Линклар

Шошилинч хабар
04 июл 2024, Тошкент вақти: 00:23

Ўзбекистон хабарлари

Сўз эркинлиги бўйича рейтингда Ўзбекистон 132-ўринни эгаллади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қароргоҳи Британияда бўлган Article 19 ҳуқуқбонлик ташкилоти рейтингида Ўзбекистон жаҳондаги 161 та давлат ичида 132-ўринни эгаллади.

Бу мавқе ташкилотнинг 2022 йил якунларига кўра тузилган рейтингига нисбатан бир поғонага юқори бўлишига қарамай, Ўзбекистон 10 балл билан (ўтган йили 11 балл эди) ҳали-ҳамон “сўз эркинлиги инқирозга юз тутган” мамлакатлар қаторида турибди.

Рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон сўз эркинлиги даражаси Қирғизистон (113-ўрин) билан Қозоғистондагидан (120-ўрин) кўра ёмонроқ, Тожикистон (151-ўрин) ва Туркманистондагидан (157-ўрин) кўра эса яхшироқдир.

Рейтингда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият энг яхши бўлган мамлакатлар ўлароқ Дания, Швейцария, Швеция, Бельгия ва Эстония кабилар санаб ўтилган, сўз эркинлиги энг бўғилган мамлакат сифатида эса Шимолий Корея кўрсатилган.

Рейтингни шакллантиришда Интернет ва ОАВдаги цензура, диний эркинлик, академик ва маданий муҳитдаги эркинлик ва бошқалар дохил 25 та индикатордан истифода этилган.

“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан шу йил май ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ўтган бир йил ичида 11 та позицияга ёмонлашиб, 137-ўриндан 148-ўринга тушиб қолгани қайд этилганди.

RSF ҳисоботида мамлакатда давлат радиоси расмий пропаганда билан шуғулланаётгани, хусусий радиостанциялар ёпилиб кетишдан чўчигани учун ҳар қандай танқиддан тийилиб келаётгани, босма нашрлар давлат манфаатларига хизмат қилаётганига эътибор қаратилган.

Айримларининг таҳририяти хорижда жойлашган 15 чоғли интернет нашргина сифатли контент чоп қилиб келмоқда. Улар сирасига мамлакатда блокировка қилинган Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизмати — “Озодлик” радиоси ҳам киради”, дейилган ҳисоботда нашрларнинг қарийб учдан бир қисми ўз ёйинини рус тилида амалга ошириши қўшимча қилинган.

Кун янгиликлари

Юнусободни сув босди. Сувсозларнинг баёнотига энергетиклар раддия берди

Юнусобод туманидаги сув тошқинига оид лавҳа (Газета.uz фотоси)
Юнусобод туманидаги сув тошқинига оид лавҳа (Газета.uz фотоси)

Жорий йилнинг 3 июль куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани мавзеларини сув босди. Маҳаллий матбуот хабарига кўра, бунга Қорақамиш ҳамда Мойқўрғон кўчалари кесишмасидаги қувурда юзага келган носозлик сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда кўп қаватли уйларнинг йўлакларигача сув остида қолганини кўриш мумкин.

“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, одамлар уйдан ташқарига чиқа олмаганидан шикоят қилган.

ФВВ авария сабабли тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги ҳақида баёнот берди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари махсус техникалар ёрдамида сувни кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларидан чиқариб ташлашга, сув таъминоти тизими вакиллари қувурларни таъмирлашга жалб этилган.

“Тошкент шаҳри сув таъминоти” МЧЖ матбуот котиби Равшан Ёқубжонов 800 мм ҳажмли қувурда носозлик юзага келганини билдирди.

“Бунинг асосий сабаби яқин жойдаги қозонхонада электр энергияси вақтинча узилганидир. Шу сабабли қувурларда босим кўтарилиб кетган ва уларнинг уланган чокидан авария юзага келган”, деди у воқеа жойида пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматига берган изоҳида.

Энергетика вазирлиги эса носозликнинг электр энергеясига алоқаси йўқлиги, сув таъминоти корхонаси баёноти ҳақиқатга мос эмаслиги ҳақида расмий билдирги тарқатди. Раддияга кўра, Юнусобод туманидаги 4-сонли қозонхонада 2-3 июль кунлари электр таъминотида ҳеч қандай узилиш юз бермаган.

“Kun.uz” нашри ҳодисадан бир неча соат ўтиб хабар беришича, авария рўй берган чорраҳада транспорт ҳаракати ва бир неча мавзеда сув таъминоти қисман тикланган.

ДХХ: Ўзбек-қозоқ чегарасида ерости йўли топилди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги ерости йўли топилган жой харитаси (видеодан скриншот)
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги ерости йўли топилган жой харитаси (видеодан скриншот)

Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасида узунлиги 310 метр келадиган туннел аниқланган.

Мазкур туннел Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ва “Тошкент-Аэро” ИБК ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир чоғида аниқлангани айтилмоқда.

Иддаога кўра, мазкур ерости йўли орқали трансчегаравий жиноий гуруҳ Ҳиндистондан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга катта миқдорда сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб кириш билан шуғулланган.

“Хусусан, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари “Деҳли-Тошкент-Олмаота” авиайўналиши орқали транзит тарзда “Олмаота” халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани “Дўстлик” аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ўрикзор” МФЙ ҳудудига ўтказилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, тезкор тадбир чоғида жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 1 миллиард 94 миллион 342 минг сўмлик жами 107 номдаги 17 минг 48 дона дори воситалари мусодара этилган. Мазкур дори-дармонлар орасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Альбумин, Ремдесивир, Меропенем каби препаратлар бўлгани айтилган.

“Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Озодлик ўзбек-қирғиз чегарасида контрабандачилар томонидан фойдаланиб келинган бир неча туннел топилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон даромади ўртачадан паст ўлкалар қаторида қолди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистон даромади ўртачадан паст бўлган мамлакатлар сафида қолди. Жаҳон банки томонидан ёйинланган ҳисобот шундан далолат бермоқда.

Ўзбекистон 2008 йилдан бери даромади ўртача бўлган мамлакатлар қаторига киролмай келади.

Жаҳон банки қайдича, ўтган йили Ўзбекистонда жон бошига ялпи миллий даромад кўрсаткичи бор-йўғи 2,3 минг долларни ташкил этган.

Қиёс учун: бу кўрсаткич Марказий Осиёда Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистонда 10,9 минг АҚШ долларига, тобора қашшоқлашиб бораётгани айтилаётган Туркманистонда эса 7,1 минг АҚШ долларига тенгдир.

Бухорода вояга етмаганлар никоҳига оид ҳолат судда кўрилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухорода 16 ёшли ўсмир йигит ва 17 ёшли қизнинг никоҳланиши билан боғлиқ ҳолат Болалар омбудсмани томонидан алоҳида кузатувга олинган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ Kun.uz нашри Бухоро вилоятида вояга етмаганлар ёшларнинг тўйи бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилган эди.

Ҳолат ўрганилиши ортидан “29 июнь куни Бухоро шаҳрида оилаларнинг ўзаро келишуви асосида 2008 йилда Шофиркон туманида туғилган А.А. (ўғил бола) ва 2007 йилда Қоракўл туманида туғилган Р.Н.нинг (қиз бола) никоҳ тўйи бўлиб ўтган”и аниқланган ва бу борада терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Болалар омбудсмани 2 июль куни вояга етмаганларнинг ота-оналари Н.С. ва Н.Қ.ни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47−3 моддаси (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳужжатлар судга юборилганини қайд этган.

Хабарномада, Оила кодексининг 15-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланганини эслатилган.

Бу қонуний талабнинг бузилиши боланинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш ҳамда жисмоний, ақлий ва маънавий уйғун равишда камол топиш ҳуқуқларига мутлақо зиддир”, дея қўшимча қилган Болалар омбудсмани.

ДХХ учта туманда ҳоким муовинларини пора билан қўлга олди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош, Андижон вилоятининг Бўстон ва Тошкент вилоятининг Бўка туманларида ўтказилган тезкор тадбирларда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари туман ҳокимлари ўринбосарларини пора билан қўлга олишган.

ДХХ қайдича, Тахиатошда ҳоким муовини 32 миллион сўм, Бўстонда ҳоким ўринбосари 10 минг доллар, Бўкада эса ҳоким муовини 1200 доллар олаётган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилган хабарномада ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда турли даражадаги мулозимлар томонидан ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда содир этилган коррупцион жиноятлар фош этилганига оид хабарлар кўпайган. Пора билан қўлга олинганлар орасида ИИВ, суд, прокуратура, Миллий Гвардия ва бошқа ташкилотлар масъуллари бор.

Гутерриш Тошкентда орден билан тақдирланди

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 1 июль куни Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида унга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири — "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур орден Гутерришга “жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш” ҳамда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун топширилган.

Маросимда БМТ бош котибининг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, "яшил" ва рақамли тараққиёт, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатлари қайд этилган.

Куннинг биринчи ярмида Антониу Гутерриш Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб борган.

Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашишган, шунингдек, Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланган.

HRW: Нукус воқеалари бўйича адолат ҳануз қарор топганича йўқ

Қорақалпоғистондаги норозилик чиқишларидан лавҳа, 2022 йил июли
Қорақалпоғистондаги норозилик чиқишларидан лавҳа, 2022 йил июли

Ўзбекистон расмийлари Қорақалпоғистонда икки йил аввал бўлиб ўтган норозилик намойишларидан кейин ҳам республика мустақиллиги учун чақириқлар бўйича қатағонни кучайтиришда давом этмоқда, дея билдирди Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

Ташкилотнинг 1 июль куни тарқатилган баёнотида айни пайтда расмий Тошкент 2022 йил июшида Конституцияга тузатишлар лойиҳасига қарши Нукусдаги норозилик чиқишларини бостиришда ҳаддан зиёд куч қўлланилгани учун бирорта ҳам юқори лавозимли мулозим жавобгарликка тортилмаганига эътибор қаратган.

Ўзбекистон раҳбарияти нафақат икки йил аввал Қорақалпоғистондаги норозиликлар чоғида ҳалок бўлганлар учун адолатни таъминлай олмади, балки ўшандан бери бошқа қорақалпоқ фаолларига нисбатан репрессиялар сезиларли даражада оширганига гувоҳ бўлдик”, деган ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.

HRW вакилига кўра, Ўзбекистоннинг ҳамкорлари мамлакат раҳбариятини яна бир бор адолатни таъминлашга чақиришлари ҳамда Қорақалпоғистонда ҳам, хорижда ҳам фаолларга нисбатан давом этаётган таъқибларни қоралашлари лозим.

2022 йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда аҳоли пойтахт Нукус шаҳрининг марказий майдонида оммавий норозилик акциясига чиққан. Одамлар Тошкентнинг Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум этиш режасига шу йўсинда норозилик билдиришган. Ҳукумат намойишни куч билан бостирган.

Расмий Тошкент Нукус воқеаларида ҳуқуқ-тартибот идораларининг тўрт ходими дохил 21 киши ҳалок бўлди, деб баёнот берган.

2022 йил 7 ноябрида Human Rights Watch халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати Нукусдаги норозилик акциялари чоғида ўқотар қурол қўллаганини даъво қилиб, очиқ текширув ўтказишга чақирди.

Ташкилот воқеалар гувоҳлари томонидан 2022 йил 1 июлидан 1 августигача бўлган даврда ижтимоий тармоқларда ёйинланган 55 та видеороликни верификация қилиб, 31 та видеоёзув ва фотосуратда ўқотар қуролдан ўлганлар ёки ярадорлар акс этганини аниқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати юз берган воқеалар сабабларини ўрганиш мақсадида парламент ҳузурида махсус комиссия тузган, аммо тафтиш натижалари жамоатчиликка эълон қилинган эмас.

Нукус воқеалари бўйича ўтказилган судларда умумий ҳисобда 61 киши жавобгарликда тортилган. Улар орасида одамларни тинч норозилик акцияларига чақиргани айтилаётган блогер ва адвокат Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Фотон” заводининг 85,6 фоиз акцияси 151 млрд сўмга сотилди

"Фотон" АЖга тегишли бино (Газета.uz фотоси)
"Фотон" АЖга тегишли бино (Газета.uz фотоси)

“Фотон” акциядорлик жамиятининг устав капиталидаги 85,58 фоиз давлат улуши 151 миллиард сўмга сотилган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Давактив қайдича, хусусийлаштириш натижасига кўра “HAVVO GROUP” масъулияти чекланган жамияти ғолиб топилган ва 85,58 фоизлик улуш мазкур МЧЖга ўтган.

Ғолиб томонидан келажакда Корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулотлар турини ва реализацияси географиясини янада кенгайтириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, шунингдек корхона фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш режалаштирилган”, дейилган хабарномада.

“Фотон” заводи Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1942 йил) Москва вилоятидаги “Радиолампа” заводининг Тошкентга кўчирилиши ортидан ташкил этилган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда корхона 68 минг квадрат метрга тенг иккита ишлаб чиқариш майдонига эга.

Уч юз чоғли мутахассис ишлайдиган завод акцияларининг 85,58 фоизлик улуши шу кунгача давлатга тегишли бўлиб келган. Корхонада 30 дан зиёд турдаги яримўтказгич маҳсулотлари ва микросхемалар ҳамда турли электр жиҳозлари ишлаб чиқарилади. 2020 йил декабрида “Фотон” акцияларининг давлатга тегишли пакети россиялик инвесторларга таклиф этилган эди.

2023 йил декабрида “Фотон” акциядорлик жамияти ва унинг раҳбари Маърифхўжа Сайдумаров Украинанинг санкция рўйхатига киритилганди.

БМТ бош котиби икки кунлик ташриф билан Тошкентга келди

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш 30 июнь куни Ўзбекистонга етиб келган.

Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, Гутерришни Тошкент аэропортида бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олган.

Қисқа суҳбатдан сўнг БМТ Бош котиби Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ҳамроҳлигида ўзи учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетди”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё давлатларига сафар доирасида жорий йилнинг 30 июнь − 1 июль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриши эълон қилинган.

Ташриф чоғида Гутерришнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказиши, музокаралар кун тартибидан Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, глобал сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ўрин олгани билдирилган.

Ташриф давомида БМТ Бош котиби қатор саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ҳам бориб кўради, икки томонлама учрашув ва тадбирлар ўтказади”, дейилганди президент матбуот хизмати томонидан 29 июнь куни тарқатилган хабарномада.

Telegram асосчиси Павел Дуров президент Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров билан учрашди

Telegram асосчиси Павел Дуров президент Мирзиёевнинг кенжа куëви Отабек Умаров билан (Отабек Умаров ТГ-саҳифасидан олинган фотосурат)
Telegram асосчиси Павел Дуров президент Мирзиёевнинг кенжа куëви Отабек Умаров билан (Отабек Умаров ТГ-саҳифасидан олинган фотосурат)

Telegram асосчиси Павел Дуров Ўзбекистонга сафари чоғида мамлакат президентининг президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари ва Мирзиëевнинг кенжа куëви Отабек Умаров билан учрашган. Бу ҳақда Отабек Умаров ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мамлакатимизда ушбу хизматга алоҳида илиқ муносабат билдирилади, чунки Телеграм биз учун шунчаки биринчи рақамли мессенжердан каттароқ нарсадир”, деб ёзган Отабек Умаров ўзи учун “Павел [Дуров] ва унинг яқинларини меҳмондўст Ўзбекистон заминида қабул қилиш ҳақиқий шарафга айланган”ини урғулаган.

Умид қиламизки, Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари қолдирган таассуротлар ҳамда Телеграм фойдаланувчилари билан мулоқот уларга янги технологик ечимларни яратишга илҳом беради”, дея қўшимча қилган президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров.

Аввалроқ маҳаллий матбуотда Павел Дуров ўз жамоаси билан Тошкентга Ўзбекистонда TON криптовалютасини машруълаштириш масаласини ҳал қилиш ҳамда миллий тўлов тизимларига интеграция қилинган Telegram-банкни очиш масаласини муҳокама қилиш учун келаётгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди. Дуровнинг бу масалаларни ўзбек расмийлари билан муҳокама қилиб-қилмагани, агар муҳокама қилинган бўлса, қандай келишувларга эришилгани ҳақида бирор-бир маълумот йўқ.

Дуровнинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида маҳаллий матбуотда криптоактивлар ноқонуний айланмасида айбланган тошкентлик ва сурхондарёлик йигитлар 10 суткаданга қамалгани ҳақида хабарлар чиққан эди.

Ўзбекистонда кам қувватли АЭС қурилишига оид баённома имзоланди

"Ўзатом" ва "Росатом" вакиллари кичик қувватли АЭС қурилажак майдонда, Жиззах вилояти, 2024 йил 26 июни ("Ўзатом" агентлиги фотоси)
"Ўзатом" ва "Росатом" вакиллари кичик қувватли АЭС қурилажак майдонда, Жиззах вилояти, 2024 йил 26 июни ("Ўзатом" агентлиги фотоси)

“Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси вакиллари кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши шартномасининг кучга кириш тартиби тўғрисидаги баённомани имзолашди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, баённомани имзолаш маросими “Ўзатом” ва “Росатом” муҳандислик бўлими раҳбарларининг расмий учрашуви доирасида жорий йилнинг 26 июнь куни кичик қувватли атом электр станцияси майдонида бўлиб ўтган.

“Делегация куз ойида 6 блокли АЭС учун инфратузилма объектлари яратилиши режалаштирилаётган майдонни кўздан кечира туриб, штаб майдонида белгиланган вақтда қурилиш ишларини бошлаш – барча инфратузилма билан таъминланган қурувчилар шаҳарчасини барпо этишга киришиш борасида келишувни амалга ошириш юзасидан дастлабки масалаларни муҳокама қилди”, дейилган агентлик хабарномасида.

Делегация вакиллари қурилиш майдонига ташрифи доирасида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев билан ҳам учрашишган.

Жиззах вилоятида Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигида кам қувватли атом электр станцияси қурилишига доир битим имзолангани Россия президенти Владимир Путиннинг май ойи охирида Тошкентга ташрифи чоғида эълон қилинган эди.

“Ўзатом” ва “Росатом”нинг ўша пайтда тарқатилган қўшма баёнотида Жиззах вилоятида 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватли олтита ректор) иншоот қурилиши ёзда бошланиши билдирилган.

“Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради”, дейилганди расмий хабарномада.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қурилажак АЭСни “ҳаётий аҳамиятга эга лойиҳа” деб атаган.

Айни пайтда АЭС қуриш лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасисиз Россияга бериб юборилгани ижтимоий тармоқ фаолларининг кескин эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик АЭС Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.

Бу орада Озодликка Ўзбекистон маҳаллий матбуотида АЭС мавзусини танқидий руҳда ёритиш ман қилинганига оид маълумотлар ҳам келиб тушган.

ФВВ: “Чорсу” бозоридаги ёнғинни ўчириш учун 1,5 соат сарфланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

28 июнга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Беруний кўчасида жойлашган “Чорсу” бозор ҳудудидаги савдо дўконларида ёнғин чиққан.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бозордаги ёнғинга оид маълумот ФВБга тунги соат 01:12 да тушгани, шундан сўнг беш дақиқа ичида воқеа жойига 12 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борганини маълум қилган.

Вазирлик қайдича, ёнғин соат 02:22 да қуршаб олинган, соат 02:47 га бориб эса тўлиқ бартараф этилган.

Хабарномада ёнғин натижасида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида хабар келиб тушмагани урғуланган.

ФВВ воқеа жойида вазият тўла назоратга олингани, у ерга фавқудодда вазиятлар вазири етиб боргани, вазир ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари у ерда ўрганиш ишларини олиб бораётганини қўшимча қилган.

Ўн бир яшар қизалоқни зўрлаб келган шахс қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда вояга етмаган қизчани мунтазам равишда зўрлаб келган эркак қўлга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, беш фарзанднинг отаси бўлган “блогер ниқоби остидаги” 31 яшар А.К. “бошқа бир эркак билан расмий никоҳи бекор қилинмаган аёлни ўзига иккинчи хотин қилиб олган”.

Хабарномада иккинчи хотинининг 11 яшар қизини ҳам мунтазам равишда зўрлаб келгани айтилаётган А.К.га нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан қондириш) билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.

Вояга етмаган жабрланувчига эса “агентлик томонидан зарур тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилмоқда”.

Мирзиёев Туркия мудофаа вазирини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер билан, Тошкент, 2024 йил 26 июни (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер билан, Тошкент, 2024 йил 26 июни (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни Тошкентда бўлиб турган Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

“Хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган хабарномада.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Туркия делегацияси вакиллари билан Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни ҳам муҳокама қилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати қайдича, Тошкентга келган турк ҳарбий делегациясига мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги ўзбек ҳарбийлари мезбонлик қилмоқда.

ОТМларга 900 минг чоғли абитуриент ҳужжат топширди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш ишлари поёнига етган. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, тест синовларида иштирок этиш учун 894 минг 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Булардан 410 минг 334 нафари жорий йил битирувчилари, 483 945 нафари эса аввалги йиллар битирувчиларидир.

Абитуриентлар энг кўп Тошкент шаҳрида (161 минг 369 нафар), Самарқанд вилояти (93 минг 92 нафар) ва Қашқадарё вилоятида (89 минг 188 нафар) тест топшириши маълум бўлган.

Абитуриентларнинг 784 минг 458 нафари таълим тили ўлароқ ўзбек тилини, 84 минг 774 нафари рус тилини, 22 минг 534 нафари қорақалпоқ тилини, 2 минг 513 нафари эса бошқа тилларни танлашган.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги абитуриентларга тест синовларида иштирок этиш учун тўловни 26 июнь соат 23:59 гача амалга ошириш лозимлигини эслатган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG