Линклар

Шошилинч хабар
19 феврал 2025, Тошкент вақти: 21:02

Халқаро хабарлар

Сербия бош вазири норозилик манзарасида истеъфога чиқди

Милош Вучевич
Милош Вучевич

Сербия бош вазири Милош Вучевич талабалар норозилиги манзарасида истеъфога кетди. Бу ҳақда у 28 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

Бугун эрталаб мен президент билан узоқ суҳбатлашдим, у менинг қароримни, келтирган далилларимни қабул қилди”, дея маълум қилган Вучевич.

Сербияда икки ойдан буён давом этаётган оммавий норозиликларни у “хориждан лойиҳалаштирилган” акциялар деб атаган.

Худдики қандайдир кўринмас қўл янги можарони яратиб, жамиятда тарангликни ҳосил қилди”, деган Вучевич.

Сербияда кўп минг кишилик норозиликлар Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзалида бетон айвон қулаши ортидан бошланган. Ўшанда 15 киши қурбон бўлганди.

Мухолифат фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари дастаклаётган талабалар вокзалнинг сифатсиз таъмирланишига коррупция олиб келган деб ҳисоблаб, содир бўлган фожиада расмийларни айбламоқда. Даставвал норозилар содир бўлган воқеанинг шаффофлик билан тергов қилинишини талаб қилишган, бироқ расмийлар уларга қулоқ солмаганларидан кейин сиёсий талабларни олға сура бошлашган. Улар орасида парламентга муддатидан илгари сайловларни ҳозирлайдиган ўтиш даври ҳукуматини тузиш каби талаб ҳам бор.

27 январь куни Сербия президенти Александр Вучич Милош Вучевич ҳамда парламент спикери Аной Брнабич билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида намойишчилар билан мулоқотга чақирган. У норозилик чиқишларида ҳибсга олинганларни афв этишга тайёрлигини билдирган ҳамда талабалар ва профессорларга ҳужум қилганларга қарши жиноят ишлари очилганини маълум қилган. Вучич вокзал реконструкцияси бўйича ҳужжатлар очиқланганини ҳам қайд этган. Аввалроқ у норозиларни мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида “хориждаги кучлар” билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаган эди.

Кун янгиликлари

ЕИ Украинага 6 миллиард евролик ҳарбий ёрдам пакетини ҳозирлаяпти

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Европа Иттифоқи мамлакатлари Украина учун камида 6 миллиард евролик ҳарбий ёрдам пакетини ҳозирлашмоқда. Politico нашрининг ёзишича, янги ёрдам пакети АҚШ воситачилигида Россия билан музокаралар бошланиши олдидан Киевнинг стратегик позициясини мустаҳкамлаши лозим.

Пакет кенг кўламдаги ҳарбий маҳсулотлар номенклатурасини – бир ярим миллионта артиллерия снарядидан ҳаводан мудофаа тизимларигача – ўз ичига олиши керак. Бу Россиянинг Украинага қарши 2022 йил февралида бошланган кенг кўламли босқини бошидан буён Европа Иттифоқининг Украинага энг йирик ёрдам пакетларидан бири бўлади. Мақолада урғуланишича, пакет Европа комиссиясининг юқори лавозимли вакиллари Киевга борадиган 24 февралгача тақдим этилиши мумкин.

Politico нашининг дипломатик доиралардаги икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда қайд этишича, 6 миллиард евро бошланғич маблағ бўлиб, у мамлакатлар ўз захираларини ҳар томонлама ревизия қилганидан кейин “10 миллиард евро ва ундан кўпроқ”қача ҳам кўтарилиши мумкин.

Ҳарбий ёрдамнинг йирик пакети 17 февраль куни Парижда бўлиб ўтган лидерларнинг ошиғич учрашуви чоғида конкрет қарорлар қабул қилишга муваффақ бўлинмаганидан кейин ЕИнинг Украинани дастаклаш қарорида қатъий эканини яққол кўрсатувчи ҳаракатлардан бири бўлган бўларди. ЕИ АҚШ ва Россия ўртасида урушни тўхтатиш бўйича музокаралардан четда қолган, бу эса ЕИ мамлакатлари пойтахтларида ҳам, Киевда ҳам саросимага сабаб бўлган, дея қайд этилган Politico нашри мақоласида.

Ҳарбий дастакнинг оширилиши Украинага ўз қуролли кучлари сафини тўлдириш, Киев тинчлик музокараларига тайёрланар экан, фронт чизиғида Россия ҳужумларини қайтариш ва ўз шаҳарларини ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Шунингдек, бу ЕИнинг ўз делегацияси бундан буёнги музокараларга қўшилиши зарурлигига оид далилларини кучайтириши мумкин.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 18 февраль куни Ар-Риёзда икки томонлама музокаралар ўтказишган.

Украинага ёрдам битими ЕИ мамлакатларининг барчаси томонидан маъқулланадими ёки уни фақат битимни қабул қилишни истайдиган мамлакатлар коалициясигина дастаклайдими − ҳозирча маълум эмас. Дипломатлардан бирига кўра, Венгриянинг қаршилигини ҳисобга олган ҳолда мазкур битим ЕИ мамлакатларнинг барчаси томонидан бир овоздан маъқулланиши эҳтимоли кам.

Трамп ва Маск Fox News телеканалига биргаликда интервью беришди

Дональд Трамп ва Илон Маск (архив сурати)
Дональд Трамп ва Илон Маск (архив сурати)

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари, тадбиркор Илон Маск 18 февраль куни Fox News телеканалига биргаликда интервью беришган.

Прайм тайм вақтида эфирга узатилган қарийб бир соатли интервьюнинг катта қисми Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) фаолиятига бағишланган бўлиб, мазкур департаментнинг мақсади, Илон Маскка кўра, “бюрократияни заифлатиш ва демократияни тиклаш”дан иборат.

Fox News телеканали бошловчиси Шон Ханнити интервьюни АҚШ ва жаҳонда энг муваффақиятли тадбиркор сифатида танилган Илон Маскни президент Трампнинг яқин маслаҳатчиси, давлат аппаратини қисқартириш ва оптималлаштириш бўйича тавсиялар ҳозирловчи департамент раҳбари ўлароқ таништиришдан бошлаган.

Илон Маск ўз ролини “президентга технологик дастак кўрсатувчи” ёрдамчи ўлароқ белгилаган. Маск етакчилигидаги департамент, унинг сўзларига кўра, “президент фармонлари бажарилишини таъминлаш”га уринмоқда.

Президент Трампнинг ўзи Илон Маск тимсолида ёрдамчи ўлароқ “ўта ақлли инсон”га эга бўлгани, унинг гуруҳи давлат аппаратининг ўзини оқламаган харажатларини қисқартиришни белгилаш каби ўзи томонидан қўйилган вазифани амалга оширишга қодирлигини айтган. Дональд Трампнинг ишонишича, DOGE юзлаб миллиард долларлик молиявий суиистеъмолларни излаб топади. Ҳукумат самарадорлиги департаменти фаолияти натижасида эришилиши мумкин бўлган иқтисоднинг умумий суммасини президент Трамп триллион долларга баҳолаган.

Интервью чоғида Дональд Трамп ва Илон Макс етакчи федерал бошқармаларнинг иш ҳужжатларини ўрганиш бўйича DOGE ташкилотига катта ҳуқуқлар берган президент Трампни ўз ваколатлари ташқарисига чиқаётганликда орқаваротдан айблаётган танқидчиларга жавоб беришган.

Биз Дональд Трампни президент этиб сайлаган одамларнинг бюрократияни қисқартириш истагини бажаришга уриняпмиз”, деган Илон Маск интервью чоғида.

Зеленский Саудия Арабистонига сафарини 10 мартга қолдирди

Владимир Зеленский
Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ 19 февралга режаланган Саудия Арабистонига ташрифини кечиктиришга қарор қилган. Зеленскийга кўра, эндиликда унинг бу мамлакатга сафари 10 мартга қолдирилган. Ташриф Зеленскийнинг жорий ҳафтада шарқ мамлакатларига сафари доирасида амалга оширилиши керак эди. Бу сафар доирасида у аввал Бирлашган Араб Амирлиги, кейин эса Туркияда бўлган.

Зеленский сафар жадвалига ўзгартиш киритилгани ҳақида АҚШ ва Россия делегациялари ўртасида Украина масаласи бўйича Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтган музокаралар кунида эълон қилган. Украинада уруш бошланганидан буён илк маротаба учрашаётган АҚШ ва Россия томонлари Ар-Риёзда, жумладан Украинадаги уруш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган. Делегацияларга Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари етакчилик қилишган. Украина ва бошқа мамлакатлар вакиллари мазкур учрашувга таклиф қилинган эмас.

Зеленскийнинг 18 февраль куни билдиришича, Россия ва АҚШ делегацияларининг Саудия Арабистондаги учрашувига Украинанинг чақирилмагани Киев учун “сюрприз” бўлган. Украина лидерига кўра, “ҳеч қанақа мос келиш” бўлмаслиги учун у чоршанбага режаланган Ар-Риёзга сафарини бошқа кунга кўчирган ва эндиликда АҚШ делегациясини Киевда кутмоқда.

Reuters агентлиги 18 февраль оқшомида АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогнинг Киевга йўл олишини хабар қилган. Бунда агентлик Келлогнинг кун тартиби билан таниш бўлган манбадан олинган маълумотга таянган.

Зеленский уруш якунига оид музокараларни Украинасиз юритиш мумкин эмаслигини такрорлаган. Украина президентига кўра, адолатли тинчлик таъминланиши учун АҚШ иштирокидаги Киевга хавфсизлик кафолати беришга оид музокараларда Украина билан Европа ҳам иштирок этишлари лозим.

Трамп Украинанинг музокаралардан гўё четлатилганига оид хавотирларни рад этди

АҚШ президенти Дональд Трамп
АҚШ президенти Дональд Трамп

Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп АҚШ ва Россия делегациялари ўртасида 18 февраль куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган музокаралардан Украинанинг гўё четлатилгани билан боғлиқ хавотирларни рад этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

АҚШ президенти сешанба куни Мар-а-Лагодаги (Флорида) шахсий қароргоҳида журналистлар олдида чиқиш қилди.

Трамп, агар европаликлар ўз тинчликпарвар қўшинларини Украинага йўллаш ҳақида қарор қабул қилишса, бунга эътироз қилмаслигини билдирди.

Аввалроқ Европа мамлакатлари лидерлари хавфсизлик кафолатларини таъмилаш учун Украинага тинчликпарвар кучларни йўллашга оид масалани муҳокама қилишганди.

Бу Трампнинг АҚШ делегацияси Украина масаласи бўйича Россия билан мулоқот ўрнатганидан буён қилган илк чиқишидир. Икки мамлакат делегациялари учрашуви 18 февраль куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтган.

Трамп Украина кўп йиллар аввал Россия билан келишувга эришиши мумкин бўлганини айтиб, Киевнинг музокараларда ўрин берилмаслиги бўйича хавотирларни рад этди. “Украиналиклар музокараларни анча аввал бошлашлари лозим эди”, дея билдирди Трамп.

АҚШ президенти Украина масаласи бўйича собиқ президенти Жо Байденни танқид қилди. Reuters агентлиги Байден Украинани россиялик ишғолчилар ҳужумини қайтаришга ёрдам берган қурол-аслаҳа билан таъминлаш устида ишлаганига эътибор қаратган.

Торонто аэропортига қўнаётган учоқ ағдарилиб кетди

Торонто аэропортида ағдарилиб кетган учоқ, 2025 йил 17 феврали
Торонто аэропортида ағдарилиб кетган учоқ, 2025 йил 17 феврали

Delta Airlines авиаширкатига қарашли Bombardier CRJ900LR учоғи Торонто халқаро аэропортига қўниш чоғида ағдарилиб кетган.

Reuters агентлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида 18 киши турли даражада тан жароҳати олган, қурбонлар йўқ.

Воқеа жойида олинган фото ва видеолардан учоқ аэропорт йўлагида ағдарилиб ётганини кўриш мумкин. Ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ағдарилган учоқ, маълум бўлишича, АҚШнинг Миннесота штати Миннеаполис шаҳридан учиб келган.

Delta Airlines авиаширкати учоқ бортида 80 киши бўлгани, улардан тўрт нафари экипаж аъзолари эканини тасдиқлаган.

Бу орада Торонто аэропорти маъмурияти авариядан сўнг бир муддатга тўхтатилган учоқлар ҳаракати қайтадан йўлга қўйилгани, рейслар жадвалга мувофиқ равишда амалга оширилганини маълум қилган.

Трамп инаугурациясидан буён АҚШда 14 минг ноқонуний мигрант қўлга олинди

АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ходимлари томонидан қўлга олинган мигрант, 2025 йил 26 январи
АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ходимлари томонидан қўлга олинган мигрант, 2025 йил 26 январи

Дональд Трамп президент ўлароқ қасамёдга келтирилган 2025 йил 20 январидан буён АҚШда 14 минг мигрант ҳибсга олинган. Бу ҳақда CNN телеканалининг “Мамлакатдаги вазият” дастурида Трамп томонидан “чегара подшоҳи” этиб тайинланган Том Хоман билдирган.

“Биз бу борада бундан ҳам кўпроқ иш қилишимиз”, дея иқтибос келтирган “Америка овози”нинг рус хизмати Хоман сўзларидан.

Мулозим дастур давомида АҚШда иммиграция агентлари томонидан ҳибсга олинган ва ватанига депортация қилинган ноқонуний мигрантлар сони ўта камлигидан норозилик изҳор қилган.

Айни пайтда Хоман депортациялар сони Жо Байден маъмурияти давридагидан “анчагина юқори” эканини урғуларкан, “Биз иш суръатини оширишимиз зарур. Бу оғир меҳнат”, дея қўшимча қилган.

The Washington Post нашрининг ёзишича, январь ойи охирида Трамп АҚШда ноқонуний юрган муҳожирларни тутиш бўйича амалиёт суръати пастлигидан норозилик билдирган. Ўша пайтда иммиграция полициясининг маҳаллий офисига суткасига камида 75 та ҳибсни амалга ошириш вазифаси қўйилган, шундай қилинган тақдирда мамлакат бўйича ҳибслар сонини умумий ҳисобда кунига 1500 тагача етказиш мумкин эди. Нормани бажармаган хизмат ходимларига жарима солиниши мумкин.

Қўлга олинган мигрантларнинг кўпи ўз мамлакатларига қайтарилган ёки АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо ҳарбий-денгиз базасида жойлашган қамоқхонага йўлланган, бироқ мигрантларнинг айримларига судни кутиш учун мамлакатда қолишга рухсат берилган.

АҚШ расмийларига кўра, мамлакатда 11 миллионга яқин ноқонуний мигрант истиқомат қилади. Трамп ўтган йилги сайловолди кампаниясида “миллионлаб” мигрантни топиб, депортация қилишга ваъда берган эди. Мулозимлар биринчи навбатда АҚШда жиноят содир этгани учун судланган мигрантлар ҳибсга олинаётганини қайд этишмоқда, бироқ умуман олганда зарур иммиграцион ҳужжатларга эга бўлмасдан яшаётганларнинг барчаси ҳибсга олиниб, юртига бадарға қилиниши мумкин.

Трамп маъмурияти миграция масалалари билан шуғулланувчи АҚШ Иммиграция ва божхона хизматини (ICE) кучайтириш учун бир неча федерал агентликдан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жалб қилган.

Янги маъмуриятнинг илк кунларида кунига юзлаб мигрант ҳибсга олинган ва бу жараён, аввалгидек кўламда бўлмаса-да, ҳалигача давом этмоқда. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги январь ойи охирида кунига 800 га яқин ҳибс қайд этилганини, 26 январь куни эса қўлга олишлар сони 1179 тага етганини маълум қилган. Бироқ февраль ойининг биринчи ярмида бу кўрсаткич кунига 600 дан камроққа тушган.

Европа лидерлари Парижда Украинага ёрдам масаласини муҳокама қилишди

Макрон ва Стармер Париждаги учрашув олдидан, 2025 йил 17 феврали
Макрон ва Стармер Париждаги учрашув олдидан, 2025 йил 17 феврали

Европа Иттифоқидаги қатор мамлакатлар ва институтлар лидерлари ҳамда НАТО бош котиби 17 февраль куни Россиянинг Украинага қарши урушига якун ясаши мумкин бўлган тинчлик музокараларида Европа мамлакатларининг муҳтамал иштироки масаласини муҳокама қилишган. Аввалроқ АҚШ ЕИ мамлакатларидан уларнинг ҳар бири бунга айнан қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳақида маълумот беришни сўраган эди.

Париждаги учрашув Дональд Трамп маъмуриятининг сўнгги баёнотлари ва хатти-ҳаракатлари манзарасида Франция президенти Эммануэль Макрон томонидан чақирилган. Оқ уйнинг мазкур баёнотлари ЕИдаги қатор мамлакатларда АҚШнинг янги маъмурияти Европа манфаатлари билан ҳисоблашадими ёки Вашингтон Москва билан Украина ва ЕИ учун манфаатли бўлмаган келишувга эришадими, деган хавотирларга сабаб бўлган.

Учрашувда Франция, Германия, Италия, Испания, Буюк Британия, Польша, Дания ва Нидерландия лидерлари ҳамда Европа Комиссияси, Европа кенгаши раҳбарлари ва НАТО бош котиби Марк Рютте иштирок этишган. Учрашув бошланишидан аввал Эммануэль Макрон АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали сўзлашган, мазкур суҳбат тафсилотлари очиқланмаган.

Париждаги учрашув бир неча соат давом этган. У ерда бирор-бир қарор олингани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Дания бош вазири Метте Фредериксен журналистларга учрашув норасмий фикр алмашуви бўлгани, у ерда лидерлар бирор масала бўйича келишувга эришиши кўзда тутилмаганини айтган.

Лидерларнинг ҳаммаси Украинага Россия агрессиясига қарши туришда дастак беришда давом этиш зарурлигини айтишган. Германия канцлери Олаф Шольц журналистлар билан суҳбатда АҚШ ва ЕИ ҳамда НАТОга аъзо барча мамлакатлар Украина учун хавфсизлик ва кафолатлар масаласида биргаликда ҳаракатланишлари лозимлигини билдирган. Айни пайтда у Украинада бирор-бир тинчликпарварлик миссияси ва унда Германиянинг иштирок этиши ҳақида гапиришга ҳозирча эрта эканини қайд этган. Аввалроқ Париждаги учрашувда Украинадаги тинчликпарварлик миссияси масаласи ҳам муҳокама қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди. Шольц сўзларидан Париждаги саммитда бундай миссия ҳақида ҳеч қанақа қарор қабул қилинмагани келиб чиқади. Канцлер ҳозирча Украинадаги урушнинг охири кўринмаётгани учун тинчликпарварлик миссиясига оид гап-сўзлар уни асабийлаштираётганини, у ёққа тинчликпарвар кучларни йўллаш имконияти ҳақида ҳали гап ҳам йўқлигини билдирган.

Шольц учрашувнинг барча аъзолари ўзаро ҳамфикр бўлган бир неча бандга эътибор қаратган. Бу Украина учун ЕИга кириш йўлини давом эттиришга, ўз суверенитети ва демократияни ҳимоя қилишга, кучли армияга эга бўлишга имконият берилишидир. Шольцга кўра, бу тамойиллар музокара предмети бўлмаслиги керак. Айни пайтда Шольц Украина чегараларининг бузилмаслиги ҳақида оғиз очган эмас.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен учрашув иштирокчилари фотосуратини ёйинлаб, улар “Украина куч орқали тинчликка эришишга, мустаҳкам хавфсизлик кафолатлари билан унинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилувчи тинчликка лойиқлиги тасдиқлашди”, деб ёзди. Мулозима Европада мудофаани мустаҳкамлаш зарурлигини ҳам урғулаган.

АҚШ ва ЕИ бир бўлиши лозимлиги ҳақида учрашувдан сўнг Польша бош вазири Дональд Туск ҳам гапирган. Унга кўра, муҳокама қилинган мавзулар орасида ЕИ мамлакатларида мудофаа харажатларини ошириш ва шу билан боғлиқ равишда бюджет қоидаларига ўзгартиш киритиш масалалари ҳам бўлган. Туск ҳам Украина тақдирига оид қарорлар Украина иштирокисиз қабул қилинмаслиги лозим, деган тамойилга содиқ эканини тасдиқлаган.

Британия бош вазири Кир Стармер ва Дания бош вазири Фредериксен ҳам мудофаа харажатлари оширилишига оид фикрни маъқуллашган. Стармер, тинчлик келишувига эришилган тақдирда, Британия Украинага ўз ҳарбийларини йўллаши мумкинлигини тасдиқлаган. Бироқ, унга кўра, фақат Қўшма Штатлар кафолатигина келажакда Россиянинг Украинага янгитдан ҳужум қилишининг олдини олиши мумкин. Ўз навбатида, Дания бош вазири Россия Европанинг бошқа мамлакатлари учун ҳам хавф туғдириши мумкинлигини қайд этган.

18 февраль куни Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади, бу музокараларни иккала томон ҳам Украинадаги муҳтамал тинчлик музокаралари учун илк қадам эканини айтишган. Музокараларга Украина ҳам, ЕИ ҳам таклиф қилинган эмас. АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлог 17 февраль куни Украина қандай шартлар асосида тинчлик битимини тузиши ҳақида, шубҳасиз, мустақил равишда қарор қабул қилиши, бу ишни Украина учун АҚШ қилмаслигини билдирган.

Деҳли вокзалидаги тиқилинчда камида 18 киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Деҳлидаги темир йўл вокзалида ўтган ҳафта охирида содир бўлган тиқилинчда тўрт нафар бола дохил камида 18 киши ўлган, кўплаб одам тан жароҳати олган.

Вокзалдаги кўп минг кишилик оломон поездлар кечикиши туфайли пайдо бўлган.

Ҳиндистоннинг Праяграж шаҳрида “Маха Кумбха Мела” деб аталган диний байрам бўлиб ўтмоқда. Миллионлаб одам иштирок этадиган бу байрам 144 марта ўтказиляпти. Бир неча кун давом этадиган байрамга бу йил юз миллионга яқин одам келиши кутилмоқда. Январь ойи охиридаги анжуманда ҳам оломон ичида тиқилинч юзага келган, ўша пайтда камида 12 нафар зиёратчи ҳаётдан кўз юмганди.

Би-Би-Си хабарига кўра, Деҳли вокзалида жабрланганларнинг кўпчилиги Праяграждаги фестивалга кетаётган ёки аксинча, у ердан қайтаётган бўлган.

Украина делегацияси Саудия Арабистонига етиб борди

Украина делегациясининг саудиялик расмийлар билан учрашувидан лавҳа, 2025 йил 16 феврали (Юлия Свириденко фотоси)
Украина делегациясининг саудиялик расмийлар билан учрашувидан лавҳа, 2025 йил 16 феврали (Юлия Свириденко фотоси)

Украина ҳукумати делегацияси хизмат сафари билан Саудия Арабистонига етиб борган. Бу ҳақда Украина иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко маълум қилди.

Мулозимага кўра, Украина вакиллари маҳаллий тадбиркорлар билан учрашиб, уларга энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни кўрсатишган. Свириденко яқин кунларда президент Владимир Зеленскийнинг Саудия Арабистонга сафарини ҳозирлаш учун ўнлаб учрашувлар бўлиб ўтади.

“Минтақа мамлакатлари билан муҳим иқтисодий шартномаларни имзога ҳозирлаяпмиз”, деб ёзган Свириденко Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифаси орқали.

Ғарб нашрлари Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг бўлажак учрашуви муҳокамаси учун кейинги ҳафтада Саудия Арабистонига АҚШ ва Россия вакиллари етиб боришлари ҳақида хабар қилишмоқда. Тахминларга кўра, ҳозирлик музокараларига украиналик вакиллари ҳам қўшилишлари мумкин. Режага мувофиқ, Трамп билан Путин учрашуви февраль ойи охирида бўлиб ўтиши керак.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Украина томони Россия вакиллари мулоқот қилмагани, урушни тугатиш режаси тузилмагунича, бундай мулоқотлар режаланмаётганини билдирган.

Украина ҳукуматидаги манба Би-би-сига Саудия Арабистонида ўтказилиши режаланган музокараларга Киев делегацияси таклиф этилмагани ва у ёққа ўз вакиллари йўлламаслигини маълум қилган.

Ўз навбатида, Оқ уйнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф 16 февраль куни Россия билан Украина ўртасидаги уруш якунига бағишланган музокаралар учун миллий хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчиси Майк Уолц билан биргаликда Саудия Арабистонига кетаётганини билдирган.

Уиткоффга кўра, Украина музокаралардан Россия томонидан четлатилган эмас. Оқ уй махсус вакили украиналик расмийлар АҚШ делегацияси билан Мюнхендаги хавфсизлик бўйича конференция чоғида учрашишганини ҳам эслатиб ўтган.

Бўлажак музокаралар Трамп ва Путин учрашуви олдидан Россия ва АҚШ расмийлар ўртасида сўнгги йилларда юқори даражадаги илк юзма-юз учрашув бўлиши кутилмоқда.

12 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилган, шундан сўнг у Россия-Украина урушини тугатиш тўғрисидаги музокаралар бошланиши бўйича келишувга эришилганини эълон қилган. Владимир Зеленский Украина бўйича ҳар қандай музокарани Киев иштирокисиз ўтказиш имконсизлигини аввал бир неча бор урғулаган эди.

Австрияда суриялик муҳожир одамларга пичоқ билан ҳужум қилди

Австрия ИИВ раҳбари Герхард Карнер Филлахда ўтказилган матбуот анжуманида, 2025 йил 16 феврали
Австрия ИИВ раҳбари Герхард Карнер Филлахда ўтказилган матбуот анжуманида, 2025 йил 16 феврали

Австрия жанубидаги Филлах шаҳрида ўтган шанба куни кўчада одамларга пичоқ билан ҳужум содир этилгани оқибатида 14 яшар ўсмир ҳалок бўлди. Reuters агентлигининг хабар қилишича, ҳужум чоғида 15 ёшдан 39 ёшгача бўлган яна беш киши яраланган, улардан уч нафари жонлантириш бўлимида ётибди, икки нафари эса енгил жароҳат олган.

Ҳужум қилган шахс ҳибсга олинган. Полиция унинг исмини ошкор қилаётгани йўқ, бироқ унинг Австриядан бошпана сўраган 23 ёшли суриялик эканини маълум қилган.

Австрия ички ишлар вазири Герхард Карнер ҳужумчи дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб топилган “Ислом давлати” гуруҳи тарафдори бўлганини билдирган. Карнер маълумотига кўра, ИД уни интернет орқали ўзи тарафига оғдириб олган. Авваллари у ҳеч қачон полиция эътиборини ўзига тортган эмас, деган ИИВ раҳбари.

Полиция ҳодисани радикал исломчи томонидан содир этилган террор хуружи ўлароқ баҳоламоқда. Австрия ўнгчи партиялари вакиллари миграция тартиб-қоидаларини кучайтиришни талаб қилишган.

“Австриядаги эркин сурияликлар ҳамжамияти” ҳаракати ижтимоий тармоқларда терактни қатъий қоралаб, баёнот тарқатди ва ҳалок бўлган ўсмирнинг яқинларига таъзия изҳор қилди.

Associated Press агентлиги қайдича, Австрияда радикал исломчилар томонидан терактлар камдан-кам содир этилади. Улардан энг шов-шувлиси 2020 йилда содир бўлган, ўшанда “Ислом давлати”га қўшилмоқчи бўлган киши кўчада тўрт кишини ўлдирган ва қўлга олиш чоғида полиция томонидан отиб ўлдирилган эди.

Bloomberg: Оқ уй Пасхагача Украинада оташкесимга эришмоқчи

Николаев шаҳридаги (Украина) ўққа тутилган уйлардан бири, 2025 йил 16 феврали
Николаев шаҳридаги (Украина) ўққа тутилган уйлардан бири, 2025 йил 16 феврали

Оқ уй европалик мулозимларни Украинада 2025 йил Пасхасигача (христианлар байрами) оташкесимга эришмоқчи экани ҳақида хабардор қилди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Бу йил мазкур байрамни католиклар ҳам, православлар ҳам 20 апрель куни нишонлайди.

Ғарбдаги айрим мулозимлар, ҳатто жорий ҳафтада Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия вакиллари ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтиши режаланганига қарамай, бундай режанинг амалга ошиши эҳтимоли кам, деб ҳисоблашади. Бу учрашувлар президентлар Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг муҳтамал музокараларга ҳозирлик кўришга қаратилган. Bloomberg манбаларидан бири сулҳ тузиш учун энг реал муддат 2025 йил охири бўлиши мумкинлигини қайд этган.

Бўлажак музокаралар манзарасида Европа мамлакатлари Украинага янги кенг кўламли ҳарбий ёрдам пакетини ишлаб чиқишмоқда. Bloomberg маълумотига кўра, режа тафсилотлари 2025 йил 23 февралигача очиқланади. Ўша кунгача Германияда навбатдан ташқари парламент сайлови бўлиб ўтади. Шу тариқа, сиёсатчилар овоз бериш олдидан баҳс-мунозараларга чап беришлари мумкин бўлади, демоқда агентлик суҳбатдошлари.

Январь ойи охирида Украинанинг “Страна.ua” нашри Дональд Трампнинг Россия-Украинани урушини тугатиш бўйича тахминий 100 кунлик режасини эълон қилганди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, сулҳ келишуви 20 апрель куни эълон қилиниши, 9 майга бориб эса тинчлик конференцияси декларацияси тайёрланиши кутилмоқда.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши вакиллари уруш тугаши ва музокаралар бошланишининг аниқ санаси ҳақида ОАВда пайдо бўлган маълумотлар ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини билдиришган.

Россия: Навальнийни хотирлаш тадбирларида камида 26 киши ушланди

Москванинг Борисов қабристонидаги Навальний қабри
Москванинг Борисов қабристонидаги Навальний қабри

Алексей Навальний хотирасига ўтказилган тадбирларда Россиянинг 12 та шаҳрида камида 26 киши қўлга олинган. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумот тарқатди.

Энг кўп одам Новосибирскда (10 киши) ушланган. Москва ва Уфада полициячилар уч кишини, Воронежда эса икки кишини қўлга олишган. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ушлангани ҳақида Белгород, Екатеринбург, Нижний Новгород, Пермь, Санкт-Петербург, Ухта, Ульяновск ва Челябинскдан хабарлар келиб тушган.

Ҳуқуқ фаоллари қайдича, қўлга олинганларнинг кўпчилиги тез орада баённома тузилмасдан қўйиб юборилган.

Бундан ташқари, формали ва формасиз полиция ходимлари хотира тадбирлари иштирокчиларини видеога олишиб, қатор шаҳарларда гуллар қўйилган ёдгорликларни бузиб ташлашган.“ОВД-Инфо” маълумотига кўра, айрим ҳудудларда ҳайкалларга олиб борувчи йўллар ёпиб қўйилган.

Мюнхенда хавфсизлик бўйича 61-конференция иш бошламоқда

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс (ч) Мюнхенда Украина президенти Владимир Зеленский (ў) билан учрашиши кутилмоқда.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс (ч) Мюнхенда Украина президенти Владимир Зеленский (ў) билан учрашиши кутилмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский ўз мамлакатидаги уруш якуни истиқболлари билан боғлиқ вазиятни Европа лидерлари билан 14 февраль куни Мюнхенда (Германия) очиладиган хавфсизлик бўйича конференцияда муҳокама қилмоқчи.

Аввалроқ 13 февраль куни Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Украина можарони ҳал қилиш бўйича музокараларда иштирок этиши, бироқ бу музокараларда Москванинг асосий “визави”си Вашингтон бўлиб қолишини билдирган эди

Конференциянинг илк кунида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашади. Уларнинг иккиси ҳам жума куни анжуманда нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси Германиянинг Мюнхен шаҳрида 1963 йил февралидан буён ўтказиб келинаётган йиллик халқаро анжуман бўлиб ҳисобланади. Унда дипломатлар, сиёсатчилар ва ҳарбийлар тинчликни сақлаш масалаларини муҳокама қилиб келишади. Мюнхен конференцияси халқаро хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун дунёдаги энг йирик форум бўлиб ҳисобланади.

Молдова расмийлари “Рус уйи”ни ёпишга қарор қилишди

Россиянинг Молдовадаги элчихонаси биноси (архив сурати)
Россиянинг Молдовадаги элчихонаси биноси (архив сурати)

Молдовада мамлакат расмийлари қарорига кўра Россия илмий ва маданий маркази (“Рус уйи”) ёпиладиган бўлди. Бу ҳақда 13 февраль куни маълумот тарқатган Молдова Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мазкур қарор Россиянинг ҳужумчи дронлари мамлакат ҳаво ҳудудини бузгани муносабати билан қабул қилинган.

Молдова ТИВ 1998 йили Россия билан тузилган маданий марказлар ташкил қилиш ва улар фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувни бир томонлама денонсация қилиш ҳақида қарор қабул қилган.

“Шартномани бекор қилиш жараёни якунланганидан кейин Россия маданий маркази мамлакатимизда ўз фаолиятини тўхтатади”, дейилган вазирлик сайтида ёйинланган хабарномада.

Аввалроқ Молдова президенти Майя Санду Россия дронларининг Одесса вилоятига (Украина) ҳужуми чоғида иккита дрон Молдова ҳудудига учиб киргани ва иддаога кўра, ўша ерда портлагани ҳақида маълум қилган. Дронлар портлашидан ҳеч ким зарар кўрган эмас.

Ҳодиса ортидан Россия элчиси Олег Озеров зудлик билан Молдова ТИВга чақирилган.

Учрашув чоғида Молдова томони қабул қилиб бўлмас бу ҳуқуқбузарликлар юзасидан қатъий норозилик изҳор қилиб, бу каби нохуш ҳодисалар Молдова Республикаси миллий хавфсизлиги ва фуқаролари учун жиддий таҳдид туғдиришини урғулади. Россиялик дипломатга бу каби хатти-ҳаракатлар миллий суверенитетни бузиш экани ва Россия Федерация томонидан галдаги дўстона бўлмаган ҳаракат бўлиб ҳисобланиши маълум қилинган”, дея қайд этилган ТИВ хабарномасида.

Маълумотларга кўра, Россия элчисига портлаган дрон парчалари кўрсатилган. Москва Молдова томони қарори юзасидан ҳали муносабат билдирганича йўқ.

Аввалроқ Озодлик Бокуда “Рус уйи” ёпилиши ҳақида хабар қилган эди. Озарбайжон расмийлари Россотрудничество ваколатхонасига юридик эътирозлар борлигини билдиришган.

Боку билан Москва ўртасидаги муносабатлар 2024 йил декабрида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида Azerbaijan Airlines авиаширкати учоғи ҳалокатга учрагани ортида ёмонлашиб кетган. Озарбайжон расмийлари мазкур учоқ Россия ҳаводан мудофаа тизими тарафидан атайлаб ўққа тутилганини иддао қилиб, ҳодиса учун масъулиятни Россия томонига юклашмоқда.

ЕИ ва Украина тинчлик музокараларида иштирок этишлари лозимлигини билдиришди

Украина, Франция, Буюк Британия, Испания, Италия, Польша, Германия ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси ( “Веймар+” гуруҳи) Париждаги учрашув якунларига кўра Россиянинг Украинага қарши уруши тўхтатилишига оид муҳтамал бўлажак музокараларда ҳам Украина, ҳам ЕИ вакиллари иштирок этиши лозимлигини ёқлаб чиқишди.

Вазирлар “Украина ва унинг Европадаги иттифоқчилари манфаатларини кафолатлаши” лозим бўлган “адолатли, кенг қамровли ва барқарор тинчлик”ка эришилиши тарафдори эканларини билдиришган. Ҳужжатда, шунингдек, Украинани дастаклашни давом эттириш ҳамда унга хавфсизлик кафолати берилишига тайёрлик билдирилган. Баёнотда тинчликка эришиш йўлларини америкалик иттифоқчилар билан муҳокама қилишга ҳозирлик ҳам қайд этилган.

Баёнот АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан, кейин эса Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилгани маълум бўлганидан бир неча соат ўтиб ёйинланган. Трампнинг билдиришича, Путин билан сўзлашув чоғида томонлар “тегишли командаларимиз [Россиянинг Украина билан ҳарбий можаросини ҳал қилиш бўйича] зудлик билан музокаралар бошлашлари ҳақида” келишиб олган. АҚШ президенти иддаосича, у Украина бўйича музокара жараёнига етакчилик қилишни Давлат котиби Марко Рубио, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтц ва махсус элчи Стив Уиткоффга топширган.

Трампнинг баёнотида ЕИ мамлакатлари музокара иштирокчиси ўлароқ зикр этилган эмас. Музокара командаси иштирокчилари орасида АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогг исми ҳам эслатилмаган. Бироқ, АҚШ Давлат департаменти сайтининг маълум қилишича, 13 февраль куни Келлогг Европа сафарига отланган. Келлоггнинг ўзи сафардан мақсад “президент Трампнинг Украинада куч орқали тинчликни таъминлаш ҳамда АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадини олға суриш” бўлиб ҳисобланишини айтган.

Келлогг, хусусан, Мюнхенда ўтаётган хавфсизлик бўйича конференцияда иштирок этиши ҳамда Брюсселдаги НАТО ва ЕИ қароргоҳларига ташриф буюриши кутилмоқда. Маълум қилинишича, у “Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш ва Европада барқарорликни тиклаш учун Қўшма Штатлар билан ишлашга тайёр бўлган” Европадаги иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан учрашишни режаламоқда.

14 февраль куни очиладиган Мюнхень конференциясида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Давлат котиби Марко Рубио ҳам иштирок этишади. Улар ҳам айни пайтда Европада юришибди.

13 февраль куни Брюсселда НАТОга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари мажлис ўтказишган. НАТО бош котиби Марк Рютте аввалроқ Трамп ва Путин суҳбати тинчлик музокаралари бошланганидан далолат бериши мумкинлигини билдирган. У ҳам Украина музокараларнинг тўла ҳуқуқли иштирокчиси бўлиши лозимлигини айтган. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам шу каби таклиф билан чиқиб, “Европада тинчлик хавф остида бўлгани учун” музокараларда Европа ҳам иштирок этиши лозимлигини қайд этган.

Трамп куни кеча журналистлар билан суҳбатда Путин билан ўтказилган суҳбати ҳақида гапира туриб, Украина ўзининг халқаро майдонда тан олинган ҳудудининг ҳаммасини ўз назорати остига ола билишининг эҳтимоли кам эканини билдирган. Айни пайтда у ҳозирда Россия ишғоли остида бўлган ҳудудларнинг бир қисми музокаралар натижасида Украина назорати остига қайтиши мумкинлигини айтган. Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам Украинанинг 2014 йилгача бўлган чегараларини қайтариб олиш худди Украинанинг НАТОга кириши каби реалистик мақсад бўлиб ҳисобланмаслигини билдирган эди.

Трамп тинчлик музокараларида ЕИ мамлакатлари иштирок этиши мумкинлиги ҳақида бирор гап айтган эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG