Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:14

Сўхликлар: Ғаниев кетди, муаммолар қолди


Шу йилнинг 31 майида ўзбек-қирғиз чегарасидаги ҳодисалар вақтида маҳаллий аҳоли билан учрашувга келган Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилинган эди
Шу йилнинг 31 майида ўзбек-қирғиз чегарасидаги ҳодисалар вақтида маҳаллий аҳоли билан учрашувга келган Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилинган эди

22 нафар сўхлик устидан бошланган маҳкама ортидан Ўзбекистоннинг тўлиғича Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх анклави яна диққат марказига тушди.

Сўхликлар шу йилнинг майида чегарада юз берган низодан сўнг қўлга олинган тумандошларига ўз вақтида адвокат, таржимон ва ҳуқуқий ҳимоя тақдим этилмаганини иддао қилмоқда.

Бундан ташқари, улар май ойида бош вазир А. Арипов ҳал қилишни ваъда қилган – йўл ва сув муаммоси ҳал қилинмагани, пандемия пайтида аҳолининг вилоят марказига қатнови муаммолигича қолаётганини айтмоқда.

Сўхликларга кўра, Фарғона вилоятига 8 йил ҳокимлик Шуҳрат Ғаниев сентябрда ишдан кетгач, унинг ўрнига тайинланган Хайрулло Бозоров халқ кўнглини кўтарадиган гапларни гапирмоқда, аммо ҳибсга олинган йигитлар ва йўл масаласида ҳануз жиддий бир иш қилмаган.

Ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоев 22 нафар сўхликнинг ҳуқуқий ҳимояси билан боғлиқ қатор муҳим саволлар очиқ қолаётганини айтаркан, 16 ноябрдан давом этадиган маҳкамада жавоб топилишига умид билдирди

Минглаб одам ичидан нега айнан 22 киши танлаб олинди?

Сўхликлар ва ҳуқуқ фаоллари ҳозирча бу савол мутлақо очиқ қолаётганини айтмоқда.

Жумладан, шу кунда Сўх туманида уй қамоғида сақланаётган 13 нафар сўхликдан бирининг яқини Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳозиргача 4 минглик оломон ичидан қай асосда айнан унинг яқини танлаб олинганини тушунолмаганини айтди.

Ўзи ва яқини исмини сир тутишни сўраган сўхликнинг иддао қилишича, қариндошига қўйилган айбловларга аниқ далил борлиги ҳақида адвокатига ҳам маълумот берилмаган:

“Менинг қариндошим “Чашма” булоғидаги жанжалда қатнашмаган, кечки пайт мелисахонанинг олдида бўлган тўпалонда бўлган. Унда ҳам ариқнинг бу тарафида бўлган, мелисахонага тош отганларнинг ичида бўлмаган. Ҳозир унга нега мелисани урдинг, деб 219-моддани қўйишяпти. Нимага 244-моддани қўйишяпти, буни умуман билмаймиз. Адвокатнинг айтишича, қариндошимга терговчилар юзинг кўринган видео бор, дейишибди. Лекин видеони ҳеч ким кўрмаган, адвокат ҳам кўрмаган. Хуллас, минглаб одам қоронғуда югуриб юрибди, булар тўғри келиб, менинг қариндошимни айблаяпти, нимага?..”

Озодлик уй қамоғида қолаётган бу сўхлик ҳамда шу кунда ҳибсда сақланаётган 9 сўхликдан яна бирининг адвокати билан телефонда боғланишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Озодликка келиб тушган айблов хулосасида ушбу воқеаларга алоқадорликда айбланган 22 кишининг исми-фамилияси келтирилган ва уларга Жиноят кодексининг 219-модда, 2-қисми ҳамда 244-модда билан жиноят иши қўзғатилгани айтилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, Жиноят иши шу йилнинг 1 июнида Фарғона вилояти прокуратураси томонидан қўзғатилгани айтилган.

Қуйида айблов хулосасининг илк саҳифаси фотосурати илова қилинмоқда:

Озодлликка тақдим қилинган айблов хулосасидан нусха.
Озодлликка тақдим қилинган айблов хулосасидан нусха.

Нега айнан ЖКнинг 219, 244-моддалари қўйилди?

Ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоев ҳам айблов хулосаси билан танишгани, хулосадан 4 мингдан ортиқ одам иштирок этган оммавий тартибсизликдан айнан маҳкамада ҳозир бўлган 22 киши танлаб олинганига оид саволларига жавоб тополмаганини айтади:

“Тергов хулосасидаги айблов қанчалик тўғри ёки нотўғри эканига юридик баҳони суд беради. Лекин холис бир кузатувчи ва ҳуқуқ фаоли сифатида мен учун нега айнан шу 22 киши танлаб олинганига оид савол очиқ қолмоқда. Бундан ташқари, оммавий тартибсизларга оид жиноят ишлари бошқа модда билан малакаланиши лозим эди, назаримда. Камида 10 йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилган 244-модда нега қўйилгани мен учун мутлақо тушунарсиз. 219-модданинг қўйилиши ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тўғри эмас, деб ўйлайман. Хуллас, бу маҳкама жуда қизиқ туюляпти менга, натижасини кўрамиз биргаликда”.

Ғаниев кетди, Сўхда нима ўзгарди?

Шу йилнинг май ойида ушбу туман билан қўшни давлат ўртасидаги баҳсли ҳудудда жойлашган “Чашма” булоғида устидан икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжалдан сўнг, туман тарихида илк бор бош вазир А. Арипов борган эди.

Юзлаб норози оломон қаршисига чиққан бош вазирдан сўхликлар туманни қийнаб келаётган йўл, сув, яйлов ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим сўраган, вилоятнинг эндиликда собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ишдан олинишини талаб қилган эди.

Сўхликларга кўра, Ш.Ғаниев ҳокимликдан кетгани ва ўрнига янгиси келганидан буён, туманда баъзи ўзгаришлар кузатилмоқда.

Жумладан, туман ҳокимлигига яқин манбанинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, вилоятга янги тайинланган ҳоким Шуҳрат Бозоровнинг туманга боргани халқнинг кайфиятини кўтарилган:

“Икки марта келди, халқнинг ҳолидан хабар олди. Пандемия бўйича ёрдам бераман, деди. Кейин тумандаги анча-мунча йўлларга асфальт бўлиб қолди. Ишлик бўлди озми-кўпми одам. Кейин яна Сўх-Водил йўли очилди, жанжал бўлганидан бери ёпиқ турганди. Халқни кайфияти кўтарилди, тўғриси”.

Аммо бу мулозимга кўра, сўхликларнинг асосий хавотири 31 май кунги жанжалдан сўнг қўлга олинган ва уй қамоғига ташланган тумандошларнинг тақдири бўлиб қолмоқда.

Айбланувчилар сони 6 кишидан 22 кишига етди

9 ноябрь куни ҳодисаларга алоқадорликда айбланган 22 нафар сўхлик устидан суд жараёни бошланди. Айбланувчиларнинг 9 нафари ҳибсда, 13 нафари эса, уй қамоғида сақланмоқда.

Сўхлик мулозим, бу айбланувчиларнинг яқинлари ҳануз кучли босим остида қолаётганини айтади:

“Болалар қандай, қийнашмаяптими, деб сўраб тураманда, ота-онасини кўриб қолсам. “Яхши-яхши”, деб гапни кесишади дарров. Энг қизиғи, 13 киши уй қамоғига олингани, бошида 6 та деган қамоқдагиларам 9 та бўлиб қолганини билмай қолдик. Айтишмаган-да! Айттиришмаган, аниқроғи. Босим бор, демоқчиман-да. Ғаниев кетди, лекин уни урди, деб олиб кирилган болалар ва уларни оиласига босим ўзгаргани йўқ, менимча”.

Ғаниев сўхликларга нима деб таҳдид қилганди?

Яна бир сўхлик фаол эса, собиқ ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг Сўх тумани аҳолиси ҳақида берган айрим баёнотларини хотирлади:

“Ғаниев халққа қарата "Ўзбекистон харитасидан Сӯх номини ўчиртираман", "текинтомоқлар" деб таҳдид қилганди. Ғаниев доим йўл масаласи кўтарилса, қўполлик қилиб, халқнинг жиғига тегарди. Яна бир аудиоёзувда "рўйхати тайёрми, ҳаммасини обориб қаматайми?!" ва шунга ўхшаш гаплари билан халқнинг нафратини қўзғаганди. Ҳозир энди янги ҳоким келиб, Соvid-19га тест топширишни cўхликларга бепул қилди, бу яхшилик белгиси, тўғри. Лекин халқнинг кайфияти доимгидай. Агар ўша 22 нафар фуқаролар озодликка чиқса, унда барча сўхликлар президент сиёсатидан ҳақиқатда рози бўлар эди”.

Фарғона вилояти собиқ ҳокимига тегишли экани айтилган баёнотлар ижтимоий тармоқларда катта баҳсларга сабаб бўлган эди.

Хусусан, "Сўх туманини харитадан ўчириш" ёки "исталган вақтда ҳибсга олиниши мумкин бўлган сўхликларнинг рўйхати бор"лиги билан таҳдид қилинган аудиоёзув ҳамда Ғаниевнинг сўхликлар билан чегарадаги тортишуви акс этган видео Озодликка келиб тушган.



Жанжалдан аввал фаол бўлган блогерлар қани?

Бу тумандаги аҳволни кузатиб келаётган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳодир Элибоев ҳам, туманда кейинги ойларда, можародан сўнг бош вазир шахсан бориб, сўхликларга бериб келган ваъдаларнинг бир қисми бажарилганини қайд этди.

Аммо бу фаолга кўра ҳам, асосий муаммолар ҳануз ҳал этилмаган, бундан ташқари, тумандаги блогерлар ҳам жанжалдан буён сукут ичида қолмоқда:

“Ҳуқуқий жиҳатдан Сўх халқига муносабат ўзгаргани йўқ, масалан. “Чашма”даги жанжалгача анча-мунча сўхлик блогерлар ижтимий тармоқларда туманнинг муаммолари айтиб чиқиб турарди. Ҳозир шулар кўринмай кетди-да.

Ижтимоий тармоқларда ҳам сўхликларнинг чиқишлари озайиб кетган. Ҳатто, қўлга олинганлар 9 киши бўлиб қолгани, 13 таси уй қамоғига тушганидан ҳам бехабар қолганимизнинг ўзи айтиб турибди аҳволни”.

Қуйида ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоев билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:07 0:00
Бевосита линк

Май ойидаги жанлжалдан сўнг, тумандаги фаол блогерлар қўлга олингани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Жумладан, Бош прокуратура 22 яшар сўхлик блогер, шу йилнинг 31 майида Сўхда бўлган воқеалар ортидан, гумон қилинувчи тариқасида қўлга олинганини билдирганди.

YouTube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначиси бўлган видеоблогер - Дадахон Ҳайдаров тахаллуси билан танилган - Ҳайдаржон Бобоҳайдаров 10 кунлик ҳибсдан сўнг озод қилинган. Аммо шундан буён ижтимоий тармоқларда қарийб кўриниш бермаётир.

Майдаги жанжал ва Сўх тумани ҳақида

Шу йилнинг 31 майида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг баҳсли қисмида жойлашган «Чашма» булоғи устида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлди

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса, 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айблаган норозилар Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эди.


Ана шу воқеалардан 3 ой ўтиб, 22 август кунидан чегарадаги ҳодисага алоқадорликда гумон қилинганлар ҳибсга олинди.

25 августда Бош прокуратура Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Сўхда май ойида юз берган тўқнашувлар юзасидан биронта қирғиз фуқароси ҳибсга олингани ёки жиноят иши очилгани маълум эмас.

Майдони 352 километр квадратни ташкил қилган Сўх туманида 80 мингга яқин аҳоли яшайди. Аҳолининг 99 фоизи тожик миллатига мансуб, 7 фоизи қирғиз ва 1 фоизи ўзбек ва бошқа миллат вакилларидир.

XS
SM
MD
LG