Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:12

Фермернинг онасини сўккан ҳокимни суд енгил жазога тортди


Фарғона вилояти Фурқат тумани жиноят ишлари суди фермерни ҳақорат қилгани учун туман ҳокими Нўъмонжон Назировни энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жаримага тортди. Ҳоким судда қатнашмаган бўлса ҳам, унинг кечирим сўраб ёзган хати ўқиб берилди. Суд ҳокимга нисбатан юмшоқ ҳукм чиқарганидан норози бўлган фермер, ҳукмни апелляцияга бермоқчи.

Фурқат тумани ҳокими Нўъмонжон Назиров 25 май куни “Азизбек Фурқатобод замин” фермер хўжалиги раиси Азизбек Алиматовни ўз даласидан тополмагани учун онасидан сўкиб, қаттиқ ҳақорат қилган эди.

Ҳокимнинг ҳақоратли сўзларини телефонига ёзиб олган фермер унинг устидан туман прокуратурасига арз қилди. Прокуратура фермернинг далилларини асосли ҳисоблаб, ҳоким устидан очилган ишни судга оширди.

Жабрланган фермернинг жамоатчи ҳимоячиси сифатида суд мажлисига борган фурқатлик фермер Очил Бегматовнинг айтишича, суд ҳоким устидан тушган иккита шикоятни кўриб чиққан:

“8 июль куни суд бўлди. Биз бордик. Очиқ суд бўлса ҳам бизни ичкарига қўймади, фақат Азизбекнинг ўзи кириб чиқди. Унинг айтишича,жавобгар бўлган ҳоким судга келмаган, суд ҳокимнинг кечирим сўраб ёзган хатини ўқиб берган. Шундан сўнг ҳокимни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисдаги кодексининг 41 ва 33 моддаларини қўллаб, энг кам иш ҳақининг уч баравари, яъни 390 минг 720 сўм жаримага тортиш ҳақидаги ҳукмни ўқиган”, деди Очил Бегматов.

Фермернинг айтишича, 41 модда бўйича ҳоким энг кам иш ҳақининг 40 баравари миқдорида жаримага тортилиши лозим бўлган. Бироқ суд яна 33, яъни "енгилроқ маъмурий жазо қўлланиши" моддасини қўллаб, уни энг енгил жазога тортган.

Суд ҳукмидан норози бўлган Азизбек Алиматов бу ҳукм юзасидан юқори суд инстанциясига апелляция беришга қарор қилган.

Азизбек Алиматовга берилган суд ҳукмида ҳоким Нўъмонжон Назиров бошқа бир фермернинг арзи бўйича ҳам жавобгарликка тортилгани ҳам ёзилган. Бу ҳақда Очил Бегматов шундай дейди:

“Иккинчи аризани Нишонбой Дадабоев деган фермер берган экан. Туман ҳокими 34-сонли қарор чиқариб, унинг фаолиятини ноқонуний текширтирган экан. Шундан сўнг у прокурорга ариза ёзган, прокурор эса унинг ишини судга чиқарган экан. Суд бу ноқонуний қарори учун ҳоким Нўъмонжон Назировни энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жаримага тортган”, деди Очил Бегматов.

Фермернинг айтишича, ҳокимнинг иши судга тушганидан кейин у фермерларни қаттиқ ҳақорат қилмай қўйган:

“Фермерларнинг айтишича, у мажлисларда онадан сўкинишни бас қилдию, лекин “ифлослар” деб ҳақорат қилишини тўхтатмаяпти”, деди фермер.

Муштумзўр ҳокимлар

Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерларни уриши¸ ҳақорат қилиши мунтазам кузатилади.

Жумладан, бундан уч йил муқаддам Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани ҳокими фермерни кам пахта топширганликда айблаб, онасини сўккан, калтаклаб-бўққан эди. Калтакланган фермернинг отаси кампирини етаклаб ҳокимнинг олдига келган-да “мана шу кампир сен сўккан улимни (ўғлимнинг) энаси бўлади, шуни сўкканмидинг, мана олиб келдим, қўлингдан келса “қил” деган. Фермернинг отаси ҳокимни урмоқчи бўлганида уни ажратиб олишган.

2011 йилнинг сентябрида айнан Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилган эди.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан жон берган эди.

Яна шу йилнинг апрел ойида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

XS
SM
MD
LG