18 декабрь куни Сенатнинг ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритилиши ҳақида пайдо бўлган хабарларни рад этган. Норбоеванинг айтишича, Конституцияга ўзгартиришлар масаласи кун тартибида йўқ.
"Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала киритилмаган.Бу масала халқимиз билан албатта маслаҳат қилган ҳолда киритилади. Конституция бу жуда ҳам жиддий, бизнинг асосий қомусимиз. Бу иш халқ билан бемаслаҳат қилинмайди. Шунинг учун мен сизларни тинчлантирмоқчиман.", - дея Сенат раисининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz нашри.
11 декабрь куни Сенатнинг расмий веб саҳифасида ялпи мажлис кун тартибига доир хабар эълон қилинган ва унда жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилиниши билдирилганди. Сенат раиси ушбу қонун ялпи мажлис кун тартибидан нима учун тушиб қолганига изоҳ бермади.
Айни пайда Танзила Норбоева мамлакат Конституциясига "сирли" ўзгартиришлар киритиш режаланаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
"Мен нафақат қонунларни айтмоқчиман, балки қонуности ҳужжатлари ҳам. Ҳаттоки, президентимиз қабул қилаётган ҳар бир фармонлари, қарорларини ҳам имзо чекишдан олдин халқ билан маслаҳатлашиб, айниқса, ҳудудлар билан маслаҳатлашиб, депутатларимиз, жамоатчилик, экспертлар фикрини олгандан кейингина, ҳаттоки маҳалла раислари ёки селектор мажлисларида жамоатчилик вакилларининг фикр-мулоҳазаларини сўрагандан кейингина имзо чекяптилар. Буни ҳаммангиз кўриб турибсиз", - деб айтган Сенат раиси.
Аввалроқ президент Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясиига киритилган ўзгартиришларни ҳимоя қилиб чиққан эди. 7 декабрь куни "Ўзбекистон халқига табриги"да президент мамлакат асосий қонунига ҳозирга қадар 7 марта ўзгартиришлар киритилганини айтди ва уларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан тушунтирди. Президентнинг сўзлари конституцияга янги ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларга сабаб бўлди. Таҳлилчилар Каримов даврида мамлакат Конституцияси якка шахснинг ҳокимиятга умрбод қолишини таъминлаш мақсадида ўзгартириб келинганини айтишади.
Мамлакатнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятини амалга оширадиган Сенатнинг ялпи мажлиси қонун назорати учун масъул Бош прокуратура тизимидаги можаро манзарасида ўтмоқда. Олий Мажлиснинг Сенат ва Қонунчилик палатаси ҳозирга қадар Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ҳамда ва Бош прокурор ҳамда ўтмишда Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев орасидаги коррупция можаросига муносабат билдирмади. Президент Халқ қабулхонаси махсус идоралараро комиссия Бухоро шаҳар прокурорининг иддаоларини текширишини маълум қилди.