Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:01

Мирзиёевнинг маънавиятга бағишланган йиғилишидан сўнг яна бир турк сериали эфирдан олинди


"Қанотсиз қушлар" сериали Sevimli TV эфиридан олиб ташланди
"Қанотсиз қушлар" сериали Sevimli TV эфиридан олиб ташланди

Sevimli TV канали Туркиянинг бир ярим йилдан бери намойиш қилиб келинган “Қанотсиз қушлар” сериали намойишини тўхтатиб қўйди.

Телеканал раҳбарияти буни “эфир сеткасидаги ўзгаришлар” билан изоҳламоқда.

19 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган селектор мажлисида баъзи телеканаллар эфир сеткасида хорижий кино ва сериалларнинг улуши кўпроқ экани танқид қилинганди. Йиғилишда "маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш" ҳақида сўз борган.

Sevimli TV кино таҳририяти ходимининг Озодликка айтишича, ана шу мажлисда айтилган танқидлардан сўнг, канал эфир сеткаси тубдан ўзгартирилиб, хорижий сериаллар ўрнини миллий сериаллар билан тўлдиришга киришилган.

"Sevimli TV канали “Қанотсиз қушлар” (Kanatsiz kuşlar) турк сериали намойишини 29 январдан тўхтатишини эълон қилди.

Ушбу сериал Sevimli TV канали орқали 2019 йилнинг июнидан бери намойиш қилиб келинаётган эди.

Бир ярим йил ичида ўзбек томошабинлари сериалнинг 91 қисмини томоша қилишга улгурди.

Sevimli TV канали Инстаграм саҳифасида "Қанотсиз қушлар" эфирдан олингани ҳақидаги хабар остидаги изоҳлардан сериални эфирдан олиш қарори аксар томошабинларнинг ҳафсаласини пир қилганини кўриш мумкин.

"Охирига етиб қолганда, бирданига тўхтатиб қўйиши бизга ёқмаяпти. Менинг бувижоним билан бобожоним шу сериалнинг вақтини билиб, телевизор олдига ўтириб олардилар, ҳозир сериал бошланади, деб. Шу кексаларнинг ҳурмати учун ҳам охиригача кўрсатишса бўларди. "Истанбуллик келин"да ҳам шундай бўлганди", - деб ёзди томошабинлардан бири.

"Қанотсиз қушлар" турк сериали Ўзбекистонда ўз томошабинларини топган ва катта қизиқиш билан кутиб олинган.
"Қанотсиз қушлар" турк сериали Ўзбекистонда ўз томошабинларини топган ва катта қизиқиш билан кутиб олинган.

28 январь куни Озодлик боғланган Sevimli TV каналининг ўзини таништирмаган ходими сериал намойиши тўхтатилишини “эфир сеткасини янгилаш” билан изоҳлади.

“Ўзимизнинг ўзбек сериалларига кўпроқ ўрин бериладиган бўлди. Шу сабаб ҳозир “Қанотсиз қушларга”га сеткада жой йўқолиб қолди. Лекин томошабинларимиз бу фильмни Интернетда томоша қилишлари мумкин", -деди телеканал ходими.

Айни пайтда Sevimli TV канали кино таҳририятининг шахси очиқланмаслигини сўраган бошқа ходимига кўра, “Қанотсиз қушлар” 19 январь кунги ҳукумат мажлисидаги танқидлардан сўнг эфирдан олинаётганига эътибор қаратди.

“Ўша мажлисдан сўнг "олиб ташланглар", дейилди. Ўрнига ўзимизнинг менталитетимизга тўғри келадиган фильмларни қўйинглар, деб айтилди. Ҳозир маҳалланинг роли ҳақида “Она замин” деган сериални ишлашга киришилган. Ўттиз серияли фильм. Бундан ташқари, яна учта ўзбек сериали тайёр бўлиб қолган, шулар қўйилади", - деди Sevimli TV канали ходими.

Туркиянинг "Koliba film"студияси суратга олган “Қанотсиз қушлар” сериали эрта ёшда отасидан жудо бўлган ва ҳаётда қолиш учун тинимсиз курашаётган тўрт опа-сингил ҳамда улар учун турли қийинчиликларга дош берган ёш ва чиройли онанинг драматик ҳаёт ҳикоясини тасвирлайди.

Туркиянинг ATV канали бу сериални бир йил олдин намойиш қилган ва кинокартина энг кўп томошабин йиққан фильмлардан бирига айланганди.

"Турк сериаллари Мирзиёев иқтидоридан олдин буткул тақиқда эди, 4 йил танаффусдан сўнг ўзбек каналларида уларнинг қуёши яна ботяпти. Техник ва сюжет жиҳатидан дунёда етакчи ўринларда турувчи турк сериаллари ўрнини сифат ва мазмун бўйича жуда паст даражадаги ўзбек сериалларига бўшатиш буйруғи тепадан тушгани айтилмоқда", - деб ёзди Инстаграм саҳифасида маҳаллий блогерлардан бири.

Баъзи уламолар ҳам норози

Ўзбекистонда баъзи Ислом дини уламолари ҳам турк сериалларига қарши чиқишган.

Турк сериаллари атрофидаги баҳсга янги жиҳат қўшган тошкентлик имом Раҳматуллоҳ Сайфутдинов:

“Турк сериалларидаги чиройли йигитларни тасаввур қиляпти аёллар, қизлар. “Туш кўрибман, тушимда фалончи актёрни кўрибман”, деган гаплар ижтимоий тармоққа киринг¸ тўлиб ётибди. Эри бор хотин шуларнинг расмини олиб юради, турк сериалларидаги актёрларни расмларини кўтариб юрибди. Тасаввур қилса нима бўлади, ана шундай ҳолатда "ҳаворанг" болалар туғилади, сабаби аёлнинг тасаввурида бошқа эркак бўляпти. У жимо вақти, тўшак вақтида икки киши эмас, уч киши жимо қилаётгандай бўлади. Худди шундай эркаклар ҳам аёллар билан жимо қилаётганда бу нарса лесбиянка деган балоларни келтириб чиқаради”, - деган эди Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Мирза Юсуф" жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов 2018 йилнинг 2 март куни қилган жума ваъзида.

"Севимли" телеканалида ўтган йил сентябр ойида намойиш этилган "Гунеш (Қуёш-таҳр.) қизлари" турк сериалида калта иштон кийган қизларнинг оёқлари хиралаштирилгани баҳсу-мунозарага сабаб бўлди.

Телеканал таҳририяти очиқ кийинган сериал қаҳрамонларининг тана қисмлари муҳаррирлар томонидан хиралаштирилганини тан олганди.

Лекин кадрларни хиралаштириш бўйича давлат томонидан ҳеч қандай талаб ёки йўл-йўриқ бўлмагани билдирган: "Агар очиқ кийимлар туфайли эътирозлар бўлса, бундай ҳолларда бироз кийимларни ёпишга ҳаракат қиламиз. Айрим ҳолларда кино ёки сериалнинг мазмунига таъсир кўрсатмаса, бундай кадрларни тўлиқ олиб ҳам ташлашимиз мумкин", — дея билдирган телеканал раҳбари муовини Қаҳрамон Саидалиев маҳаллий журналистлар билан учрашувда.

Айни пайтда ўзбек томошабинлари ўз мамлакати актёрлари суратга тушаётган "Қурилиш: Усмон" сериалини ҳам Интернетдаги бошқа каналлар орқали томоша қилишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли актёр Маъруф Отажонов турк кино юлдузи Бурак Ўзчивит билан биргаликда ушбу тарихий сериалда мўғул императори Гейҳату ролини ижро этмоқда.

Турк сериалларига тақиқ

Ўзбекистон телеканалларида турк сериалларининг эфирдан олиб ташланиши биринчи марта содир бўлаётгани йўқ.

Ўтган йил ёзида "Пойтахт Абдулҳамид" тарихий сериалининг эфирдан олиниши томошабинлар норозилигига сабаб бўлган эди.

Бундан олдин Sevimli TV канали "тепадан келган кўрсатма бўйича" “Чуқур” турк сериали намойишини тўхтатиб қўйган.

Cериалда жанговар саҳналар кўплиги унинг тўхтатилишига сабаб бўлгани айтилганди.

Бир йил аввал эса, ZO’R TV канали турк киноижодкорлари суратга олган “Севги изтироби” сериали намойишини тўхтатди.

Айни сериал дастлаб 2018 йилнинг 16 февралида Бош вазир тарафидан тўхтатиб қўйилгани айтилган эди. Иккинчи бор ҳам айнан бош вазир эътирози сабаб сериал тўхтатилгани билдирилди.

Бош вазир танқидидан олдин ижтимоий тармоқларда сериал исломий аҳлоқ нормаларига зид экани танқид қилинган ва .сериалга овоз берган актёрларга таҳдидлар бўлгани айтилганди.

Ўзбекистонда намойиши иккинчи марта тўхтатилган “Севги изтироблари” фильми Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг Telegram каналида қораланган.

2018 йилда ZO’R TV канали намойиш қилган “Ҳовли” турк сериали ҳам исломий ахлоқ нормаларига зид, дея тўхтатилганди.

Ўтмишда турк сериалларига тақиқ Ислом Каримов бошқарувининг Туркия билан мураккаб муносабатлари билан тушунтирилган. Туркия билан яқин сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилаётган Мирзиёев маъмуриятининг хорижий, хусусан турк сериаллари борасидаги қарори ортида сиёсий сабаб бор ёки йўқлиги маълум эмас.

XS
SM
MD
LG