Ушбу фикр Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида 14 август куни ёйинланган мақоласида қайта-қайта таъкидланган.
Мақола муаллифи ўтган ҳафта Остона шаҳрида ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи маслаҳат учрашуви якунига баҳо берар экан, минтақа сўнгги йилларда интеграция борасида мураккаб йўлни босиб ўтганини қайд этган.
“Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди. Биз чегара ҳудудларидаги можаролар ва миналанган далаларга, транспорт блокадаларига, савдо соҳасида баланд тўсиқлар ўрнатилганига гувоҳ эдик. Сув ресурсларидан, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувларнинг очиқ қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор эди”, деб ёзган Комилов.
Собиқ вазирга кўра, кейинги йилларда Марказий Осиёда “жараёнларни қайта ишга тушириш” жараёни юз берди. Беш давлатнинг юқори даражадаги бирлашуви туфайли минтақада савдо ҳажми 4,4 баробар, қўшма корхоналар сони 5 баробар, ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб 2 баробар ошди.
“Янги геосиёсий шароитда Марказий Осиё Буюк ипак йўли даврида минтақа эгаллаган ўринни – Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи кўприк, турли иқтисодий манфаатлар чорраҳаси мақомини яна ўзига қайтармоқда”, деб ёзган муаллиф.
Таҳлилчилар фикрича, дунё геосиёсатида катта вазнга эга бўлган давлатлар Марказий Осиё давлатларига турли шаклда босим ўтказишга уринади. Айниқса, кейинги йилларда Марказий Осиё геосиёсий рақобат майдонига айлангани хусусида фаразлар бор.
Дипломатия соҳасида суяги қотган Комиловнинг мақоласида ушбу ҳассос масала кўтарилган эмас. Аммо муаллиф “Марказий Осиё ўз субъектлигини мустаҳкамлаб, моҳиятан жаҳон майдонида мустақил иштирокчига айланиб бўлгани”ни урғулаган.
“Ҳеч кимга сир эмаски, янги Марказий Осиё жаҳондаги қудратли давлатлар ва етакчи давлатларни ўзига тортадиган минтақага айланди. Бугунги кунда Марказий Осиё ўндан зиёд “Марказий Осиё+” форматлари доирасида қирққа яқин давлат ва иккита минтақавий ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилмоқда”, деб ёзган у.
Минтақага қизиқиш ортиб бораётганининг соф иқтисодий омиллари ҳам мавжуд, албатта.
“Марказий Осиё ҳамкорларимиз учун 80 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга истиқболли бозор ҳисобланади. Бу ерда жаҳон нефть ва газ захираларининг 7 фоизи, рақамли ва яшил трансформация учун зарур бўлган ўта муҳим нодир материалларнинг катта захиралари тўпланган. Хусусан, минтақада мавжуд 10 турдаги ўта муҳим материаллар захираси 5,2 фоиздан 38,6 фоизгача бўлган миқдорни ташкил этади”, дея эслатган дипломат.
Комилов минтақада мухолифлик, рақобат ва тарқоқлик кайфиятини бартараф этишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг хизмати катта эканини таъкидлаб, уни “Янги Марказий Осиёнинг бош меъмори” деб атаган. Унга кўра, Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсат доктринасида “қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги”га эришиш мақсадини қўйди.
“Тошкентнинг Марказий Осиёда сиёсий-дипломатик, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ёндашувларидаги ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг қўшнилар билан давлатлараро муносабатларини тубдан яхшилаш учун шароит яратди, балки Марказий Осиёнинг янги форматда янада жипслашиши ва интеграциялашувига замин бўлди”, деб ҳисоблайди муаллиф.
Мақолада Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани ҳуқуқий расмийлаштиришни тўлиқ якунлагани, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарани делимитация қилгани муҳим ютуқлар сифатида саналган.
Муаллиф минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш учун сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, иқтисодий йўналишда стратегик ўсиш ва туб ўзгаришни амалга ошириш, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, иқлим ўзгаришига мослашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш каби етти вазифага ҳам эътибор қаратган.
Маълумот ўрнида, 76 ёшли Абдулазиз Комилов танаффуслар билан қарийб 20 йил давомида (1994-2003 ва 2012-2022 йиллар) Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамасига раҳбарлик қилган. 2022 йил 17 март куни мамлакат парламентида расмий Тошкент Украина ҳудудий яхлитлигини дастаклаши ҳақида берган баёноти ортидан ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилган. Ўшанда Комилов Ўзбекистон “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши”, “Донецк ҳамда Луганцк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни очиқ айтган эди. Унинг вазирликдан ошиғич равишда бўшатилиши сабаби расман очиқланмаган бўлса-да, кузатувчилар буни Кремлнинг Тошкентга босими билан изоҳлаган эди.
Вазирликдан кетган сиёсатчи бир муддат Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимида ишлаган. Абдулазиз Комилов 2022 йил 16 июнидан Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили вазифасида фаолият юритиб келяпти.
Форум