Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:43

"Президент вазифасини ижро этувчи Шавкат Мирзиёев халқ билан учрашмаяпти"


Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Термиз шаҳрига келган. Муваққат президент билан учрашишни ва муаммоларни гапиришни орзу қилган сурхондарёликлар Мирзиёев оддий одамлар, аҳоли билан учрашмаётганидан шикоят қиладилар.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган тадбиркор Шавкат Мирзиёев билан учрашиш орзусида эканлигини, бироқ фақат унинг кортежини кўришга муваффақ бўлганини айтади:

"Биз, шерободлик тадбиркорлар Мирзиёевни роса кутдик. У билан учрашиш ва муаммоларни айтиш орзусида эдик. Чунки, ​айниқса, биз, тадбиркорларни ҳоким, солиқчилар, милиция, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари жудаям эзиб юборди. Қонунсиз пул йиғишлар жонга тегди. Умуман кун бермай қўйишди. Ана шу дардларимизни айтамиз дегандик. Афсус, фақат узоқдан унинг кортежини кўриб қолдик, холос”, деди тадбиркор.

Унинг айтишича, шу куни милиция ходимлари одамларни уйларидан чиқмай туриши ҳақида огоҳлантириб чиққан:

“Ҳозиргина катта кўчага чиқиб келдим. Жип, Мерседес ва Каптиваларда Мирзиёев кортежи Имом ат Термизий мақбараси томон ўтиб кетди. Ҳар 30-50 метрда биттадан мелиса турибди. Мақбаранинг тўрт томони ҳарбийлар билан ўраб олинган. Бугун эрталаб Шерободнинг марказий кўчасидаги уйларга милиция ходимлари кириб, ҳатто итни ҳам кўчага чиқармасликни тайинлаб чиқди. Кўчаларга мошиналар тинмай сув сепиб турибди. Шербарака бозоридаги ёйма бозорчилар, пана кўчаларда савдо қилмоқда”, дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган сурхондарёлик тадбиркор.

Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни эрталаб Термиз шаҳридаги Ҳаким ат Термизий мақбарасини зиёрат қилганидан сўнг, Термиз туманида янги қурилган мевани сақлаш ва қайта ишлаш корхонасининг очилишида иштирок этган.

Озодликнинг Термиздаги манбасига кўра, корхона очилиш маросимида унинг атрофи қаттиқ қўриқланган ва маҳаллий аҳоли умуман яқинлаштирилмаган:

“Ҳозир уйимизнинг олдида 20тача Мерседес, Каптива машиналари турибди. Милиция ходимлари тўла. Оддий халқдан ҳеч кимни боргани қўйишмаяпти”, деди Озодлик билан суҳбатда термизликлардан бири.

Шеробод туманида Мирзиёев ташрифидан қочган бозорчилар
Шеробод туманида Мирзиёев ташрифидан қочган бозорчилар

Ангор туманида яшайдиган 90 яшар Ангор бобо ҳам Бош вазир билан учрашиш, у билан бир пиёла чой ичиш ва мавжуд муаммолар ҳақида гаплашиш истаги борлигини айтади:

“Ҳамма жой супириб-сидириляпти, кўчаларга асфальт ётқизиляпти, томлар бўяляпти. Лекин буни қарангки, ўқитувчию дўхтирлар ўз иши қолиб бугун пахта теряпти. ана шулар ҳақида бир отамлашмоқчи эдим. Лекин мени унинг яқинига ҳам йўлатишмаслигини яхши биламан”, деди Ангор бобо.

Одатда, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг бирор вилоятга ташрифи олдидан ҳамма жойда ободонлаштириш ишлари олиб борилади.

Бир-биридан мустақил Озодлик манбаларига кўра, Термиз шаҳри ва туманида, Шеробод ва Ангор туманларида бюджет ташкилоти ишчилари кўчаларни тозалашга, деворларни оқлаш ва ранг беришга сафарбар этилган.

Бош вазир бориши эҳтимоли бўлган кўчаларга шошилинч тарзда асфальт ётқизилган.

Илгари Озодлик радиосига гапирган мутахассис, технологияга зид тарзда шошилинч тарзда ётқизилган асфальт сифатсиз бўлиши, қору-ёмғирлардан сўнг кўчиб, бузилиб кетиши ҳақида гапирган эди.

XS
SM
MD
LG