Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Cурхондарёда икки ошиқ ўзларини поезд остига ташлади


Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидан ўтадиган поезд остига 17 яшар қиз ва 20 яшар йигит ўзларини бирга ташлаб ҳалок этди.

Марҳумлар яқинларининг айтишларича, бу икки ёш бир-бирига кўнгил қўйган, лекин қизнинг яқинлари бу никоҳга рухсат бермаган.

Сурхондарё вилояти темир йўл милицияси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Жарқўрғон туманининг Қум қишлоғида яшаган 17 яшар Г.Қ. ва 20 яшар Б.К. 10 августга ўтар кечаси, соат 02.08 да Термиз-Қумқўрғон-Тошкент темир йўлидан ўтаётган юк поездининг остига ташлаб ўз жонига қасд қилган.

Бу хабарни тасдиқлаган Сурхондарё вилояти темир йўл милицияси мулозимининг Озодликка айтишича, содир бўлган ҳолат юзасидан суриштирувни прокуратура олиб бормоқда.

Исми сир қолишини сўраган Қумқишлоқ маҳлла фаолларидан бирининг айтишича, оталардан бирининг никоҳга розилик бермагани ёшларнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин:

“Бу қиз ҳали мактабда ўқийди, бу йил 11 синфга ўтган эди. Улар севишган, аммо қизнинг яқинларидан бири уларнинг келажакдаги никоҳига жиддий қарши бўлган. Тахмин қилишларича, шу сабаб иккаласи ўзларини бирга поезднинг остига ташлаган. Поезд эзиб ўтиб кетган. Кеча жанозаси бўлди икковини. Иккаласи маҳалладош бўлган. Йигитнинг отаси ҳаёт, онаси сал илгарироқ вафот этган эди. Оилада кенжа ўғил эди. Қишлоқда катта мотам бўлди”, дейди маҳалла фаолларидан бири.

Озодликнинг Жарқўрғон ички ишлар бўлимидан олган маълумотига кўра, бу иш бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103(ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда маиший муаммолар, ота-оналарнинг ёшлар никоҳига тўсқинлик қилиши оқибатида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Жорий йилнинг 16 июнь куни Фарғона вилоятининг Данғара туманидан Ўзбекистон туманига келин бўлиб тушган 20 яшар келинчак 16 июнь куни поезднинг остига ўзини ташлаб, ҳалок этган эди. Марҳума қўшниларининг иддао қилишларича, қайнонаси билан жанжаллашиб уйига ҳайдалган келин ўз жонига шу тарзда қасд қилган.

2015 йилнинг 2 майида Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 23-мактабнинг икки нафар 9-синф ўқувчиси ўзларини “Урганч-Тошкент” йўловчи поездининг тагига ташлаб ўлди. Озодлик манбаларига кўра, 2 май куни рўй берган ҳодисада икки дугона бир-бирини қучоқлаган ҳолда ўзларини поезд тагига отиб ҳалок бўлган эди.

2015 йилнинг 23 август куни эса, Фарғона вилоятининг Сўх туманида истиқомат қилган 15 яшар мактаб ўқувчиси 21 яшар севган йигити билан ўзини тоғдан ташлаб, ҳалок этган эди. Озодлик манбаларига кўра, қиз билан йигит уйдан қочиб кетиб, бир неча кун тоғда яшириниб юрган ва қидирувчилар келганда жонларига қасд қилган.

XS
SM
MD
LG