Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:22

Шерали Жўраев ва Санжай “Карвон” қўшиғи устидан судлашадиган бўлди


Шерали Жўраев
Шерали Жўраев

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги Санжай (San Jay) тахаллуси билан ижод қиладиган хонанда Санжар Жавбердиев “Карвон” қўшиғини муаллифлар рухсатисиз ижро этгани юзасидан акт тузиб, жорий ҳафтада ишни судга оширди.

Озодлик билан суҳбатда агентликнинг исми очиқланишини истамаган вакили (исми Озодликка маълум - таҳр) айни ҳолатда муаллифлик ҳуқуқи "қўпол равишда бузилгани"ни урғулади.

“Актни мен туздим. Ҳеч кимнинг тарафида эмасман, фақат қонун тарафидаман. “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, қўшиқ фақат муаллифнинг розилиги билан ижро қилинади. Лекин Санжар Жовбердиев қўшиқ ижрочиси Шерали Жўраевдан ва қўшиқ матнини ëзган шоир Усмон Азимдан изн олмай, “Карвон” қўшиғини ижро қилган. Муаллифлик ҳуқуқи жиддий равишда бузилган. Бу юзадан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, маъмурий ишлар бўйича қўшиқчи яшайдиган Навоий шаҳар судга юборилди.”

Санжей агентликка изоҳ бермоқда. (Расмни Интеллектуал мулк агентлиги тақдим қилди)
Санжей агентликка изоҳ бермоқда. (Расмни Интеллектуал мулк агентлиги тақдим қилди)

Агентлик вакили ва маъмурий ишлар бўйича Навоий шаҳар суди котибига кўра¸ Ўзбекистон тарихида илк бора қўшиқнинг муаллифлик ҳуқуқи бўйича иш кўриб чиқилмоқда.

Поп-рок йўналишида ижро қиладиган Чеченистонда хизмат кўрсатган артист, 43 ёшли Санжар Жавбердиев (Санжай) Озодлик билан суҳбатда “танланган адолат”га нишон бўлганини иддао қилди.

“Аслида бу кавер версия эди. (Кавер-версия - инглизча cover version, устини ўраш маъносида - таҳр.) Аммо улар тушунмади. Майли, ҳаммаси Оллоҳнинг иродаси. Жўраевлар темаси мен учун ëпилди. Агар шу билан улар бахтли бўлишса, мен энди “Карвон” қўшиғини бошқа айтмайман. Айтмайман, деб агентлик биносида тушунтириш хати ҳам ëзиб бердим", - деди Санжар Жавбердиев.

Қўшиқчига кўра¸ “Карвон” қўшиғининг илк ижрочиси Шерали Жўраев эмас, балки ҳозирда марҳум ҳофиз Холиқ Хурсандовдир.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги вакили Холиқ Хурсандовнинг бу қўшиқни Шералидан анча олдин, 1978 йилда ижро этгани ҳақидаги маълумот энди чиққани ва бу маълумотни суд текшириши мумкинлигини таъкидлади.

“Бу ҳолатларни суд ўрганиб, қарор беради. Лекин кавер-версия деган ҳолат Ўзбекистон қонунчилигида акс этмаган. “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунда бу ҳолат малакаланмаган", - деди агентликнинг исми очиқланишини истамаган вакили.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим

Озодлик “Карвон кўрдим туялари бўзлаб борар” деб бошланадиган шеър муаллифи, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан бу жанжалли ҳолат борасида суҳбатлашди.

"Гап бундай. Мен судга бермадим. Лекин судга берсам, мен ютаман, Санжай деган хонанда ютқазади. Чунки шеър меники. Мен эса Санжайга бу шеърни қўшиқ қилиб айтишга изн бермадим. У бола менга телефон қилди бу мавзуда. Мен унга бу шеър чиройли қўшиқ бўлди, ўзгармай қолаверсин, келинг, сизга бошқа шеър ëзиб берай, десам ҳам тушунмади. Гапни қисқаси, мархум дўстим Холиқ Хурсандов ва Шерали Жўраевга рухсат бердим, аммо Санжайга рухсат бермадим", - деди шоир Усмон Азим Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик қўшиқчи Шерали Жўраев хонадони билан боғланди. Ўзини қўшиқчининг жияниман, деб таништирган йигит "Биз судга бермадик. Ҳукуматни ўзи жазолайди", - деб айтди.

Судга ким берди?

Интеллектуал мулк агентлигининг исми очиқланишини истамаган вакилига кўра, судга даъво аризасини Шерали Жўраев ёки оиласи эмас, балки агентликнинг ўзи киритган.

“Тўғри, Усмон Азим қўшиқчини судга бермади. Биз акт қилиб, судга юбордик. Ундан олдин Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев ва муаллиф Усмон Азимовнинг ишончли вакили сифатида хонанда Жавбердиев Санжарга “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунни бузганлиги учун чора кўриш юзасидан бизга ариза билан мурожаат қилди. Шу ариза асосида ишни кўриб чиқдик”, - деди агентлик вакили.

Озодликда Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти раиси Умар Полвонзода имзолаган ариза нусхаси мавжуд.

Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти раиси Умар Полвонзода имзолаган ариза
Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти раиси Умар Полвонзода имзолаган ариза

Аризада "Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовдан розилик олмасдан ва улар билан шартнома тузмасдан қўшиқ аслини ўзгартирган ҳолда ижро этиб келган Санжар Жавбердиевга чора кўриш" талаб қилинган. Аризада¸ “Карвон” қўшиғи билан бир қаторда, “Гулбадан”, “Атиргулим, атрингни соч” қўшиқлари ҳам изнсиз ижро этилгани айтилади.

Шерали Жўраев
Шерали Жўраев

Ўзбек шоу бизнес оламидан яхши хабардор Расул Ризаевга кўра¸ бундан олдин Шерали Жўраевнинг ўғли Зоҳиршоҳ Жўраев Санжайнинг “танобини тортиб қўйиш” учун борган ва яхшигина жанжал кўтарилган. Тармоқда тарқалган видеолардан бирида Санжай “Жўраевларни дуэлга чақиради". "Истасангиз рингда¸ истасангиз кўчада¸ истасангиз, судда гаплашаман", дейди видеороликда Санжай.

Озодлик билан суҳбатда Санжар Жавбердиев "Жўраевларни кечирганлиги ва ҳақорат қилгани учун судга бермаслиги"ни айтади:

“Йўқ, судга бермайман. Мен уларни кечирдим. Майли, тинчгина яшаб юраверишсин. Лекин яна менга қараб сакрашса ëки ортиқча гап қилишса, унда эркакча гаплашиб қўйишга тўғри келади. Эркакча. Интернетда ҳам эмас¸ телефонда ҳам эмас. Шунчаки, олдига бориб, юзига тик қараб гаплашиб қўяман. Умуман, улар ҳақида гапиргим ҳам келмайди. Умуман, бу ерда ижод қилгим келмай қолди. Яқинда Россияга кетаман. Кейин эса, кавер версия айтиш имкони бўлган Америкага”.

Навоий вилоятида туғилган Санжар Жавбердиев 15 йил давомида Россия Федерацияси, хусусан, Чеченистонда яшаган. Хонанда бундан аввалроқ соқолли экани боис унга “Ўзбекконцерт” раҳбарияти лицензия бермаётгани юзасидан президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаганди. У шунингдек, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновга атаб қўшиқ айтгани ҳамда Юлдуз Усмонова билан жанжаллашгани ортидан ҳам тилга тушган.

Рамзанни улуғлаш санъати

Ўзбекистонда у қадар танилмаган, ҳатто ижодини кўпчилик мусиқа ихлосмандлари яқингача билмаган хонанда ўз ижодини 2009 йилда Чеченистонда бошлаган эди.

У Чеченистон президенти Рамзан Қодировни мадҳ этиб, қўшиқ куйлаган.

Қўшиқда "отасининг йўлини давом эттираëтган, Чеченистонни гуллатиб, яшнатаëтган президент Рамзан Қодиров" улуғланади.

Қўшиқдан "Рамзан, сен Чеченистон юрагисан, Одамлар ишончисан, Рамзан, арслон каби довюраксан, Имом каби адолатлисан, Сени Оллоҳ асрасин” каби сўзлар ўрин олган.

Нимага айнан Рамзан Қодировни бу қадар мадҳ этганини Санжайнинг ўзи Озодлик билан 2010 йилги суҳбатда шундай изоҳлаган эди:

"Чунки ман ўз кўзим билан кўрдим унинг улуғлигини. Президент ёш, 33 ёшда.(2010 йилда-таҳр) Концертда ман айтганда, бутун зал турган¸қарсаклар чалиб, ҳаммага ёққан¸- деган эди Жавбердиев.

Рамзан Қодировни мақтаган қўшиғидан ташқари, унинг отаси¸ Чеченистоннинг ўлдирилган президенти Аҳмад Хожи Қодировга аталган қўшиғи, шунингдек, Чеченистонга бағишланган “Ноҳчи Чьо” қўшиғи ҳам бор (Ноҳчи - чечен дегани - таҳр.)

Қўшиқчи 2016 йили Россиядан қайтиб келганидан кейин илк бор Ўзбекистон шоу-бизнес оламида ўз ижодини 2018 йили “Карвон” рок балладасини жамоатчиликка тақдим қилиш билан бошлаган эди.

Ушбу қўшиқнинг яратилиш жараёни билан яхши таниш блогер Нозим Сафарининг Озодликка айтишича, “бу қўшиққа Шерали Жўраев эгалик қила олмайди”.

"Чунки оҳанг бошқача. Санжай шоир Усмон Азим сўзларига қўшиқ басталади. Бу ўринда фақат Усмон Азим ҳақ талашиши мумкин", - дейди Нозим Сафари.

Мунозарага сабаб бўлган “Карвон” қўшиғи ҳақида Сафари қўшиқни “ўзбек шоу-бизнесининг диққинафас ҳавосини янгилаган тоза эпкин”, деб айтган эди.

"Шахсан менинг фикрим бундай: ремейк кавер фақат ва фақат таҳсинга лойиқ. Бу мукаммал ижро. Жўраевларга эса, фақатгина маданий-ижтимоий юксалиш тилаб қоламан. Мухлислардан "тузуккина " дид ва тоқат истайман. Санжайжонга эса, газни бос брат, буларга эътибор қилма, деб қоламан", - дейди блогер Нозим Сафари.

XS
SM
MD
LG