ХЎЖАЙЛИ. “Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидан ёзмоқдаман. Туман деҳқон бозори абгор аҳволда, сотувчи ва харидорлар учун шароит йўқ. Бозордаги тадбиркорлар бу ҳақда бир неча марта тегишли юқори ташкилотларга мурожаат қилган, лекин натижа бўлмаган.
Маълумки, бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарорига асосан тартибга солинади. Лекин туманимиз деҳқон бозорида ушбу қарорнинг бандлари умуман бажарилмайди. Маъмурият ҳукумат қарорини ҳам писанд қилмаяпти.
Бозорнинг чиқинди тўплаш шохобчаси ёнида савдо қилинмоқда. Якшанба кунлари эса чиқинди тўплаш шохобчаси ҳудудида товуқ бозор бўлади. Ҳожатхона олдида мева-чева, сабзавот сотилаётганига нима дейсиз?
Ҳукумат қарорида “Бозор ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тушириш мақсадида автомашиналарнинг кириши учун тўлов ундирилмайди”, деб ёзилган. Лекин бозор ходимлари маҳсулот тушириш учун кирган ҳар бир автомашинадан 500-1000 сўмдан тўлов ундирмоқда.
Хўжайли деҳқон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун жами 508 ўрин ажратилган экан. Лекин бунча ўрин туманимиз қишлоқларидан келадиган деҳқонларга етмайди. Якшанба кунлари расталарда ўрин етишмагани сабабли бечора деҳқон ва сотувчилар маҳсулотини ерда сотмоқда. Бозорга бирор текширувчи келса, бозор ходимлари ҳамма сотувчиларни мажбуран эски савдо расталарига ўтказади. Текширувчи кетгач, яна ўша аҳвол! Энг қизиғи, йўлак ёқасида савдо қилаётганлар ҳам жой учун пул тўлайди.
Деҳқон бозори ҳудудида жойлашган буюм бозорида ҳам тадбиркорларга шароит йўқ. Бозор ходимлари сотувчилардан фақат пул йиғишни билади.
Яқинда деҳқон бозорига янги тайинланган бозорқўм ҳам сотувчиларга шароит яратиб бериш ўрнига уларга куч ишлатиб, дўқ-пўписа қилган ва буюмларини ерга сочиб ташлаган...
Бозоримизда қачон шароит яратилади ва тартиб ўрнатилади?”
(Бу хабар Озодликка 23 июль куни келди)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|