NEXTA телеграм-канали собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич ҳамда унинг қиз ўртоғи, россиялик София Сапега Беларусда уй қамоғига ўтказилди. Уларга бошқалар билан эркин мулоқотда бўлиш ҳамон тақиқланган, айблов ҳам олиб ташлангани йўқ. Беларусь Тергов қўмитаси Протасевич ва Сапега тергов билан судгача келишув имзолаганини маълум қилди.
Сапега оиласи билан учрашган. Унинг ўгай отаси эҳтиёт чораси ўзгартирилгач, Софиянинг иши ижобий ҳал бўлишига умид қилаётганини “Настояшчее время” телеканалига айтган эди.
Телеканал беларуслик журналист, сиёсатшунос Игорь Ильяшга юзланиб, бу икки сиёсий маҳбус билан боғлиқ сўнгги воқеалар ва Лукашенко ҳукуматининг мазкур қарори юзасидан изоҳ сўради.
– Протасевич ва Сапега уй қамоғига олинганига қандай қарайсиз? Ростдан ҳам бу ЕИ санкциялари таъсирида бўляптими?
– Шубҳасиз, бу ерда Ғарб мамлакатлари томонидан бўлаётган босим омили борлигини рад этиб бўлмайди. Сўнгги бир ой ичида Роман Протасевич билан Софья Сапега дунё миёсидаги энг машҳур беларуслик сиёсий тутқунларга айланишди, ғарблик сиёсатчиларнинг ҳар бир баёнотида уларнинг исмлари тилга олинмоқда. Шу боис ҳам мазкур масалани кун тартибидан олиб ташлашга уриниш расмий Минск учун жуда муҳим. Шу билан бирга, айнан Протасевич ва Сапега кейси, яъни уларнинг уй қамоғига ўтказилиши фақат Европа Иттифоқи санкциялари билан боғлиқ, деб ўйламайман.
Шуни тушуниш керакки, махсус хизматлар Роман Протасевичдан ўзлари хоҳлаган ҳамма нарсани олиб бўлишди: уни ҳамкорлик қилишга кўндиришди, жумладан, пропаганда медиалойиҳаларига жалб қилиб, интервью ва матбуот анжуманларида мухолифатни ёмонлашига ва Лукашенкони кўкларга кўтаришига эришдилар. Тўғри, блогер буларни тазйиқ остида қилаётгани кўриниб турибди, лекин улар Романнинг ўзлари хоҳлаган гапларни айтишига эришишди, шу жиҳатдан, журналист КГБ нуқтаи назаридан муҳим функцияни бажаряпти. Яъни, мухолифатнинг руҳини тушириб, ўзгача фикрловчилар сафларини саросимага солмоқда. Бундан кейин ҳам ундан шу тарзда фойдаланиш режалари борлиги эҳтимолдан холи эмас.
Сизга яна бир сиёсий маҳбус – Юрий Воскресенский тақдирини эслатиб қўймоқчиман: у ҳам даставвал КГБ авахтасидан шунақа сохта интервьюлар берган, озод қилинганидан сўнг ҳатто Лукашенко тарафдорлари форуми – Умумбеларусь халқ йиғинида иштирок этиб, гуноҳларига тавба қилган сохта мухолифатчи ролини ўйнаб берган эди. Махсус хизматлар Роман Протасевич хусусида ҳам шунақа режалар тузиб қўйган бўлса ажаб эмас. Аммо Роман бунга рози бўлармикан ёки у қайси босқичда ҳамкорликни давом эттиришдан бош тортади, масала шунда.
– Мажбурлигиданми, йўқми, ҳар ҳолда улар билан ҳамкорлик қилаётганига қарамай, нега Софья Сапеганинг ота-онасига қизларини кўришга рухсат берилади‑ю, Роман Протасевич ота-онаси билан ҳатто телефонда гаплаша олмайди, буни қандай тушунасиз?
– Қайдам. Эҳтимол, Роман Протасевичга ҳали унчалик ишонишмас. Қолаверса, унинг ота-онаси бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ОАВ орқали анчагина кескин ва изчил муносабат билдириб келишаётганини ҳисобга олиш керак. Улар Лукашенко режимини, ҳукуматни қаттиқ танқид қилишяпти. Шунинг учун, балки Романнинг улар билан тўғридан-тўғри алоқада бўлиши мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблашгандир. Яна, юқорида айтганимдек, Романнинг КГБ чизган чизиқдан чиқмаслигига тўла-тўкис ишонишмаяпти ва махсус хизматлар манфаатларига номувофиқ хатти-ҳаракат содир этишидан чўчишяпти.
– 100 нафаргача сиёсий маҳбусни уй қамоғига ўтказиш тўғрисидаги гап-сўзлар рост бўлса, нега ҳануз бу ишни қилишмаяпти?
– Сиёсий маҳбуслар шартли озод қилиниши билан боғлиқ вазиятни кенгроқ контекстда кўриш керак. Чунки май ойи охирларида, “Ryanair” учоғи билан юз берган можародан кейиноқ прокурорлар қамоқхоналарни кезиб, сиёсий маҳбусларга афв сўраб ариза ёзишни таклиф қилганлар. Беларусда мавжуд амалиётга кўра, бу сиёсий маҳбусларни озод қилишнинг эҳтимолий механизмларидан биридир. Бу тўғрида етарлича маълумот ва далиллар эълон қилингани сабабли, сиёсий маҳбусларни озод қилиш бўйича оммавий акцияга ҳозирлик ростдан ҳам бўлган, деб хулоса ясаш мумкин.
Бу воқеалар ривожининг ягона варианти сифтида кўрилган, деб ўйламайман. Бироқ, ҳар ҳолда бу сиёсий маҳбусларнинг каттагина қисмини озод қилиш, озод қилганда ҳам уй қамоғига чиқариш эмас, шунчаки қўйиб юбориш сценарийларидан бири ўлароқ тайёрланган.
Миш-мишларга қараганда, мазкур акция, яъни сиёсий амнистия 3 июлга, яъни Беларуснинг расмий Давлат мустақиллиги кунига белгиланган эмиш. Бу сана жорий ҳафтага тўғри келади. Лукашенко айнан шу сценарийга – сиёсий маҳбусларнинг бир қисмини кечириш сценарийсига умид боғлаганми ёки Ғарб билан кескин зиддиятни давом эттирадими, ўшанда билиб оламиз.