Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:38

Тошкентда 5000 тадбиркорга очиқ гапириш имкони берилди


“Истиқлол”санъат саройидаги тадбир
“Истиқлол”санъат саройидаги тадбир

Пойтахтдаги “Истиқлол” санъат саройида 28октябрь куни Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан сўнги чорак асрда илк марта очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган бу тадбирда Бош прокуратура, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари, Адлия, Ички ишлар вазирликлари масъул ходимлари, шунингдек ўзини тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракати сифатида тақдим этувчи Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари иштирок этди.

Тошкент ҳокими тадбиркорга микрофон берди

“Истиқлол” саройини тўлдирган 5000 тадбиркорга 28 октябрь куни залга ўрнатилган икки микрофон воситасида Солиқ қўмитаси раиси ва бошқа мулозимларга “очиқ гапириш имкони берилди”¸ дейди мажлисда қатнашган 38 яшар тадбиркор Озодлик билан суҳбатда.

Ўзини Музаффар дея таништирган бу йигит пластик ром ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва Тошкент шаҳрида қайддан ўтган 48 минг тадбиркордан бири:

- Зал ва балкон лиқ тўлди. Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов залга қарата: "Саволлар ëзма берилсин!" деди. Ёши каттароқ одам чиқиб: "Бу учрашув семинар эмас, мулоқот сифатида олиб борилса, яxши бўларди"¸ деди. Бу гапдан кейин Усмонов залга юзланиб, савол ва таклифларни микрофонга айтишга изн берди. Шундан сўнг залнинг икки томонига микрофон қўйилди. Тадбиркорлар дардини айтиш учун навбатга туришди¸ дейди суҳбатдош.

Тадбиркор тадбиркор гапини эшитишни кўп ҳам истамади

Тошкентнинг Яшнобод туманида қайддан ўтган ”Salomat Vafo Nur” ширкати эгаси, ëзувчи Саломат Вафо ҳам микрофонга навбатда турганлардан бири бўлди.

Саломат Вафо Facebookдаги саҳифасида¸ бу учрашувда ўзининг етти минут гапиришга журъат топганидан мамнунлигини изҳор қилди.

“Микрофон олдида кутиб турардим. Навбат менга келиб, ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш ва уларга сайёҳлар кўп бўладиган шаҳар марказида алоҳида миллий расталар қуриш керак¸ деган таклиф айтдим. Чунки Кадишев бозоридаги миллий ва адрас либослар сотадиган дўкончамиз иқтисодий қийинчиликлар туфайли ёпилиб қолган эди.

Иккинчи саволим Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудига паспорт рўйхатидан ўтиш ва прописка қилиниши мумкин бўлган 59 та корхона ҳақида бўлди. Бугунги кунда Тошкент бозорларида пропискасиз болаларини боғчага ва мактабга беролмаётган, бировнинг номига сотиб олган уйларига эгалик қилиша олмаётгани ҳақида ҳикоя қилаётгандим.. Демоқчи эдимки, рўйхатдан ўтиш жараёни реформа қилиниши лозим... Шу вақт...залда йиғилганларнинг вағир-вуғури бошланиб, ҳоким Раҳмонбек ака уларни тинчлантиришга уринди. ”Биз сизни ҳурмат қилиб чақирдик, сизлар бир-бирингизни ҳурмат қилинглар..” деди. Ва “опа, сиз ҳам чўзиб юбордингиз..” дея қўшиб қўйди. Бирдан саройнинг балкондагиларни ҳисобга олмаганда 4 минг одамнинг, 4 минг нигоҳи менга қадалди. Ва залдагилар ҳам “ўтиринг, ўтиринг опа.. пропискага нима бор бу ерда..” дейишди. Энди..менинг ўтиришдан бошқа иложим қолмаган эди. Ҳамма ёғимдан гўё олов чиқаётган эди.

Мени кузатиб турган минг-минглаб нигоҳлар босимида..яна қаддимни тик кўтардим. Одамлар билан тўла ўриндиқ қаторларига мағрур боқдим. Ва “..жаноб ҳоким...мен тадбиркор аёлларнинг манфаатини ҳимоя қилаяпман, булар эшитмаса ..менда нима гуноҳ ?..” дедим. Ҳоким ҳам зални тартиб сақлашга чақирди. Бу сўзларни ёзаётиб ўйлаяпман:” Xудонинг қудрати билан 4 минг эмас, 4 миллион одамга ҳам қарши фикр билдириш мумкин экан..” дея ëзди тадбир иштирокчиси ўз Facebook саҳифасида.

Гуноҳ яна тадбиркорга юкланди

Мажлиснинг яна бир иштирокчиси тошкентлик тадбиркор Музаффар тадбирдан кўнгли тўлмаганини айтади:

-Тадбиркорни ортиқча текширманглар¸ деган тавсиялар чиқувди сўнгги ойларда. Аммо Солиқ қўмитаси раиси Парпиевнинг гапи бунга тескаридек эшитилди. Биз тадбиркорлар солиқ либерализацияси каби енгилликклар кутган эдик. Аммо буни ўрнига ким солиқ тўламаса ишини судга ошираман¸ деган дашном эшитдик. Парпиев мажлисга келган Бош прокурор Аҳмедовга (Бош прокурор Ихтиëр Абдуллаев - таҳр.) қараб¸ солиқни писанд қилмайдиганларни текширишни сўради¸ дейди тадбиркор.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раҳбари Парпиев мажлисда сўзга чиқиб¸ солиқ тўламаган тадбиркорларга оид рақамларни эълон қилган.

Солиқ қўмитаси нашрида Парпиевнинг мажлисда айтган гаплари эълон қилинди. Матнга кўра¸ 2015 йил бошидан 2016 йилнинг октябрига қадар тадбиркорлар 225 миллиард сўм солиқни тўлашдан бош тортган¸ 35 миллиард сўмлик хизмат учун чек ëзилмаган¸ 71 миллиард сўм банкка топширилмаган.

Тошкентлик тадбиркор Музаффар таъкидича¸ маҳаллий тадбиркорлар валюта конвертацияси йўқлиги боис¸ нақд пулни банкка қўймасдан¸ бозорда алмаштиришга мажбур қолмоқдалар:

- Мажлисда тадбиркор айбланди. Аммо давлат сиëсати тадбиркорни эгри йўлдан боришга ундаши ҳақида айтилмади. Масалан¸ оддий конвертация йўқлиги боис тадбиркор нақд пулни қора бозорда алмаштиришга мажбур¸ дейди суҳбатдош.

Мулоқот эҳтиëжи пишиб-етилган

Мажлисда қатнашган Саломат Вафо Озодлик мухбири билан ëзишма давомида мажлисда мулозимга ҳам¸ тадбиркорга ҳам гапириш эркинлиги берилганини ютуқ ўлароқ баҳолади:

- 5 минг одамга имкон берилди. Факат журъатли шахсларгина жамоага юзлана олди.Тадбиркорлар бундай мулокот- учрашувни кутган экан. Мажлис тугагандан сўнг ҳам залдан чиққиси келмади¸ дейди суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича¸ мажлисда қатнашишни истаган кўплаб тадбиркор “Истиқлол” залига сиғмагани боис йиғилиш “Миллий театр” ва Сирғали туманидаги тўйхона каби жами саккизта залга йиғилган тадбиркорларга онлайн тарзида намойиш этилган.

Ушбу тадбир ортидан Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон тадбиркорлари учун махсус видеоконференция ташкил этиб¸ унда тадбиркорлар саволларига жавоб берган.

XS
SM
MD
LG