Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:55

Сирдарё: Қурол-аслаҳа омборидаги портлашда 16 киши яраланди


Gazeta.uz
Gazeta.uz

22 октябрь куни тонгда Сирдарё вилоятидаги ҳарбий омборда содир бўлган портлашда , Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 16 киши яраланган. Вазирлик хабарида жароҳатларга нима сабаб бўлганига аниқлик киритилмаган.

"Жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқ"лиги таъкидланади.

Портлашга нима сабаб бўлгани номаълум. Расмийлар ҳеч қандай дастлабки фаразни эълон қилгани йўқ.

Аҳоли яшайдиган ҳудудда жойлашган ҳарбий омборда маҳаллий вақт билан 04. 55 да юз берган портлаш расмийларга кўра, "якка тартибда" содир бўлган ва ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Мудофаа вазирлигининг хабарида шанба куни тонгги соат 04:55 да Малик аҳоли пунктида юзага келган портлашга нима сабаб бўлгани ҳақида ҳеч қандай фараз билдирилмаган. Вазирлик суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтмоқда.

Портлаш оқибатида ҳудудга яқин жойлашган бир нечта аҳоли хонадонлари, давлат муассасалари ва дўконларнинг ойналари синган, биноларнинг айрим енгил конструкцияларига ҳам зарар етган.

Озодликнинг Сирдарё вилояти прокуратурасидаги манбасига кўра, портлаш ҳарбий қисм биноларининг бирида қисқа туташув туфайли келиб чиққан ёнғин натижасида содир бўлган.

Озодлик ҳозирча бу фаразни бошқа манбалардан тасдиқлаш имконига эга эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: қурбонлар йўқ

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Дастлабки маълумотларга кўра, шикастланганларнинг 11 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига жўнатилган.

«5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинди” , дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, ҳодиса оқибатида қўрққан, руҳий жароҳат олган шахслар билан алоҳида психолог кўриги ташкил этилган.

Аҳолига зарар "қоплаб берилади"

Сирдарё вилояти ҳокимлиги "портлаш содир бўлиши оқибатида ҳудудга яқин жойлашган бир нечта аҳоли хонадонлари ва дўконларнинг ойналари синган, биноларнинг айрим енгил конструкцияларига ҳам зарар етгани"ни тасдиқлади.

Шунингдек, ҳодиса оқибатида зарар кўрган биноларни таъмирлаб бериш, аҳолига етган зарарни қоплаш масаласи қонунда белгиланган тартибда вилоят ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилиши айтилмоқда.

Олдинроқ ижтимоий тармоқларда портлаш натижасида хонадон ва бошқа биноларнинг ойналари синиб тушгани акс этган видеолар тарқалганди.

Расмийлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ваҳима тарқатмаслик ҳақида огоҳлантириб, аҳолини хотиржам қилишга уринмоқда. Аммо Озодликка маълум бўлишича, ҳодисадан кўп ўтмай, воқеа жойига яқин орадаги кўплаб аҳоли вакиллари йиғилган.

Журналистлар ҳодиса жойига қўйилмаяпти

Озодлик гаплашган гувоҳларнинг сўзларига кўра, қўшни Тошкент ва бошқа вилоятлардан келган ҳарбийлар, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари атрофни ўраб олган.

Блогер, журналист ва фаолларни воқеа жойига қўйилмаяпти.
Келиб чиққан портлаш ва ёнғин яна такрорланиши мумкинлиги важидан атроф назоратга олингани айтилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳарбий қисмда портлаши мумкин бўлган бошқа омборхоналар мавжуд эмас.

Озодлик билан боғланган блогерлар ҳодиса жойида "1000 дан ортиқ" назоратчилар борлиги, Тошкент – Самарқанд катта трактида вақти-вақти билан тирбандлик юзага келаётганини айтди.

ТВ каналлар жим


Ўзбекистон Миллий телерадикомпанияси ва хусусий телеканаллар портлаш ҳақида Тошкент вақти билан соат 16.00 ҳолатига хабар бергани йўқ.

"ЗўрТВ" телеканалининг исми сир қолишини сўраган мухбирига кўра, телеканаллар журналистлари эрталабдан бери воқеа жойида.

Уларга лавҳа ва хабарларни кечки дастурларда намойиш қилишга рухсат берилиши айтилган.

2008 йил июлида Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда юз берган портлашда расман 3 киши ҳалок бўлган, 20 киши яралангани хабар билдирилганди. Мустақил манбалар ракета-артиллерия омборида содир бўлган ёнғин артиллерия арсеналида кетма-кет портлашлар содир этгани натижасида 20 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини айтишган. Ҳодисадан бир ҳафта ўтиб, президент Ислом Каримов Когонга борган ва портлаш жойини кўздан кечирган.

2018 йилдаги чиқишларидан бирида президент Мирзиёев Когондаги портлашда ҳалок бўлганлар сони кўпроқ бўлганига ишора қилган, аммо ҳеч қандай рақам бермаган.

Форум

XS
SM
MD
LG