Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:27

Қурултой: Шавкат Мирзиëевнинг эски-янги командасидан нималар кутиш мумкин?


Ўзбекистон президенти ваколатларини вақтинча қўлга олган Бош вазир Шавкат Мирзиëев 13-14 сентябрь кунлари ўзининг икки ўринбосарини "янгилади"¸ бир вазирни алмаштирди¸ Бош прокурорга янги ўринбосар тайинлади. Зудлик билан кадрлар ўзгаришини бошлаган Шавкат Мирзиëев туза бошлаган командадан нималар кутиш мумкин? Сиëсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошлашга Мирзиëевда жасорат борми?

Озодликнинг “Қурултой” давра суҳбатида қатнашган таҳлилчилар ана шу саволларга ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўзбекистондаги “Демократик ташаббус” гуруҳи етакчиси Искандар Худойберганов¸ Мирзиëевнинг ўз командасини туза бошлаганида фавқулоддалик йўқлиги¸ айни пайтда¸ ҳукуматнинг эски кадрларни қайтариш орқали қисман ўзгарган таркибига қараб¸ жиддий хулоса чиқаришга эрта эканини айтади:

- Мамлакатдаги ҳақиқий ўзгаришлар иқтисодий эмас¸ сиëсий характерда бўлсагина¸ реформалар ҳақида гапириш мумкин. Зотан¸ иқтисод эмас¸ сиëсат бирламчи. Иқтисоднинг қай йўналишда кетишини сиëсат ва ҳукумат тепасида ўтирганларнинг сиëсий иродаси белгилайди. Ҳозирча бундай иродадан дарак йўқ¸ деди жумладан Искандар Худойберганов.

Ўзбекистон Иқтисод вазирлигининг собиқ мутахассиси Саодат Нишонова¸ Шавкат Мирзиëев олдида ниҳоятда оғир вазифалар турганини эътироф этган ҳолда¸ унинг Каримов барпо қилган сиëсий тузумни ўзгартиришга журъат этишига ишонмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳокимияти тўқимасини яхши билган таниқли журналист Шароф Убайдуллаев¸ аксинча¸ Шавкат Мирзиëев бошлаган кадрлар ўзгариши аслида сиëсий ўзгаришлар дебочаси экани¸ Мирзиëев мавжуд тузумни ислоҳ қилмасдан узоққа бориб бўлмаслигини яхши тушунишини қайд этди.

-Энди Ўзбекистондаги кадрларни йўналтириб келган дирижëр ўзгарди. Агар бу дирижëр таëқчаси бошқа йўналишга буюрса¸ Каримов даври кадрлари бўлишидан қатъий назар¸ Ариповми¸ Азимовни¸ бошқача ишлашга ўтади. Мен шунга ишонаман¸ деди жумладан Шароф Убайдуллаев.

Асосан¸ қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар талаби билан тузилган “Озод деҳқонлар” деб номланган сиëсий партия етакчиси Нигора Ҳидоятова¸ ўзи ўтмишда қишлоқ хўжалигини маъмурий-буйруқбозлик асосида бошқариб келган Шавкат Мирзиëев¸ мамлакат учун ҳаëт-мамот масаласи бўлиб турган ислоҳотларни айнан шу соҳани эркинлаштиришдан бошлаши лозимлигини уқтирди.

АҚШ молия тизимларида ишлаб келаëтган таҳлилчи Фарҳод Инағомбоев эса¸ Мирзиëев ва унинг ўзи каби Каримов даврида шаклланган кадрлар мамлакатда ислоҳотлар¸ хусусан¸ иқтисодий-молиявий ислоҳотларни бошлашга сиëсий қарор берса¸ бу стратегияни ижро этишга қодир ëш кадрлар борлигини алоҳида қайд қилди:

- Эски кадрлар стратегияни белгилаб¸ унинг тактикасини ишлаб чиқиш¸ амалга оширишни Ғарбда ўқиган¸ дунëдаги иқтисод-молия юритиш усулларидан яхши хабардор¸ муҳими¸ Ўзбекистондаги коррупция касалига йўлиқмаган¸ тоза технократ командага топширса¸ ҳали ҳам кеч эмас. Ўзбекистон ўз потенциалини бутунлай йўқотгани йўқ. Масалан¸ шахсан ўзим¸ Ўзбекистонга қайтиб ишлашга тайëрман¸ деди Ҳарвард универтитетида ўқиб¸ ҳозирда Wall Streetда ишлаëтган ўзбекистонлик мутахассис.

“Қурултой” давра суҳбатини қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Шавкат Мирзиëевнинг кадрлар ўзгариши ислоҳотлар бошланишими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:31:03 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG