Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Давлат идоралари бошлиқ ва ходимлари иш соатини Мирзиëевга мосламоқда


Шавкат Мирзиëевнинг Ислом Каримовни тупроққа қўйиш маъракаларида ҳам туну-кун тиним билмай¸ бош-қош бўлгани кузатилди.
Шавкат Мирзиëевнинг Ислом Каримовни тупроққа қўйиш маъракаларида ҳам туну-кун тиним билмай¸ бош-қош бўлгани кузатилди.

Озодлик манбаларининг билдиришича¸ Бош вазир ва муваққат президент Шавкат Мирзиëев давлат тизимлари раҳбарларидан “олдингига қараганда камида икки баравар кўпроқ ишлаш”ни талаб қилгани ортидан бу идоралардаги иш соати оғзаки буйруқ билан 9 дан 9 гача қилиб белгиланган.

8 соатлик иш куни битта дўқ билан 12 соатга айланди

Иш соатининг қонунга хилоф равишда 12 соатга узайтирилгани ҳақида Озодликка Ўзбекистон адлия тизимида ишловчи мулозим хабар қилди.

“Яқинда Мирзиëев мажлис ўтказиб¸ “ҳозир ишлаш вақти¸ олдингидан кўра камида икки марта кўпроқ ишлайсанлар”¸ депти. Шунга бошлиқлар келиб бизга “9 дан келиб¸ 9 дан кейин кетасанлар¸ Мирзиëев қаттиқ ишлайсанлар деса¸ энди қаттиқ ишлаймиз” деди. 9 гача ҳеч ким уйига кетолмайди¸ бир-биримизга қараб¸ ўзимизнинг устимиздан ўзимиз кулиб ўтирибмиз”¸ деб ëзди хавфсизлик хавотирлари боис ўз шахси ва лавозими очиқланмаслигини сўраган Озодлик манбаси.

"Мия дам олишга улгурмай¸ яна ишга қайтаяпмиз"

Озодлик билан суҳбатда юқори даражали ҳукумат мулозимларидан яна бири Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг очиқчасига бузилаëтгани¸ ўз тизимида бўлим бошлиқларидан тортиб¸ юқори лавозимли ходимларнинг ҳаммаси оғзаки буйруқ асосида кунига 12 соатдан ишлаëтганини тасдиқлади.

"Бу оддий ходимларга эмас¸ кўпроқ бошлиқ ва катта бошлиқларга тегишли. Ҳамма иш жойида ками 9 гача ўтириши керак. Ҳисобот¸ ëки алоҳида топшириқ берилса¸ шанба-якшанба ҳам чиқиб ишлаши керак. Адашмасам¸ Меҳнат Кодексида кунлик 8 соатдан ортиқ ишлаганда ортиқча ҳақ тўлаш ҳақида гап бор. Лекин бизга биров бу ҳақда ғинг дегани йўқ. Буларни дам олмасдан кунига 12 соатлаб ишлайдиган одамларнинг меҳнати қандай самара бериши мутлақ қизиқтирмаяпти. Умуман дам олмасдан ишлаяпмиз¸ мия дам олишга улгурмаяпти. Иш сифати ҳам шунга яраша"¸ дейди исми ва хизмат жойи очиқланмаслигини сўраган яна бир Озодлик манбаси.

Озодлик мухбири пойтахт Тошкент ва вилоятлардаги бир қатор давлат идораларига қўнғироқ қилиб¸ иш вақтининг норсамий узайтирилгани уларнинг мижозлар билан ишлаш тартибида акс этиш-этмаслигини аниқлашга уринди.

Мухбирнинг бу саволидан сергак тортган мулозимлар¸ иш соатининг расман 9 дан кечки соат 6 гача экани ва мижозлар билан ишлаш соатларида ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини айтиш билан чекландилар.

"Кучишлатар тизимларида 8 соатлик иш куни асли бўлмаган"

Айни пайтда¸ Озодликнинг ҳуқуқ тизимларидаги манбалари¸ милиция¸ прокуратура ва МХХ тизимида 9 дан 6 гача¸ деган иш тартиби аслидан бўлмаганини айтадилар.

“Кўпчилик керак бўлса¸ тунги 12 гача қолади¸ ëки шанба-якшанба деган нарсалар йўқ ҳисоби. Бошлиқ истаган маҳал ишга чақиради. Олдинлари¸ ҳали Каримов бақувват пайтларда¸ ҳамма Ислом Каримовнинг Оқсаройдан кетишини кутарди. Шунгача ҳамма вазир ва бошқа бошлиқлар кабинетида кутиб ўтирарди “қачон президент Дўрмонга кетаркин”¸ деб. Энди Мирзиëевнинг кетишини кутишади. Лекин буниси ҳали ëш¸ ғайратлик. Ярим кечагача ишлайди¸ дейишади. Бу дегани¸ вазир ва бошқа раҳбарлар ҳам кабинетига михланиб ўтиради бу ëғига. Пастдагилар эса¸ бошлиқ кетмагунча¸ кетишга қўрқади”¸ дейди Озодликнинг ҳуқуқ тизимларидаги манбаларидан бири.

"Мирзиëев 4 соат ухлаб¸ 20 соат ишлайдиган раҳбар"

Шавкат Мирзиëевнинг ишга муккасидан кетган раҳбарлиги ҳақида узоқ йиллардан бери Мирзиëевнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаëтган Молия вазири Рустам Азимов ҳам¸ Конституциянинг 96-моддасига зид равишда Бош вазирнинг муваққат президентликни қўлга олишини қувватлар экан¸ aлоҳида таъкидлаган эди:

- Шавкат Миромоновичнинг учинчи фазилати¸ ишчанлиги. Ман ҳукумат аъзоси сифатида айтишим мумкин¸ кечаси соат 2 дан ҳам телефон қиладилар топшириқлар бериб. Эрталаб биз ишга келганда саволлар бўлади¸ “улаб беринглар” деб сўраганимизда¸ “йўқ” дейди - соат эрталабки 6 дан уже селектор ўтказаяпти. Иккида кечаси топшириб¸ эрталаб 6 дан уже қишлоқ хўжалик ëки бошқа масалалар бўйича селектор ўтказадилар. Бунақанги ишчанликни манимча камдан-кам¸ нафақат бизнинг давлатимиз¸ балки дунëда ҳам кўриш мумкин¸ деди Рустам Азимов.

Розилик ва ҳақ тўламасдан 40 соатдан ортиқ ишлатишни қонун тақиқлайди

Ушбу хабарни ўрганиш давомида Озодлик Ўзбекистон расмий сайтларида чоп этилган қуйидаги ҳуқуқий изоҳга дуч келди.

Унда ëзилишича:

"Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 114-моддасига асосан, ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 115-моддасига асосан, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 124-моддасига асосан, ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, - иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади (Меҳнат Кодексининг 157-моддаси).

XS
SM
MD
LG