Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:31

“Сохта айблов билан ими-жимида суд қилишмоқчи”. Навальнийга қарши янги жиноят иши


Алексей Навальний
Алексей Навальний

Россияда мухолифатчи Алексей Навальнийга қарши очилган янги жиноят иши 15 февралдан бошлаб сайёр суд мажлисида кўрилиши маълум бўлди. Бунинг учун Лефортово тумани суди Навальний “Ив Роше иши” бўйича жазо муддатини ўтаётган Владимир вилоятидаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясига боради. Сиёсатчи иккала иш бўйича яна ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Навальнийнинг адвокати Ольга Михайлова сайёр суд мажлислари амалиёти ўта ғайриоддий ҳолат эканлигини, одатда, айбланувчи аллақачон қамоқ жазосини ўтаётган бўлса ҳам барибир судга келтирилишини, суд унинг ҳузурига бормаслигини айтади.

Адвокат суд мажлисининг колонияда ўтказилиши Навальнийнинг ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланишида жиддий тўсиқларни вужудга келтиришидан хавотир олмоқда.

“Колония қўриқланадиган объект ҳисобланади, унинг ҳудудига телефон, компьютер ва шунга ўхшаш нарсаларни олиб кириш мутлақо тақиқланган. Бу ҳолда суд қандай ўтади, биз ва гувоҳларимиз ичкарига қандай кирамиз, ҳайронман”, дейди Михайлова.

Навальнийнинг сафдоши Иван Жданов бу фикрга қўшилади.

“Ёпиқ мажлисда ими-жимида суд қилишмоқчи: бу режимли объект деб, ковид чекловларини рўкач қилиб ҳеч кимни киргизишмайди”, дейди у.

Мухолифатчига кўра, ҳукумат Навальнийга қарши янги ҳукм оммавий норозиликка сабаб бўлишидан чўчиб, шундай йўл тутмоқда.

“Иш материалларида жиноят таркиби йўқлиги ва умуман воқеа ҳам, ҳуқуқбузарлик ҳам мавжуд эмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Алексейни Коррупцияга қарши кураш фондига қилинган хайрия пулларини ўзлаштирганликда – фирибгарликда айблашяпти, ҳолбуки у Фонддан ҳеч қачон пул олмаган. Жиноят иши тафсилотлари билан танишган одамлар “бу ерда жиноятнинг ўзи йўқ-ку”, деб ҳукуматни масхара қилишган бўларди”, дея сўзида давом этади Иван Жданов.

Унинг айтишича, расмийлар бир чеккаси шундай вазиятга тушмаслик учун ҳам Навальнийни ёпиқ мажлисда суд қилишмоқчи.

“Қолаверса, мамлакатнинг бош мухолифатчисига бўлмағур айбловни ёпиштириб, одамларнинг норозилик акцияларига чиқишига сабаб бўлишдан ҳадикланишяпти”, мулоҳаза қилади у.

“Шунингдек, ҳукумат суд жараёни кун тартибидаги халқаро мавзуларга соя солишини ҳам истамайди. 15 февраль куни Москвага Германия канцлери Олаф Шольц келяпти. Навальнийнинг заҳарланиши Германия учун ҳам аҳамиятли воқеа, чунки заҳарланганидан сўнг уни айнан ушбу мамлакатга олиб кетишган ва Берлин клиникасида Алексейнинг организмидан “Новичок” моддаси топилган. Ўйлашимча, мана шу воқеаларнинг бари уларни Навальний устидан судни панароқда ўтказишга ундаган. Кўрасиз, суд мажлисларини чўзиб ўтиришмайди, бир зумда якунлашади”, дейди Иван Жданов.

Навальний устидан фирибгарликка оид жиноят иши 2020 йил декабрда Россия Жиноят кодексининг 159-моддаси тўртинчи қисми бўйича қўзғатилган: мухолифатчи жуда кўп миқдорда (356 млн рубль) пул ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бундан ташқари, сиёсатчини “Иккинчи жаҳон уруши ветерани Игнат Артеменкога туҳмат” ишини ўрган судья Вера Акимовага ҳурматсизлик қилишда ҳам айблашяпти. Мазкур иш бўйича Навальнийга 580 минг рубль жарима солинган эди.

Алексей Навальний 2021 йил бошларида Германияда даволаниб қайтиши билан ҳибсга олинган эди. Расман бу Жазони ижро этиш федерал хизматининг мухолифатчи гўё “Ив Роше иши” бўйича тайинланган шартли жазо муддатини ўташ тартибини бузгани ҳақидаги аризасига кўра амалга оширилди. Кейинроқ суд Навальнийни мазкур иш бўйича уч ярим йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

XS
SM
MD
LG