"Андижон шаҳар собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ижтимоий тармоқларда ўзининг яланғоч аёл қўйнида ëтгани акс этган суратларни фотошоп деб атади".
Бу иддаони шахсан ўзи эшитганини таъкидлаган Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қўчқорова 27 август куни Озодликка шундай деди.
Айни пайтда Қўчқорова ижтимоий тармоқларда тарқалган бу сурат, кўпдан андижонликлар норозилигига сабаб бўлиб келган Дилмурод Раҳматуллаевни лавозимидан бўшатиш учун сўнгги туртки бўлганини эътироф қилди.
24 август куни Дилмурод Раҳматуллаевнинг интим муносабати акс этган расмлар ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан, 26 август куни у ҳокимликдан олинди.
Андижон шаҳрининг уч йиллик ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 26 август куни шаҳар халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ишдан олинди.
Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мажлис иштирокчиларидан бири Озодликка Дилмурод Раҳматуллаев ҳокимлик вазифасини "бажара олмагани учун" деган асосда ишдан олинганини билдирди.
“Вилоят ҳокими, “мен бу болани жуда кўп огоҳлантирдим, сенинг устингдан шикоят кўпайиб кетди дедим. Лекин бу бола ўз билганидан қолмади. Мана, охир-оқибат шунақа бўлди”, деб ҳокимликдан олиб ташлади. Шуҳрат Абдураҳмонов қўлидаги бир даста қоғозни кўрсатиб, шаҳар ҳокими устидан шунча шикоят борлигини таъкидлаб ўтди”.
Озодлик гаплашган бу депутат сессияда Дилмурод Раҳматуллаевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган интим суратлари тилга олинмаганини айтди.
"Сессияда бу ҳақда гап бўлмади. Жуда қисқа мажлис бўлди. Депутатлар Дилмурод Раҳматуллаевни ишдан олиш таклифини маъқуллади, Баҳромжон Ҳайдаровни вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи этиб таийнлади. Шу билан сессия тугади".
Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қўчқорова 27 август куни Озодликка ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат вилоят ҳокимининг сабр косасини тўлдирганини айтди.
“Эротик” характердаги суратларнинг тарқалиши Раҳматуллаев устидан тушган шикоятлар устига тўкилган сўнгги томчи бўлди.
- Сессияда вилоят ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг ўз мажбуриятларини бажара олмаганини айтди. Чунки, ҳақиқатан ҳам сўнгги пайтда аҳолининг шаҳар ҳокими устидан арз-шикояти кўпайиб кетган эди. Бошқа нарсалар, жумладан “эротик” характердаги суратларнинг тарқалиши сўнгги томчи бўлди. Аслида, сўнгги пайтларда вилоят ҳокими нафақат бутун вилоят билан, балки шаҳар муаммолари билан ҳам ўзлари шуғуллана бошлаган эди.
Гулшаной Қўчқоровга кўра, Дилмурод Раҳматуллаев ижтимоий тармоқларда тарқалган интим суратларни фотошоп деб атаган.
Дилмурод Раҳматуллаевнинг кўзларига қараб, уни шок ҳолатига тушиб қолганини кўрдим.
- Бу суратлар чиққанда мен ёнида эдим. Дилмурод Раҳматуллаевнинг кўзларига қараб, унинг шок ҳолатига тушиб қолганини кўрдим.Чунки, у ҳам, мен ҳам бу суратларнинг фотошоп қилинганини билдик. Кимдир унга нисбатан шантаж қилаётгани аниқ бўлди. Дилмурод ака жуда ёмон, депрессив ҳолатга тушиб қолди.
Озодлик билан суҳбатда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари¸ Дилмурод Раҳматуллаевнинг бу сохта суратларнинг ижтимоий тармоқда ким томонидан тарқатилганини аниқлаш сўрови билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилган-қилмаганидан бехабарлигини айтди.
- Бундан хабарим йўқ, лекин Дилмурод Раҳматуллаев Телеграм канали орқали мурожаат қилиб, ўз фикрини бугун айтди.
26 август куни ижтимоий тармоқларда Дилмурод Раҳматуллаев билан интервью деб иддао қилинган савол-жавоб матни тарқаган ва унда гўё собиқ ҳоким интим суратларнинг тарқаши учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновни айблаган эди.
Бу матнда¸ мазкур шантажга жавоб тариқасида яқин кунларда вилоят ҳокими Абдураҳмоновнинг интим видеолари ошкор қилиниши айтилган.
27 август куни собиқ ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев Телеграм каналида ўзи тарқатган видеомурожаатда бундай "интервью"нинг сохта эканини билдирди.
“Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда мен билан қанақадир мулоқотлар, мурожаатлар тўғрисида гап кетаяпти. Бу¸ албатта, ғирт ёлғон, бўҳтон. Бу Андижон шаҳримизни, вилоятимизни, шу билан бирга вилоят раҳбарларимизни обрўсига путур етказиш, деб ўйлайман, ҳамда буни лаънатлайман, қоралайман! Агар мард бўлса, шу мурожаатни эшитганидан кейин мен билан боғланиши ёки мен билан суҳбат ўтказиши мумкин. Мен ҳеч ким билан боғланганим йўқ, ҳеч ким билан бу масалада гаплашганим йўқ. Бу ҳам менга нисбатан уюштирилаётган навбатдаги бўҳтонлардан бири деб ўйлайман. Лаънатлайман ва қоралайман!”¸ дейди ўз видеомурожаатида Дилмурод Раҳматуллаев.
Айни пайтда собиқ ҳоким бу раддиясида интим суратлари ҳақида лом-мим демаган.
27 август куни Озодлик Дилмурод Раҳматуллаев билан боғланиб¸ ундан ўзига нисбатан "махсус уюштирилгани" айтилган сўнгги воқеаларга муносабат олишга уринди. Кун давомида собиқ ҳокимнинг мобиль телефони ўчирилгани боис у билан боғланиш имкони бўлмади.
Сўконғич ҳоким тарихи
Асли касби ўқитувчи бўлган Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йилда Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси лавозимидан олиниб¸ Андижон шаҳар ҳокими вазифасига тайинланган эди.
Озодлик 2017 йил 21 ноябрида Андижон ҳокимининг пахтага кам одам чиқарган коллеж ва лицейлар директорларини “ҳайвон”, “шакал”, “эшак”, “падарингга лаънат” каби таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилгани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган эди.
Озодликка юборилган бу аудиоëзувда 18 ноябрь куни ўтказилган мажлисда Дилмурод Раҳматуллаев икки маҳалла фаолини “шакал, кампир, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.
Бу ҳақоратлари учун Д.Раҳматуллаев суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари (5 миллион сўм) миқдорида жарима тўлашга ҳукм этилган эди.
Бу ҳукмдан сўнг Озодликка келган бошқа аудиоëзувларда маъмурий жазога тортилган Дилмурод Раҳматуллаевнинг қўл остидаги ходимларни ҳақорат қилишда давом этгани акс этди.
Хусусан¸ 2018 йилнинг 12 июнь куни шаҳар ҳокими сафарбарлик чақирув резервига одам топиб, пул ўтказмаётган икки ташкилот раҳбарини қаттиқ ҳақорат қилган эди.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 17 апрель куни ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш масаласида ўтказган селектор йиғилишида, бир неча ҳокимга ҳайфсан эълон қилиб, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевни охирги марта огоҳлантираётганини айтган эди.
Аммо сўконғичлиги учун сўнгги огоҳлантириш олган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 2018 йилнинг 15 майида маҳаллий ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини "ифлос, худо урган, мараз, пес, мохов, ҳаром ва латта" каби сўзлар билан яна ҳақорат қилган эди.