ОЛТИАРИҚ. “Мен – Элмурод Ҳасанов, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Қизилтепа МФЙдан ёзяпман. 8 ёшли ўғлим учун алимент тўлайман. 2019 йил март ойида алиментдан 7 миллион сўм қарздорлигим туфайли судга тортилдим. “Бунча пулни бирданига тўлашга қурбим етмайди, ҳар ойда 200-300 мингдан тўлаб борай”, десам ҳам кўнишмади. Менга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлашди.
Қамоқдан чиқиб ишга жойлашмоқчи бўлдим, лекин алимент тўловчини анча-мунча жойга ишга олмас экан. Ҳозир ишсизман, уйда ғишт қуйиб сотиб тирикчилик қиляпман. Бошқа турмуш қурганман. Рўзғоримдан орттириб, почта орқали ҳар ойда 200-300 минг сўм алиментни тўлашга ҳаракат қиляпман. Лекин собиқ хотиним “ҳаммасини берсанг оламан, акс ҳолда сени яна қаматаман” деб юборган пулимни ўзимга қайтармоқда. Кунда-кунора уйимизга МИБ ходимлари келиб, хотиним пулларни атайин олмаётганини билатуриб қамаш билан қўрқитмоқда.
21 августда МИБ ходими келиб “алиментни тўлиқ бартараф қилмасанг, мана бу ҳужжатларга қўл қўйиб берасан” деди. Ундан бу қанақа ҳужжатлар деб сўрасам, “сени судга тортамиз, бу сафар уч йилга қамаласан” деди.
Энди мен нима қилай, ахир! Тўламайман демаяпман, қарздан қутулиш учун бор кучим билан ҳаракат қиляпман. Авваллари Россияга бориб ишлардим, ойма-ой алиментни тўлаб борардим, энди четга чиқишимга ҳам тақиқ қўйилган.
МИБдагиларни вазифаси фақат қарздорни қамашми? Алимент тўловчи қамалишидан кимга, нима фойда? Бизни ҳам ўйлайдиган, дардимизга қулоқ тутадиган ташкилот борми?”
(Бу хабар Озодликка 21 август куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|