CАМАРҚАНД. “Самарқанддан ёзмоқдаман. Мақсадим – Ташқи миграция агентлиги орқали Жанубий Кореяга ишга бориш. Шу мақсадда, мана, бир йилдирки, корейс тилини ўқиб ўрганмоқдаман. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан лицензия бериш йўли билан ташкил қилинган Самарқанд билимни баҳолаш марказида тест топширгандим. Тест 28 июнь куни Гулобод қўрғонида жойлашган марказда бўлиб ўтди. Натижа яхши бўлди: 100 балдан 87,5 балл! Хурсанд бўлиб, жорий йил сентябрда ўтказилиши режалаштирилган EPS TOPIC имтиҳонига тайёргарликни бошладим. Лекин 5 июль куни mehnat.uz сайтида “Гулобод қўрғонида жойлашган билим баҳолаш марказида тестдан ўтган барча фуқароларнинг баллари бекор қилинди” деган мазмунда хабар чиқди. Гўё марказ порахўрликка йўл қўйибди. Порахўрликка қарши курашилгани яхши албатта, лекин биз каби ўз билими билан ўтган фуқаролар тақдирини ҳам ўйлаш керак-да”.
(Бу хабар Озодликка 8 июль куни келди)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|