Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:02

Қирғизистоннинг амалдаги ва собиқ президентлари учрашди. Улар “бир-бирини кечиргани» айтилмоқда


Қирғизистоннинг собиқ президентлари (чапдан ўнгга) Асқар Ақаев, Қурмонбек Бакиев, Роза Ўтунбаева, Алмазбек Атамбаев, Сўўрўнбай Жээнбеков ва амалдаги президент Садир Жапаров.
Қирғизистоннинг собиқ президентлари (чапдан ўнгга) Асқар Ақаев, Қурмонбек Бакиев, Роза Ўтунбаева, Алмазбек Атамбаев, Сўўрўнбай Жээнбеков ва амалдаги президент Садир Жапаров.

Қирғизистоннинг собиқ президентлари Асқар Ақаев, Қурмонбек Бакиев, Роза Ўтунбаева, Алмазбек Атамбаев, Сўўрўнбек Жээнбеков ва амалдаги президент Садир Жапаров “бетараф ҳудудда” учрашув ўтказди. Бу ҳақда Садир Жапаров ўзининг Фейсбук саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, учрашув “Қирғизистон халқнинг якдиллигини ва бирдамлигини мустаҳкамлаш” мақсадида ўтказилган. Учрашув давомида “президентлар бир-бирларини кечирганлари”ни айтганлар.

Айни пайтда бу воқеа мамлакат жамоатчилиги орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзи қирғизистонликлар Жапаровнинг бу ҳаракатини қўллаган бўлса, бошқалар танқид қилиб, президентларнинг айримлари Қирғизистонда сиртдан судланганини эсга солдилар ва қонун устиворлигини талаб қилмоқда.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг ишончли манбаларга таяниб хабар беришича, учрашув Дубайда бўлиб ўтган.


Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров “собиқ”ларни “бетараф ҳудудда” йиғиб учрашув ўтказганини “миллатни якдил кўриш истаги” ўлароқ изоҳлади. Президент учрашув қачон ва қаерда ўтказилгани тўғрисида маълумот бермади.

“Юракка тинчлик бермаган яхши ниятларни амалга ошириш учун бел боғлаб, сўнгги тарихимизда юрт сўраган президентларимиз бошини бириктириб, бир жойга тўпладим. Қирғиз одатига кўра, олдиларига ош тортдим. Улар бир муштумдай бўлиш ташаббусимни қўллаб беришди. Албатта, бирининг ортидан бири келган давлат раҳбарлари аччиқ гапларини ҳам айтишди. Ичидаги норозиликларини ҳам билдиришди, йўл қўйган камчиликларини ҳам тан олишди. Энг асосийси, улар бир-бирини кечира олишди. Менинг ҳам кўзлаган мақсадим шу эди. Ҳар бир президентнинг тарафдорлари, етти вилоятдаги бутун ҳалқимиз, бир йўналишда бирикса, сиёсатни ташлаб, миллат, иқтисодиётни биргаликда ривожлантирса деган орзуим бор эди”, деб ёзди Садир Жапаров ўзининг Фейсбук саҳифасида.


15 февралда 3,5 йиллик қамоқдан сўнг озод этилган собиқ президент Алмазбек Атамбаев даволаниш учун Испанияга учиб кетган эди. У 19 февраль куни собиқ президентлар учрашувида иштирок этганини тасдиқлади.

Унинг билдирувини Социал-демократлар партияси етакчиси Темирлан Султанбеков ўзининг Фейсбук саҳифасида эълон қилди. Унда Атамбаев собиқ президентлар йиғилиши тўғрисида аввалдан огоҳлантирилмаганини, уни “президент Жапаров ва Қамчибек Ташиев (Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси) билан учрашув бўлади” деб чақиришганини билдирган.

“Мен ҳам мамлакатда тинчлик, бирлик бўлишини истайман. Президент Жапаровнинг ҳолис ниятини қадрлайман. Бироқ учрашув сўнгида мен ҳеч ким билан ҳайрлашмай чиқиб кетган вазият юзага келди. Келажакда зарурат туғилса, албатта, барча тафсилотларни айтиб бераман. Бироқ мамлакатда тинчлик ва бирлик ўрнатиш билан Бакиевни Қирғизистонга қайтариш – бошқа-бошқа нарса. Бу иккисини бирлаштириш умуман бошқа натижа беради. Кўп қон тўкилган, уни унутиш мумкин эмас. Президент Садир Жапаров мени эшитди ва тўғри қарор қабул қилади деб умид қиламан”, - деб ёзади Атамбаев.

Президент Жапаров маъмурияти мазкур билдирувга ҳозирча муносабат билдирмади.


Президент Садир Жапаровнинг бу қадами жамоатчилик орасида, “Президентлар ўзаро бир бирларини кечиргани билан, халқ уларни кечирадими?” деган савол атрофида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Масалан, Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев бир неча киши отиб ўлдирилган Ахси воқеларида ва коррупцияда айбланган.

Қирғизистон, Бишкек. 2005 йилнинг 24 марти.
Қирғизистон, Бишкек. 2005 йилнинг 24 марти.

Иккинчи президент Қурмонбек Бакиев эса 2010 йилнинг 7 апрелида унинг истеъфосини талаб қилиб чиққан бир неча минг норозига ўқ отишга буйруқ берганликда айбланган. Қирғизистон суди уни сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Собиқ мудофа вазири Исмаил Исаков Садир Жапров уюштирган учрашув қонун доирасидан ташқарида бўлган, деб ҳисоблайди:

Исмаил Исаков.
Исмаил Исаков.

“Негаки, аввалги президентларнинг айримлари Қирғизистонда жиноят ишлари доирасида судланган. Улар оқланмасдан туриб ёки уларга нисбатан чиқарилган суд ҳукмлари бекор қилинмасдан туриб, амалдаги президентнинг уларга чой бергани ноқонунийдир. Қурмонбек Бакиев юзга яқин одамнинг ўлимида айбланган ва сиртдан қамалган. Қонун талаби асосида уни Қирғизистонга олиб келиш ва қамаш керак эди”, деган Исмоли Исақов “Конституцияда Қирғизистон ҳуқуқий ўлка деб белгилаб қўйилган. Учрашувдан олдин шу моддани бекор қилиш лозим эди”, деб қўшимча қилди.

Президент Садир Жапаров Фейсбук саҳифасида эълон қилган билдирувида масаланинг бу жиҳатини ҳам тилга олган:

Садир Жапаров.
Садир Жапаров.

“Тўғри, халқимиз кўзи билан қараганда, президентларнинг ҳар бири олиб борган сиёсатда хатоликлар, фожиалар ва қон тўкишлар ҳам бўлган. Ақаев давридаги Ахси воқеалари, Бакиев давридаги апрель воқеаси, Муваққат ҳукумат давридаги июнь фожиаси, Жээнбеков давридаги октябрь воқеалари, унда Умид исмли ёш йигитнинг ҳалок бўлгани, афсуски, қирғиз тарихидаги қора доғлар бўлди”, деб ёзган Жапаров сўзида давом этар экан, барча қирғизистонликларни “кечиримли ва сабрли бўлишга” чақирди:


“Кечиримли бўлайлик, сабрли бўлиб, йўлимизни олға қараб давом эттирайлик. Мустақиллигимизни мустаҳкамлайлик, ривожланиш учун банча имкониятларга эга бўлган Қирғизистонимизни гуллатайлик десак, ўтмишдаги гапларни, кекларни, хафагарчиликларни ва хусуматларни сувга оқизайлик”.

Президент Садир Жапаров ўтказган учрашувни Қирғизистон янги тарихидаги аҳамиятли воқеалардан бири деб ҳисобловчилар ҳам бор. Шундайлардан бири сиёсатчи, жамоат арбоби Бекбўлўт Талғарбеков:

"Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев мардлик қилиб, тарихий аҳамиятга эга учрашувни ўтказишди. Президентларнинг ўзаро иттифоқ бўлгани – улар ортидаги электорати, халқнинг бирлашувига сабаб бўлади”.

Қирғизистон мустақилликни қўлга киритганидан буён мамлакатни олтинчи президент бошқармоқда.

Тўнғич президент Асқар Ақаев 2005 йил 24 мартда юз берган “Лола инқилоби” ортидан Россияга қочган эди. Шу йил январь ойи охирида унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар қисқартирилгани маълум бўлган.

2005 йилда ҳокимиятга келган Қурмонбек Бакиев 2010 йилдаги апрель инқилоби ортидан Беларусга қочган. Апрель воқеалари пайтида 87 киши ҳалок бўлган. Қурмонбек Бакиев сиртдан судланиб, 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Учинчи президент Роза Ўтунбаева 2010-2011 йилларда Муваққат ҳукуматни бошқарган. Роза Ўтунбаева ҳукумронлиги пайтида тарихга “Ўш қирғини” номи билан кирган фожиали июнь воқеалари юз берган эди. Бу воқеалар пайтида Қирғизистон жанубида расман 500 га яқин одам ҳалок бўлгани билдирилган.

2011 йилнинг 1 декабрида Алмазбек Атамбаев президентлик курсисига ўтирди. 2017 йилдаги сайловда Алмазбек Атамбаевнинг дастаги билан президентликка Сўўрўнбай Жээнбеков келди.

Лавозимидан кетгач, собиқ президент Алмазбек Атамбаев криминал олам лидери Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатганликда айбланди. 2019 йил августида милиция махсус отряди унинг Қўйтош қишлоғидаги уйини штурм қилган, унинг ўзини эса тутиб кетган. Кейинги йил июлида у 11 йилга қамалган. Штурм пайтида миллий хавфсизлик қўмитасининг бир зобити ҳалок бўлган, жами 225 одам жароҳатланганди. Улардан 91 нафари милиция, 40 нафари миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари, қолганлари оддий фуқаролар бўлган.

Сўўрўнбай Жээнбеков 2020 йил октябридаги норозилик намойишлари оқибатида истеъфо берган эди. Шундан сўнг Садир Жапаров президентликка сайланган.

Форум

XS
SM
MD
LG