Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:07

Сўров: Россияликларнинг қарийб ярми маошини муҳим эҳтиёжларига етказа олмайди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Маоши асосий эҳтиёжларига етмайдиган россияликлар сони сўнгги икки йилда 20 фоизга кўпайиб, 45 фоизга етган. Бу ҳақда hh.ru рекрутинг ширкати тадқиқотига таянган ҳолда РБК хабар бермоқда.

Ширкат ўтказган сўровда қатнашганларнинг 36 фоизи иш ҳақи асосий харажатларини базўр қоплашини айтган. 2021 йилда мазкур кўрсаткич 39 фоиз эди.

Икки йил муқаддам сўров иштирокчиларидан 36 фоизи ойлик маоши харажатларини тўлиқ қоплашини тасдиқлаган бўлса, 2023 йилда улар сони 20 фоизга тушиб кетган.

Иш ҳақидан қониқадиган респондентлар кўпроқ Москва шаҳри (26 фоиз), Томск вилояти (24 фоиз), Татаристон ва Приморье ўлкасида (23 фоиздан) қайд этилган.

2023 йилда Росстат Россиядаги камбағаллик даражасига аниқлик киритар экан, 2022 йилда аҳолининг 10 фоиздан камроғи камбағал бўлганини маълум қилган ва буни тарихий минимум деб атаган. Аммо ундан олдин, 2021 йилда Росстат камбағалликни аниқлаш методикасини ўзгартирган. Илгари камбағаллик истеъмол саватчаси қийматидан келиб чиқиб белгиланган бўлса, ҳозирда ўртача даромад ва иш ҳақи асосида белгиланади. Методика ўзгартирилганидан сўнг мамлакатдаги камбағаллик кўрсаткичи 3 миллион кишига қисқарган.

Аввалроқ Россия 2024 йилда ҳарбий харажатларни 10,8 триллион рублга ошириши маълум бўлган эди. Бу жорий йилга режаланган ҳарбий харажатлардан (6,4 триллион рубл) қарийб икки бараварга ва 2021 йилгидан (3,6 триллион рубл) уч бараварга кўп. Украинага қарши урушга кетадиган сарф-харажатлар билан бирга Африка ва Яқин Шарқдаги кўплаб ҳарбий тадбирларни молиялашни ҳам қамраб олувчи “мудофаа” чиқимлари 2024 йилда Россия ЯИМнинг 6 фоизига етиб, илк бор бюджетдан энг йирик харажатга айланади.

Форум

XS
SM
MD
LG