Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:39

Паркентда пул йиғиш босими остида қолган бир ўсмир ўзини осди


Озодликка 14 июнь куни маълум бўлишича¸ Тошкент вилояти Паркент тумани Шампан қишлоғидаги 18-мактабнинг 8-синф ўқувчиси, ўқитувчисининг синфдошлари олдида қаттиқ изза қилганига чидай олмай¸ 7 май куни уйига келиб ўзини осган. Воқеадан хабардор Озодлик манбалари¸ ўспирин ўлими билан прокуратура шуғулланаëтганига қарамай¸ камбағал оиланинг боласини ноқонуний йиғим беришга мажбурлаган ўқитувчининг сувдан қуруқ чиққанини айтмоқда.

Озодликка бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб етиб келган хабарга кўра¸ Шампан қишлоғидаги 18-мактабнинг 8-синфини битираëтган 15 яшар ўспирин йигитнинг ўлиги 7 май куни оқшомга яқин молхона тўсинига осилган ҳолда топилган.

Ўспиринни яхши билган синфдошларига кўра¸ ўтириш ва имтиҳонларга 50-60 минг сўмдан пул йиққан синф раҳбари пул бермагани учун болани синфдошлари олдида очиқ калака қилган.

"Ўғил боламисан ўзи? Ўғил бола бўлсанг¸ опкелмайсанми пулни. Беролмасанг¸ бор ана қизларнинг орасига кириб ўтир¸ деб изза қилган. Мен буларнинг яшаш-туришини яхши биламан. Ота-онаси қўли юпқа одамлар¸ узумзор фермернинг ерида ишлайди. Бешта боласи бор¸ яшаши ҳаминқадар. "Дадам ойлиги олса¸ бераман деди," деганига қарамай¸ ўқитувчи "сан ўғил боламассан," деб орқа партага ўтқизиб қўйган. Урган ҳам дейишди¸ бунисини аниқ билмайман. Уйига боргану¸ номусга чидолмай ўзини осган," дейди марҳум маҳалладошларидан бири.

Паркент туман ҳуқуқ тизимларидаги расмий манбалар¸ шундай суиқасд бўлганини тасдиқлади ва бу иш бўйича туман прокуратураси текширув ўтказаëтганини билдирди.

"Бу воқеадан кейин уч-тўрт кун мактабга терговчилар келиб¸ синфдошларини сўроқ қилишди. Гап орасида болалар пул беролмагани учун марҳумнинг изза қилинганини¸ бу ишни ким қилганини ҳам айтиб беришган. Лекин 15 яшар ўсмирга “ўғил боламисан ўзи” деган ҳақоратли муомала қилган ўқитувчи бундан олдин ҳам болаларни уриб-сўккани учун терговга тортилган эди. Лекин орқаси кучли шекилли¸ олдин ҳам сувдан қуруқ чиқди¸ бу гал ҳам бости-бости бўлаяпти"¸ дейди воқеа тафсилотларидан хабардор Озодлик манбаси.

Марҳумнинг оиласи билан гаплашган маҳалладошларидан бирининг Озодликка айтишича¸ фарзанд доғида куйиб адо бўлаëзган она¸ эгизак фарзандларидан бирининг ўлими учун "мактаб ва йиғди-йиғдиларни" айбламоқда.

Аммо Озодлик ҳозирча оиланинг ўз ўғли ўлимида мактаб ëки синф раҳбари устидан расман даъво аризаси ëзгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.

Ўтган йиллардаги каби бу йил ҳам ўқув йили якуни арафасида мамлакат мактабларида ўқувчиларнинг битирув кечаларини ўтказишларига йўл қўймаслик, имтиҳонлар ёки бошқа тадбирлар учун ўқувчилардан пул йиғиш, мактаб раҳбарлари ёки ўқитувчиларга совғалар тақдим қилишга йўл қўймаслик учун ўқитувчилар, синф раҳбарлари ҳамда мактаб директорларидан "кафолат хат"лари олинди.

Хусусан¸ Тошкентдаги мактаблардан бирининг раҳбари Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда шаҳар халқ таълими бошқармасидан қаттиқ топшириқ бўлганини айтган эди:

- Бу йил жуда қаттиқ бўляпти. Кеча ота-оналар ва ўқитувчиларни йиғиб битирув кечаларини ўтказмаслик тўғрисида "кафолат хат"ларини олдик. Уларга айтдик, пул йиғим-теримлари бўлмайди. Бунга йўл қўйган ўқитувчи ишдан кетади,- деди исми сир қолишини истаган тошкентлик мактаб раҳбари.

Ўзбекистонда бундай тақиққа қарамай битирув кечалари ва ўқитувчиларга совға беришлар давом этавериши ортидан бу йил мазкур жараëнни жиловлашга ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам жалб қилингани айтилган эди.

Аммо паркентлик ўсмирин ўлимига олиб келган босимнинг айнан шундай йиғди-йиғди билан боғлиқ экани ҳақидаги тахминлардан¸ бу жараëннинг деярли ўзгаришсиз давом этаëтгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG