир муҳим фарқлари борми?

– Мен сизга айтсам,Тошкентдаги вазирларимиз мендан кўп сўрашади: “Нега одамлар сизнинг музейингизга боришади, Тошкентда ҳам рус авангарди бор-ку? Нима билан бу қадар танилгансиз?” Уларга хотиржам тушунтираман: Кандинскийнинг бир-иккита асари ҳамма нарсани ҳал қилолмайди. Биринчидан, Нукусда ўн минглаб сифатли асарлар жамланган, 1920-30 йиллар санъатини бор бўйи билан очиб берадиган мутлақо ўзгача концепция бу. Коллекциямизнинг ўзига хослиги шундаки, Савицкий ҳеч қачон машҳур исмлар кетидан қувмаган. У Лисенко сингари ҳеч ким танимайдиган рассомларни кашф этишни муҳим деб ҳисоблаган. Шагал, Родченко ёки бошқа бирон машҳурнинг яна бир асарини сотиб олишдан кўра ҳали номи чиқмаган, лекин оригинал ижодкорни топишни афзал кўрган. Шу боис ҳам бизда бошқа бирон рус авангарди коллекциясида учрамайдиган ижодкорларнинг картиналари бор.

– Айтишларича, ўтган асрнинг 20-30 йилларида Москва ва Ленинград рассомлари “нон шаҳри” бўлгани учун, қолаверса, Сталиндан узоқроқ юриш учун мақсадида Тошкентга келишган экан. Ўша пайтлар Ўзбекистондаги сиёсий вазият бирмунча “либерал” бўлган дейиш мумкинми?

– Сиз асарларини томоша қилган мусаввирларнинг аксарини Ўзбекистонга энг аввало экзотикага ташналик бошлаб келган. Ориентализм мода эди, Шарқ кўпларни ўзига тортарди. Шу боис улар “Агитпроп” ташкил қиладиган хизмат сафарларига бажонидил борарди. Рассомлар буюртмага плакатлар чизишарди. Беқиёс Михаил Курзин Москвада Маяковский билан “Окна РОСТа”даишлаган, кейин худди шу иш билан Ўзбекистонда ҳам шуғулланган.

Михаил Курзин. "Капитал"
Михаил Курзин. "Капитал"

Бошида бизда сиёсий иқлим ростдан ҳам юмшоқ эди. Бироқ 1930-йилларнинг иккинчи ярмида ҳамма жой бир хил бўлиб қолди. Усто Мўмин, Лисенко, Курзин – булар бари Ўзбекистонда қамоққа олинган. Мамлакат ягона қоидалар бўйича яшар, ҳеч қаёққа қочиб бўлмасди.

Мана, масалан, буюк Александр Волковни олайлик. У – бисотимиздаги тириклигидаёқ халқаро даражада тан олинган ягона рассом.

Александр Волков. "Чойхонада"
Александр Волков. "Чойхонада"

рус санъатини тамсил этувчи барча йирик кўргазмаларда бор. Аммо Тошкентда унга “шаклбоз” деган ёрлиқ ёпиштиришади, ҳеч ким буюртма бермайди, натижада мусаввир қашшоқликда кун кечиради. Боз устига, сўроқ ва терговларга судрашади. 90-йилларда архивлар очилгач, протоколларни ўқиганман. Даҳшат! Одамларни шунчаки синдиришган, биров бировдан ўчини олган. Уфимцевдек истеъдодли одам, Ўзбекистон Рассомлар союзи раиси уруш йилларида паёк тарқатар экан, “шаклбоз” бўлгани учун Волковга бермаганини билганимда қалбим ларзага келган эди.

– Яъни Савицкий, яқин танишлигингизга қарамай, сизларга “ортиқча” ҳеч нима демаганми? Унинг оиласи бошига тушган кўргиликлар ҳақида билмаганмисиз? Бобоси отиб ташланганию амакиси қатағон қилинганини?

Игор Савицкий
Игор Савицкий

– Савицкий бу мавзуларда жуда босиқ эди. Умрини бағишлаган ишига зарар етишидан чўчиган бўлса керак. Бир мактубида ёзган: “...Музей ишида панд еб, умримни қамоқда якунлайман, деган ўй сира хаёлимдан кетмай қолди. Лоақал уни қуриб битириб, камолга етказиб улгурсайдим. Музейимиз, санъатимиз довруғи дунёга таралашини шундай истайманки!.. Ундан кейин қамасалар ҳам майлига...”

Амакисини умуман ҳеч қачон тилга олмасди. Бобоси ҳақида эса фақат маҳрам кишиларига, шунда ҳам шивирлаб сўзлаб берарди. Лекин бувиси Францияда яшашини сир тутарди. Унинг оиласи ўзига тўқ бўлган, ҳозирги ўлчов бўйича, ўрта табақа. Оиланинг ўз ер-мулки, бадиий коллекцияси бўлган. Бувиси унга баъзан хат ёзиб турган, рассомчилик ашёларини жўнатган.

– Шундай бўлса ҳам, Савицкий бу ишларга отангизнинг ва маҳаллий ҳукуматнинг ҳомийлиги туфайли эришган, деб ўйлайман. Америкаликлар суратга олган “Тақиқланган санъат биёбони” ҳужжатли филмида Қорақалпоғистон обкомининг 1-котиби Қаллибек Камолов бир куни бош бухгалтер “Савицкий яна пул сўраяпти, бу пулларнинг ҳисобини қандай бераман? Ўзбекистон молия министри бошимни олади-ку”, дея шикоят қилгани ҳақида гапирган. Камолов унга: “Азизим, Савицкийга пул бермасанг, бошингни ўзим узиб оламан. Танла”, деб жавоб берган экан. Жуда қизиқ жавоб, гарчи бир оз “мафияча” услубда бўлса ҳам.

– Дарҳақиқат, уни кўпчилик қўллаб-қувватлаган. Қорақалпоғистонда барча жуда аҳил эди, Савицкийнинг ҳомийлари қўли узун кишилар бўлган, – дея ҳикоясини тугатади Мариника Бобоназарова.

Игор Савицкий формалин билан заҳарланиш оқибатида касалланиб, 1984 йилда вафот этади. Уни Нукусдаги рус қабристонига дафн қилишади. Қабртошига: “Гўзаллик халоскори бўлмиш даҳога – миннатдор авлодлардан”, деган сўзлар битилган.

Ўша йили унинг валинеъмати Қаллибек Камолов ҳам лавозим ва мукофотлардан айрилади, қайта қуриш бошланганидан кейин эса “пахта иши” бўйича жавобгарликка тортилади.

Орадан 20 йил ўтиб у Америка киночиларига интервью бераркан, ғурур билан шундай дейди: “Савицкий музейни давлатнинг пулига, лекин ўз истак ва ҳислари билан яратди...”

ХХ аср охирида Франсуа Миттеран Нукусдаги музейни “дунёнинг энг аъло музейларидан бири” деб атаган эди.

2002 йилда Ўзбекистон президенти Каримов Савицкийни “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлади.

Нурсиз воқелигимиз ва хаёлий олам чегараси

2012 йил. Миландаги реклама агентлиги копирайтери Жулио Равацци таътилини Ўзбекистонда ўтказар экан, бошлиғининг дам-бадам “шошилинч иш билан” қўнғироқ қилишидан безор бўлади. Шунда у Нукусга боришга қарор қилади. Чунки у ерда уяли алоқа деярли йўқ эди. Биёбондаги бу шаҳар кундалик ташвишлардан қочиш учун қулай жойдек туюлади унга.

Меҳмонхонада у шаҳарда томоша қилишга арзигулик бирор-нима борми, деб сўрайди. Италян қўноққа музейга боришни тавсия қиладилар. “Ол-а”, кулади ичида Жулио, кимсасиз заллардаги чанг босган гиламлару эски хумчаларни кўз олдига келтириб. Лекин боришга қарор қилади (барибир ғирт бекорчи эди). Жулио фақат заллар масаласида янглишмаган эди: ўша куни у музейга борган ягона зиёратчи бўлди.

– Эсимда, бино ичи қоп-қоронғи эди, кейин бир хотин бирйўла барча хоналар чироқларини ёққанида беихтиёр бақириб юбордим: “Нима?! Гадойтопмас маконингизда шунақа суратлар борми? Қаёқдан келиб қолган булар?!”

Жулио Равацци
Жулио Равацци

Жулионинг музей директори Мариника Бобоназарова билан танишуви шундан бошланади. Директор унга устози ва салафи Игор Савицкий ҳақида сўзлаб бергач, Жулио роман ёзишга аҳд қилади. Мана 12 йилдирки, у турли мамлакатлар архивларини титкилаб, Савицкий ва оиласига доир материаллар йиғишда ва китоб ёзишда давом этмоқда.

– Бу том маънодаги реалистик проза бўлмайди, чунки қаҳрамонимнинг таржимаи ҳолида кўп нарсалар сир қолаётир. Игор Витальевич Қорақалпоғистоннинг ўзи каби жумбоқ. Бу мамлакат, бир тарафдан, реал ўлка, харитада бор. Бу ерга билет олиш мумкин. Бошқа тарафдан, бу биз кўниккан воқелик билан Савицкийнинг хаёлий олами ўртасидаги чегарага ўхшайди.

Бу ерда дунёнинг энг нафис суратлар музейи эпидемия тарқатаётган ҳақиқий ўлим ороли билан ёнма-ён жойлашган (гап Орол денгизидаги Возрождение ороли ҳақида бормоқда: у ерда совет даврида ярим аср давомида “Аралск-7” номли ёпиқ шаҳар ҳамда биологик қуроллар синов майдони бўлган – таҳр.).

Шахсан мен учун бу ер реаллик билан фантастик дунё ўртасидаги чегара бўлди. Сеҳрли ўлка, мўъжизалар рўй берадиган хаёлий маскан. Инжилда пайғамбарлар саҳрода сарсон қилиб, синалган. Савицкий ҳам пайғамбар мисол қорақалпоқ чўлига келиб, маҳаллий маданиятни тирилтирибди, музей бунёд этиб, уни томига қадар авангард дурдоналарига тўлдирибди.

– Муҳаббат қиссаси бўлмаса, роман ўхшамайди-ку? Ёки сиз унинг ҳаётидаги бирон севги ҳикоясини топдингизми?

– Менинг романимда аёл бор, муҳаббат бор, лекин у фактларга асосланган муҳаббат эмас. Уни қаҳрамоним авангард санъатни нега бу қадар эҳтирос билан севганини тушунтириш учун ўзим тўқиганман. Чунки авангардга муҳаббат қўйиш осон эмас.

– Сиз турли мамлакатлар архивларидан Савицкийлар оиласи ҳақида маълумот тўплагансиз. Эстония ва Украина архивларига мурожаат қилганингиздан хабарим бор. Изланишларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Савицкийнинг қариндошлари ҳаёти ҳақида билганларим менга унинг ўзини англашимда ёрдам берди. Масалан, бобоси Киевда жуда машҳур профессор бўлган, улкан кутубхонаси бўлган унинг. Талабаларига уйига келиб, истаган китобларини ўқишга рухсат берган экан. Текинга, албатта. Савицкий сўл зиёлилару бўлғуси инқилобчилардан иборат мана ёшларга тўла мана шу уйда вояга етган. Бу унга таъсир қилмаслиги мумкин эмасди. Эстония архивларида мен Савицкийнинг акаси резюмесини кўрдим: у иш берувчи учун тайёрланган таржимаи ҳол билан бирга экан. Бу ҳужжатлардан мен Савицкийнинг ота-онаси қачон вафот этганини билдим, унинг ўзи ҳеч кимга сўйламаган сирли воқеаларни бир оз тушунишга муваффақ бўлдим. Гап шундаки, унинг отаси 1942 йилда ўз жонига қасд қилган экан. Бу Москвада бўлган. У газ билан ўзини заҳарлаб, ўлган.

– Нега бундай қилган?

– Инқилобдан ҳафсаласи пир бўлган, умиди қолмаган. Тўнғич Савицкий 1917 йилга қадар бадавлат дворян бўлиб, ўзининг хусусий “Роллс-Ройс” автомобили бор эди... Айни чоғда, зиёли ва илғор инсон бўлгани учун Россия империясида ҳукмрон бўлган адолатсизликдан қайғурарди. У кўплаб маърифатли руслар каби, инқилоб халққа тенглик олиб келишига умид қилган. Бироқ, инқилоб бўлиб ўтгач, тезда аён бўладики, Россияда моҳиятан ҳеч вақо ўзгармаган, шунчаки янги имтиёзли табақа – “коммунистик аристократия” пайдо бўлган, холос...

Шу боис ҳам романимда у идеаллари хор бўлганидан қаттиқ эзилади. Виталий Савицкий Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзини ўлдиради. У Қизил армия тор-мор бўлиб, Сталин ҳокимияти барҳам топишини умид қилганди. Советларнинг қўли баланд келаётганини кўргач, ўз ихтиёри билан ўлишдан бошқа чораси қолмайди унинг. Ушбу воқеадан сўнг ўғли ақл бовар қилмас лойиҳани деб Москвани тарк этиши сира бежиз эмас, – дея сўзини якунлайди Жулиано Равацци.

XS
SM
MD
LG