Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:27

Пенсияни 100 фоиз нақдда тўлаш фармони ижроси тадбиркор зиммасига юкланди


Пенсия учун навбат. Балиқчи тумани, Андижон вилояти.
Пенсия учун навбат. Балиқчи тумани, Андижон вилояти.

Президент Мирзиëев ҳукумат олдига февралдан бошлаб пенсияларни тўлиқ нақдда тўлаш вазифасини юклаши ортидан¸ тадбиркорларнинг банкка нақд пул топшириши устидан назорат кескин кучайди. Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар¸ ўзларининг жиддий босим¸ огоҳлантириш ва ультиматум остида қолганини айтмоқда.

Президент Мирзиёев 2 февраль куни имзолаган “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга кўра¸ Ўзбекистонда февраль ойидан бошлаб пенсиялар ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўлиқ нақд пулда берилиши шарт.

Бу қарор чиқарилиши билан бутун мамлакат бўйлаб унинг ижросини таъминлаш учун нақд пулни банк айланмасига қайтариш ҳаракати бошланди.

Бу қарор ижросини назорат қилишга бевосита алоқадор расмийнинг Озодликка шахси сир тутилиш шарти билан айтишича¸ айни кунларда тадбиркор ва савдогарларга қўйилган нақд пулни банкка топшириш талаби янада кескинлашган.

“Ҳозир асосий иш шунинг устида кетаяпти. Бунинг механизми ўша-ўша – кунлик нақд тушумларини йиғиштириб олиш. Савдо ва хизматлардан тушадиган пул касса аппаратидан ўтиши керак. Чек урилгандан кейин пул легал айланмага тушадику! Шунинг учун ҳокимларга айтилди¸ қаерда нақд сўм билан ишловчи жой бўлса¸ қайтадан кўринглар¸ нақд пулни легал айланмага қайтаринглар дейилаяпти. Одамларга ҳар қандай харид ва хизмат учун чек талаб қилинглар¸ чек бермаганни телефон қилиб¸ айтинглар дейилаяпти. Чек урилдими¸ бу пул легал оборотга тушди дегани¸ уни яшириб бўлмайди¸ дейди Озодлик суҳбатлашган ҳукумат мулозими.

Тадбиркорга янги ультиматум

14 февраль куни сирдарëлик тадбиркорлардан бири томонидан Озодликка юборилган ҳужжат нусхаси президентнинг пенсионерларга берган ваъдаси ижросини таъминлаш¸ асосан¸ тадбиркор зиммасига юкланганини тасдиқлайди.

Озодликка тадбиркорлардан бири юборган расмий огоҳлантириш нусхаси.
Озодликка тадбиркорлардан бири юборган расмий огоҳлантириш нусхаси.

“Огоҳлантириш хати” деб номланган бу ҳужжатга 12 февраль санаси қўйилган унда кичик бир хизмат шохобчаси эгаси “ҳудудий Пул-кредит сиëсати комиссияси томонидан февраль ойи учун 6 миллион сўм қилиб белгиланган прогнозни тўлиқ бажариш шартлигидан огоҳлантирилган”.

Айни хатда тадбиркорга¸ топшириладиган нақд пул президентнинг 2 февраль кунги қарори ижросини бажариш¸ пенсия ва бюджет ташкилотлари ходимлари ойлигини вақтида тўлаш учун “биринчи омил” экани эслатилади.

Озодликка Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги тадбиркордан келган бошқа бир хатда куни-кеча ҳокимлик¸солиқ инспекцияси ва банк ходимлари ўтказган йиғилишда август ойида белгиланган над пул топшириш режасидан қарздорликни уч кунда узиш ультиматуми қўйилгани айтилади.

“Осмондан оласанми¸ қарз оласанми¸ белгиланган планни топширасан¸ бу пул пенсионерларга пенсия бериш учун керак¸ деяпти. Ҳайрон қолганим¸ бутун райондаги пенсия ва ойликни тадбиркор қандай еткизиб бера олади? Ҳаммаëқ пластик карта терминали бўлган бўлса¸ биз шунча нақд пулни қаердан оламиз? Одамларнинг ойлик¸ пенсияси ҳозиргача деярли 100 фоиз терминалга тушиб келди¸ энди тадбиркордан нақд пул талаб қилаяпти”¸ деб ëзди Бўстонлиқ туманидаги кичик тадбиркорлардан бири.

Президент фармонини бажариш учун қўшимча сўм босила бошландими?

14 февраль куни бобоси олган нақд пенсиянинг бели букилмаган янги сўмда берилганидан ҳаяжонланган ўзбекистонликлардан бири Озодликка янги 1000 сўмликлар тасвири туширилган видеони жўнатди.

Пенсионерлар учун пул машинаси ишга тушди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:34 0:00

Бунинг ортидан Озодлик Мирзиëевнинг 2 февраль кунги қарори ижросини таъминлаш учун Марказий банк қўшимча сўм ëки расмий тилда “мадад пуллари” босиб чиқаришга қарор қилдими¸ деган савол билан Ўзбекистон банк тизимидаги бир неча мутахассисга мурожаат қилди.

“Йўқ¸ Марказий банк бу масалада қаттиқ турипти. Ҳеч қанақа қўшимча эмиссия чиқарилгани йўқ. Сиз кўрган пул¸ муомаладан чиқарилган эски¸ яроқсиз банкноталар ўрнига чиқарилган пул¸ холос. Нақд пул умумий эмиссиясида ўзгариш йўқ. Агар станок ишга тушса¸ инфляцияни жиловлаб бўлмай қолади. Бугун пенсионерга нақд пул бериб¸ келаси ойдан унинг қадрини икки-уч бараварга камайтириш оқибатини Мирзиëев ҳам билади. Қўшимча пул печать қилинмаслиги учун энди бутун босим тадбикорга тушади”¸ деди жараëнга бевосита алоқадор банк ходими.

Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги йирик банклардан бири ходими ҳам¸ Марказий банк томонидан қўшимча сўм босиб чиқариш ҳаракати йўқлигини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлигининг собиқ мулозими Саодат Нишонова¸ қўшимча пул эмиссияси мамлакатдаги иқтидосий муаммоларни ҳал қилш ўрнига¸ уларни ниҳоятда қалтис босқичга олиб чиқишини айтади.

Мутахассис¸ пенсияларни нақд пулда тўлаш каби¸ сиртдан қараганда¸ оддий бўлиб кўринаëтган муаммони ҳал қилиш ҳам¸ мамлакат иқтисодини тубдан ислоҳ қилиш масаласи¸ хусусан¸ сўмни девальвация қилиб¸ уни эркин конвертация қилишга ўтиш истиқболига бориб тақалишини айтади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:14 0:00
Бевосита линк

Йиллардан бери мутахассислар¸ нақд пул тақчиллигини камайтириш¸ хусусан¸ ойлик ва пенсияларни тўлаш учун мадад пуллари босиб чиқариш¸ муомаладаги нақд пул миқдорининг ошишига таъсир кўрсатиши¸ бу эса¸ ўз навбатида¸ "инфляцион босимнинг кучайиши¸ норасмий валюта бозорининг кенгайиши¸ пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасининг ва оқибатда “хуфиëна” иқтисодиëт ҳажмининг ошиши¸ ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг мураккаблашишига олиб келиши"дан огоҳлантириб келмоқда.

2015 йилнинг 10 апрель куни ўшандаги Бош вазир Шавкат Мирзиëевга Марказий банк томонидан юборилган расмий мактубнинг Озодликка ўз манбаларидан етиб келган нусхасида¸ мадад пуллари босиб чиқаришнинг мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий вазиятга жиддий салбий кўрсатиши айтилган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG