Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:48

СССР қулаши ортидан собиқ совет мамлакатларида Хитой таъсири қандай ошди?


1989 йилнинг май ойида Совет Иттифоқи бош котиби Михаил Горбачёв катта шов-шув билан Хитойга уч кунлик хизмат сафарига борди.

Бу 1969 йилда икки мамлакат ўртасида чегара можароси содир бўлганидан кейин совет раҳбарининг Хитойга қилган биринчи ва сўнгги ташрифи бўлди. Чегара можаросидан кейин икки давлат ўртасида юзага келган кескинлик ўнлаб йилга чўзилганди.

Горбачёвнинг Хитойга ташрифидан кейинги икки ярим йил давомида Пекин ва Москванинг йўллари бир биридан ажралиб кетди.

Совет Иттифоқи раҳбарияти ўсиб бораётган миллатчилик ҳамда иқтисодий таназзул билан курашар экан, мамлакат ўз қудратини йўқотиб борди. 1991 йилнинг 26 декабрида Совет Иттифоқи расман тарқатиб юборилди.

Совет Иттифоқидан фарқли ўлароқ, Хитой иқтисодий ўсиш йўлини босиб ўтди. Ўнлаб йил давомида мамлакатда турмуш даражаси кўтарилди, Пекиннинг хориждаги таъсир кучайиб, мамлакат глобал таъсирга эга кучга айланди.

Совет Иттифоқи парчаланганидан 30 йил ўтгач, ушбу оламшумул ҳодисанинг таъсири ҳали-ҳануз бутун Евросиё бўйлаб сезилмоқда, чунки СССР парчаланиб кетгани Хитой учун ўттиз йил давомида минтақада ўз таъсирини оширишга йўл очиб берди.

Совет раҳбари Михаил Горбачев (чапда) ва Хитой раҳбари Денг Сяопин 1989 йилда.
Совет раҳбари Михаил Горбачев (чапда) ва Хитой раҳбари Денг Сяопин 1989 йилда.

Пекин Совет Иттифоқи парчаланиб, 15 та янги Республика шаклланишини эҳтиёткорлик билан кузатди. Бунга қарамай, Москва билан зиддият ўз якунига етгани туфайли Хитойнинг қўли бўшаб, чегараси ташқарисига эътибор қаратиш имкони туғилди.

Натижада Хитой Марказий Осиёда етакчи кучга айланди, Москва билан янги сиёсий алоқаларни ўрнатди ва пировардида бутун дунёни қамраб олувчи “Бир камар ва йўл” ташаббусини йўлга қўйди. Лойиҳа Хитой компаниялари учун қўл келди ва Евросиёда иқтисодий мувозанатни тубдан ўзгартирди.

Мэриленд штатидаги Фростбург давлат университети доценти Хайюн Ма Озодлик билан суҳбатда:

“Совет Иттифоқи хавфсизликка солган таҳдид йўқолгач, Хитойда ўз ресурсларни бошқа жойга сарфлаш ҳамда охир-оқибат ўз таъсирини ғарб томон кенгайтириш имкони пайдо бўлди”, деди.

“Бу Пекин учун катта ютуқ. Бугунги кунда Хитой таъсири ҳамма жойга тарқалган”.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетгани Пекиндаги раҳбарият фикрлашига ҳам катта таъсир кўрсатди. Коммунистик тенгдоши тақдирини такрорламаслик Хитой сиёсатчилари ва мамлакатнинг ҳозирги раҳбари Си Цзиньпин учун устувор вазифа бўлиб келади. Си 2013 йил сўзлаган нутқида СССР парчаланиб кетганини “катта сабоқ” деб атади.

“Огоҳлантирувчи қисса”

Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, олинган сабоқ шундан иборатки, Совет раҳбарлари қатъияти ва мафкурасини ҳаддан ташқари кўп эгган. Кўплаб таҳлилчи фикрича, айнан мана шу қараш Хитойда норозиликни бостириш ҳамда мамлакатнинг глобал миқёсда таъсирини кенгайтириш истагини кучайтирган.

Осиё тадқиқотлари миллий бюроси (National Bureau of Asian Research) катта илмий ходими Надеж Ролланд Озодлик билан суҳбатда:

“Хитой Коммунистик партияси учун Совет Иттифоқининг қулаши огоҳлантирувчи қиссадир”, деди.

“Хитой сиёсати ортида катта ташвиш бор. Бу ҳокимиятни йўқотиш қўрқуви ва уни қандай қилиб бўлса-да сақлаб қолиш истагидир”.

Бошида Хитойнинг Евросиё бўйлаб ҳаракатлари амбицияли ёки юқори даражали эмас эди. Пекин иқтисодий қийинчиликлар ва сиёсий инқирозлар (Тожикистондаги фуқаролар урушидан тортиб, Россиянинг Шимолий Кавказидаги жангларгача) тўлқинини босиб ўтаётган янги қўшниларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида бош қотираётган эди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Совуқ уруш тугаб, коммунизм жиловланганидан боши осмонга етар экан, Хитой ҳам қулаши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар урчиди.

Собиқ Совет Иттифоқи давлатларида беқарорлик ва ноаниқлик кенг тарқалган 1990 йилларда Пекин эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Хитой ўз иқтисодий ривожланишига эътибор қаратди ва Шарқий Осиёдаги қўшнилари билан алоқаларни яхшилаш ва мамлакатга сармоя жалб қилиш учун йирик дипломатик кампания бошлади.

Марказий Осиёда эса Хитой эҳтиёткорлик билан иш тутди. Пекин учун ўз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кўп йиллик чегара низоларини ҳал қилиш муҳим эди.

Аммо Хитойнинг минтақадаги таъсири секин суръатда ўсиб борди, чунки Пекин постсовет Россия ўз ҳаракатларига қандай муносабат билдиришидан хавотирда эди.

1996 йил апрель ойида Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари Шанхайда учрашиб, собиқ Хитой – Совет Иттифоқи чегарасидан ҳарбий қўшинларини олиб кетиш ва мустақил мамлакатлар билан чегара масалаларини ҳал қилиш механизмини йўлга қўйиш тўғрисида битим имзоладилар.

Келишув натижасида Шанхай бешлиги тузилди. Гуруҳ 2001 йилда Ўзбекистон қўшилиши билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) айланади. (Бу орада ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон ҳам қўшилди).

“Хитой ҳеч қачон Россияга очиқчасига қарши чиқмоқчи бўлмаган. Шунинг учун Пекин аввало минтақага иқтисодий йўл билан кириб борди, кейин эса бошқа жойларда ўз таъсирини кучайтирди”, деди Ма.

ШҲТ тузилганидан кейинги йилларда Хитой бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақадаги обрўсини оширишга қаратилган кенг қамровли стратегияга амал қилди.

XXI аср давомида Хитой юксалиши ортидан Вашингтонда Хитой бўлажак рақобатчи ўлароқ кўрила бошлади. Натижада Пекин бутун Евросиё бўйлаб алоқаларни чуқурлаштиришга янада кучлироқ эътибор қарата бошлади, айниқса Америка минтақада ҳарбий базалар очгани туфайли.

“Хитойнинг юксалиши Қўшма Штатлар ва бошқалар учун огоҳлантириш бўлди”, деди Ма.

“Қуруқлик бўйлаб Ғарб томон кенгайиш кескинлик тезда кучайиши мумкин бўлган Тинч океани минтақасига қараганда анча хавфсизроқ йўл эди”.

Ғарбга юриш

2000- йиллар давомида хитойлик стратеглар ўз эътиборини Евросиёга қаратди, минтақа ўзига ишончи тобора ўсиб бораётган Пекин учун янги сиёсатлар майдонига айланди.

Аммо “Хитойнинг ғарбий горизонти” китоби муаллифи Даниел Марки таъкидлаганидек, ўша пайтда Пекин собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида ҳозирги мақомига кўтарилиши аён эмас эди.

“Хитой Совет Иттифоқининг парчаланишидан фойда кўриши ёки ўз таъсирини Евросиёга кенгайтира олиши аниқ эмас эди”, деди Марки Озодлик билан суҳбатда.

Марказий Осиё Пекин диққат марказида бўлди, чунки Хитой сиёсатчилари Афғонистон ҳамда Хитойнинг ғарбий Шинжон вилояти билан чегарадош минтақани Хитой хавфсизлиги учун муҳим стратегик ҳудуд сифатида кўра бошладилар. Қолаверса, минтақа табиий ресурсларга ҳам бой бўлиб, Хитой дунёдаги энг йирик нефть ва газ истеъмолчиси сифатида ўзининг ички бозорини таъминлаши ҳақида ўйлай бошлаганди.

2010 йилда Халқ озодлик армияси генерали Лю Ячжоу Марказий Осиёни “бугунги Хитой халқига осмон томонидан берилган бой туҳфа” деб атади. Лю Ғарб таъсири ушбу минтақада Тинч океанига қараганда каттароқ бўлишини қўшимча қилди.

Бу орада бир қатор силжишлар Пекиннинг дунёдаги мавқейини ўзгартиришда давом этди.

Хитой 2008 йилги глобал молиявий инқирозни кўпчилик мамлакатларга қараганда яхшироқ енгиб ўтишга муваффақ бўлди. Аммо бўҳрон ортидан Хитойнинг кўплаб саноати “ортиқча қувват” муаммосига дуч келди ва янги бозор излашга мажбур бўлди.

Бундан ташқари, Хитой 2010 йилда Японияни ортда қолдириб, дунёнинг иккинчи энг йирик иқтисодига айланди. Бу орада Евросиёда кўплаб давлат Ғарб ёки Россия молиясидан фойдаланиш имконияти чекланган бўлгани учун сармоя жалб этишга ҳақида бош қотира бошлаган эди.

“Хитой ҳар доим ҳам жозибали инвестор сифатида кўрилмаган”, деди Марки.

“Молиявий инқироздан кейингина кўплаб мамлакат Хитойга эътиборини қаратди. Бунга қисман умидсизлик ва сармояга бўлган эҳтиёж туртки бўлди”.

2012 йилда нуфузли олим ва Пекин университети халқаро тадқиқотлар мактабининг собиқ декани Ван Жиси Евросиёда Хитой таъсирини ошириш йўлида ғарбга томон иқтисодий ва дипломатик кенгайиш стратегиясини белгилаб берди.

“Ғарбга юриш” деб номланган ушбу стратегия Американинг Шарқий Осиёдаги таъсирига жавоб эди. Қолаверса, стратегиянинг кўплаб ғоялари “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси учун асос бўлди. 2013 йилда Қозоғистонда эълон қилинган лойиҳа Си Цзиньпиннинг энг муҳим ташқи сиёсат лойиҳасидир.

Ўшандан бери глобал лойиҳа доирасида Лотин Америкаси, Африка ва Евросиё бўйлаб юзлаб миллиард доллар қийматга эга лойиҳалар бошлаб юборилди. Пекин Покистоннинг Гвадар порти, Марказий Осиё бўйлаб темир йўл алоқалари ҳамда Эроннинг кенг, аммо муаммоли нефт секторида стратегик лойиҳаларни молиялаштириб, ўз таъсирини кенгайтирди ва Хитой ширкатлари учун янги имкониятларни яратди.

“Кўпгина хитойлик сиёсатчининг назарида Хитой бутун Марказий Осиё ҳамда Евросиёнинг бошқа қисмларида ўзининг тарихий ва анъанавий ролини қайта тиклади”, деди Фростбург давлат университети профессори Ма.

“30 йил ичида [мамлакат] асосан Россия таъсири остида бўлган ҳудуддан [глобал таъсирга эга мамлакатга] ўзгарди”.

Янги Евросиё

Горбачёвнинг 1989 йилда Хитойга ташрифи баъзи совет сиёсатчилари кутган муҳим сафар бўлмади. Бунга қарамасдан, Пекин – Москва алоқаларини мустаҳкамлаш истаги Си ва Россия президенти Владимир Путин ҳукмронлиги давомида амалга ошди.

Россия Хитойнинг юксалишини хавотир билан кузатиб келади. Қолаверса, Москванинг Евросиё Иттифоқи доирасида минтақа учун ўз режалари бор. Бунга қарамай, сўнгги йилларда Пекин ва Москва янада яқинроқ муносабат ўрнатишга муваффақ бўлди. Жорий йилнинг июль ойида Путин икки мамлакат ўртасидаги алоқалар энг юқори даражага етганини таъкидлади.

“Совет Иттифоқининг қулаши Россия билан янада дўстона муносабат ўрнатиш учун йўл очди”, деди Осиё тадқиқотлари миллий бюроси ходими Ролланд.

“Вазият нақадар тез ўзгарганини кузатар экансиз, ҳайратга тушасиз”.

Пекин ва Москва кўп масалада турли фикрласа-да, улар асосан АҚШга нисбатан умумий адоват туфайли ҳамкорлик қилиб келади. Хитой ҳам, Россия ҳам халқаро муаммоларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканлигини кўрсатди ва қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишни бошлади.

Кўпгина таҳлилчилар бу динамиканинг нақадар барқарор эканини савол остига олмоқда, айниқса, Пекин Марказий Осиё бўйлаб хавфсизлик соҳасидаги ролини кенгайтиришда ва Кремль ўзининг “таъсир доираси” деб ҳисоблайдиган ҳудудда иқтисодий таъсирини оширишда давом этаётгани эътиборга олинса.

“Пекин кейинни ўйлайди ва ҳозиргача Москванинг ташвишларини бартараф этиш йўлида жуда оқил йўл тутиб келмоқда”, деди Ролланд.

“Аммо [Пекин] шундоқ ҳам аён бўлган белгиларга эътибор қаратиб, Россияни заифлашиб бораётган куч сифатида кўра бошлашлари мумкин.”

XS
SM
MD
LG