Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:26

Адлия вазирлиги сталинпарастлар сўрови билан "Илҳом" театрига огоҳлантириш берди


Фильмдан кадр
Фильмдан кадр

3 март куни Тошкентдаги "Илҳом" театрида Британияда таниқли киночи Армандо Иануччи ( Armando Iannucci) тарафидан суратга олинган “Сталиннинг ўлими” (The Death of Stalin) фильми бепул намойиш қилинди.

Россияда тақиқлангани ортидан тилга тушган бу фильмни Тошкентдаги Cineclub Paradiso киноклуби томошабинларга тақдим қилди.

"Илҳом" театри раҳбарияти бу кино тақдимоти ортидан Ўзбекистон Адлия вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан расман огоҳлантирилган.

"Оëқ-ости қилинган муқаддас туйғулар"

"Илҳом" театри вакилининг Озодликка айтишича¸ “кино намойишида Сталинни севадиганларнинг ҳис-туйғулари поймол бўлган ва миллатлараро низо чиқиш хатари бор” деган иддаолар асосида театр раҳбарияти расман огоҳлантирилган.

"Шундан кейин фильм намойиши кейинги кунлар репертуаридан олиб ташланди¸" дейди 7 март куни Озодлик гаплашган театр ходими.

"Илҳом" театри вакилига кўра¸ “кекса ëшдаги ўзбек ва рус зиëлилари севимли доҳий Сталин ҳақорат қилинган фильмнинг Ўзбекистонда намойиш қилинишини муқаддас туйғуларни оëқ-ости қилиш деб атаб,” ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилишган.

Суҳбатдошга кўра¸ бу шикоят Aдлия вазирлигига юборилган.

"Халқнинг ҳар қандай шикояти ўрганилади!"

7 март куни Адлия вазирлигининг ўзини аҳоли шикоятлари билан ишлаш бўлими мутахассиси деб таништирган ходими Озодликка “аризанинг атрофлича ўрганилиб¸ театр маъмуриятига шикоятчилар айтган нуқталарга эътибор қаратиш кераклиги" уқтирилганини айтди.

Биз мулозимлармиз¸ бизга Сталинга сиғинади¸ деб айб қўйиш нотўғри. Биз аҳоли шикоятларига эътибор қилиб¸ камчилик-нуқсонлар бартараф қилишидан манфаатдормиз. Театрга ҳеч қандай маъмурий чора кўрилмади¸ фақат огоҳлантирилди"¸ деди Адлия вазирлиги мулозими.

“Агар Гитлер образи кинода ëмон қилиб кўрсатилибди¸ деб шикоят қилишса¸ бу шикоятни ҳам кўриб чиқиб¸ кинотеатр раҳбариятига огоҳлантириш берасизми? деган саволга Адлия вазирлиги расмийси¸ “халқнинг ҳар қандай шикоятини кўриб чиқамиз” деган қисқа жавоб билан чекланди.

Ягона ахборот ҳудуди

“Сталин ўлими” фильми намойишига нисбатан айрим ўзбекистонликларнинг салбий муносабати ҳақида гапирган киномунаққид Акмал Ризаев¸ бу эътирозларни “Ўзбекистоннинг Россия медиа ҳудудида қолаëтгани” билан изоҳлади:

- Россия пропагандасининг Ўзбекистонда кабел телевидениелар орқали одамлар зеҳнини парваришлаганининг меваси бу. Миллионлаб совет зиëлилари¸ хусусан ўзбек интеллигенцияси вакилларини қириб ташлаган Иосиф Сталин шахсига сиғинишни Путин Россиясининг пропаганда машинаси тарғиб қилмоқда. Бундан ташқари¸ Тошкентдаги "Россотрудничество" ташкилоти ҳам кунора тадбир ўтказиб¸ Сталинга сиғиниш¸ буюк рус шовинизми каби идеяларни тарғиб қилмоқда¸ дейди мунаққид.

Тошкентдаги Cineclub Paradiso киноклуби раҳбари Азиз Ҳакимовнинг Facebookдаги ўз саҳифасида ëзишича, "Сталин ўлими" намойишидан сўнг¸ киноклуб репертуари билан Адлия вазирлиги қизиқиб қолган.

"Бугун (5 март) - Сталин ўлган кун. Икки-уч кун олдин бизнинг киноклуб "Илҳом" театрида Россияда тақиқланган “Сталин ўлими “ киносини намойиш қилди. Томошабинлар орасидаги ўзини ҳақоратланган дея ҳис қилганлар жунбушга келишибди. Театр дирекциясига Горюстдан дағдағали огоҳлантириш келган. Бизнинг киноклуб репертуарига ҳам эътирозлари бор экан бу мулозимларнинг. Ўзбекистонда Сталин тирик экан¸ деган фикрга келдим. Афсус¸ Россия пропагандаси тўқмоғи бизнинг бошимизда ҳам синмоқда¸" деб ëзди Cineclub Paradiso киноклуби раҳбари Facebookдаги саҳифасида.

3 март куни “Сталин ўлими” фильми тақдимотида қатнашган тошкентлик Дмитрий Поваровнинг Озодлика айтишича¸ “фильм энг яхши Ғарб стандартлари¸ хусусан¸ Британия сатираси руҳида суратга олинган”:

- Кино зўр олинган. Фақат кулги ëрдамида қўрқувдан қутулиш мумкин. Фильмни томоша қилаëтганлар аудиторияси турфа эди. Залда Сталинни улуғлайдиган ëши катта одамлар ҳам кўп эди. Улар кинога ўз бэкграунди билан келишди. Норозилар ҳам ўшалар бўлди. Бундай бэкграундга эга бўлмаган ëшлар эса кинони мазза қилиб кўришди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Дмитрий Поваров.

Қўрқув

Кинотақдимотида қатнашган мунаққид Акмал Ризаев ўзбек расмийларининг “Сталин ўлими” фильмидан нега ҳуркканлигини асослашга уринди:

- Биринчидан¸ катта рус оға тақиқлаган кинони кимдир қўйганини эшитиб¸ бу мулозимлар миясидаги эски тормоз дарров ишлаб кетган. Иккинчидан¸ кино бугунги ўзбек воқелигини эслатади. Каримов ўлганида¸ ҳали тирик деб ушлаб туришганини эслайсизми? Кинода ҳам Сталин ўлимини яшириб туришади. Кинодаги журъатсиз Маленков образи Ўзбекистон Сенати раиси Неъматжон Йўлдошев поведениесини эслатади. Берия бу Иноятов. Диктаторни кўмиш маросимини ташкил қилган Хрушчев эса¸ албатта¸ Мирзиëев образидир. Бу гротеск параллеллар кимнидир чўчитганига ишонаман¸ дейди бу суҳбатдош.

Адлия вазирлиги “сталинпарастлар” тарафини олиб¸ "Илҳом" театрига огоҳлантириш берганига ўзларини Ўзбекистондаги "неожадидлар" деб атовчи Сардор Салим¸ Анвар Назир каби блогер ва сиëсатшунослар жиддий эътироз билдириб чиқди.

Сиëсатшунос Анвар Назир “сталинпараст Адлия вазирлиги мулозимларига қарши флешмоб ўтказмоқчи эканлигини айтади:

- Ўтган йили 9 майда Тошкент кўчаларида Сталин расмини кўтариб юрган холалар жаҳлимни чиқарган эди. Майли¸ саводсиз хола энди бу¸ дегандим ўшанда. Аммо Адлия вазирлиги мулозимларининг сталинпарастлиги ўтиб тушди. Қодирий¸ Фитрат¸ Элбек¸ Ботуларни ўлдирган жаллод Сталинни нега ўзбек мулозими ҳимоя қилиши керак? дея риторик савол қўяди Назиров.

Ozod Nazar: Адлия вазирлиги “Сталинпарастлар” тарафини олиб Илхом театрига огоҳлантириш берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:48 0:00

Тақиқланган ва тақдирланган кино

“Сталин ўлими” фильми Россия ва МДХ давлатларида 2018 йил 25 январдан бошлаб кенг прокатга чиқиши лозим эди. Бироқ рус ижодий интеллигенцияси ва қатор депутатлар томонидан имзоланган илтимосномага асосланиб, Россия Маданият вазирлиги фильм намойишига рухсат берувчи гувоҳномани қайтариб олди.

«Биз ушбу фильмда Россия (совет) кишисининг обрўсини ерга уришга йўналтирилган экстремистик маълумот, инсоннинг ижтимоий ва миллий мансублигига доир камчилигини тарғибот қилиш ўрин олган, деб ҳисоблаймиз», - дейилади Никита Михалков, Владимир Бортко, Игорь Угольников каби режиссёрлар, Давлат Думаси депутати Леонид Слуцкий, маршал Жуковнинг қизи Эра Жукова имзолаган очиқ мурожаатда.

«Сталин ўлими» фильми прокатининг тақиқланиши Россияда жамоатчилик норозилигига сабаб бўлгани боис, прокуратура фильм мазмунини текшира бошлади.

Бироқ Россия прокуратураси фильмда экстремизм изини тополмади ва қўшимча диққатга сазовор бошқа асослар ҳам топилмади.

“Сталин ўлими” фильми Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги “Арман” кинотеатрида 1 февраль куни “Клик” халқаро муаллифлик киноси фестивали доирасида бир марта намойиш қилинди.

«Сталин ўлими» - Армандо Ианнуччи фильми бўлиб, у француз рассомлари Фабьен Нури ва Тьерри Робин комиксларини экранлаштирган режиссёрдир.

Фильмда Стив Бушеми, Джейсон Айзекс, Ольга Куриленко каби актёрлар иштирок этган.

2017 йил 8 сентябрда фильмнинг халқаро премьераси бошланган эди. Фильмда Сталин ўлимидан сўнг совет сиёсий арбоблари ўртасида ҳукумат учун кечган ашаддий кураш ҳикоя қилинади.

Фильм 2017 йил Британияда суратга олинган энг яхши мустақил киноасар сифатида эътироф қилинди.

XS
SM
MD
LG