Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Суриштирув: Назарбоев ҳақида фильм олган киночилар бошқа авторитар раҳбарларга ҳам ўз хизматини таклиф қилган


Нурсултон Назарбоев “Qazaq. Тилла инсон тарихи” фильмида. 6 июль, 2021 йил
Нурсултон Назарбоев “Qazaq. Тилла инсон тарихи” фильмида. 6 июль, 2021 йил

Нурсултон Назарбоев фонди Қозоғистоннинг собиқ президенти ҳақидаги фильм учун беш миллион доллар тўлаган. “Qazaq. Тилла инсон тарихи” номли ушбу фильмни асли украиналик бўлган америкалик ҳужжатли фильм устаси Игор Лопатёнок Ҳолливуд режиссёри Оливер Стоун билан ҳамкорликда суратга олган эди.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) ва “Власть” журналининг янги суриштирувига кўра, фильм Назарбоевга манзур бўлган, шундан сўнг картина муаллифлари бошқа авторитар раҳбарларга шу каби фильмлар суратга олиш орқали уларнинг кирланган репутациясини “тозалаб бериш”ни таклиф қилган.

“Кўрасизлар ҳали! Ҳар бирингиз! Сизларни биламиз! Манбаларингизни ҳам фош қиламиз! Обрўйингизни бир пул қиламиз!” – қичқиради Игор Лопатёнок диктаторларни мадҳ этувчи лойиҳалари ҳақида савол берган журналистларга.

Лопатёнок таҳдиддан сўкинишга ўтгач, OCCRP журналистлари у билан интервьюни тўхтатишади.

“Qazaq. Тилла инсон тарихи” фильми – Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоевга мадҳнома. Фильм собиқ президентнинг Ҳолливуд режиссёри Оливер Стоунга берган интервьюси асосига қурилган бўлиб, унда Назарбоев болалигини эслаган, қандай карьера қилгани, СССР парчаланиши ва Қозоғистон давлати тузилиши ҳақида ҳикоя қилган. Кинотанқидчилар 2021 йилда тақдимот қилинган мазкур фильмни хушомад деб аташган эди.

OCCRP журналистларига кўра, фильмни суратга олиш 2019 йил охирларида – Назарбоев президент лавозимини тарк этган, лекин кенг ваколатларини сақлаб қолган ва давлат аппаратига таъсирини ўтказишда давом этган пайтда бошланган.

“Назарбоев ўз имижини яхшилаш мақсадида фильмни тинимсиз таҳрир қиларди”, - дейди картина устида ишлаган жамоа аъзоларидан бири OCCRP суриштирувчилари билан суҳбатда.

Саккиз қисмли фильм давлат телеканалида бир мартагина намойиш қилинди. Орадан бир ой ўтиб мамлакатда оммавий норозилик аланга олди, намойишлар зўравонлик ва тартибсизликларга уланиб кетди. Бутун Қозоғистон бўйлаб минглаб митингчилар Назарбоевнинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилиб “Чол, кет!” дея хитоб қилдилар, унинг сиёсий мероси – ижтимоий тенгсизлик, коррупция ва шахсга сиғинишга қарши чиқдилар.

Кўпчилик фикрича, аёвсиз бостирилган (Оқўрда буйруғи билан полиция намойишчиларга қарата ўт очган, камида 238 киши ўлдирилган) норозилик аслида Назарбоев аъёнлари билан салафи соясида қолиб кетган Қасим-Жомарт Тоқаев одамларининг ҳокимият талашиши эди. Бу курашда Тоқаевнинг қўли баланд келди ва Январ воқеаларидан сўнг мамлакатда “деназарбаевизация” бошланди: собиқ президент қариндошлари баланд лавозимлардан бўшатилди, айримлари қамоққа тушди, Назарбоевнинг ўзи эса махсус қонун бекор қилингач, кўплаб имтиёзлардан маҳрум этилди.

Бироқ ўшанда, “Qazaq. Тилла инсон тарихи” тақдимот қилинганида собиқ президент “натижадан мамнун бўлган”, деб ёзади суриштирув муаллифлари. Аммо Лопатёнок ва Стоуннинг қўл остидагилар ҳақида бундай деб бўлмайди. Фильм устида ишлаган жамоадан бир нечтаси гонорарини тўлиқ ололмаган экан, улардан икки нафари журналистлар билан суҳбатда буни тасдиқлашди.

OCCRP cуриштирувчилари аниқлашича, 2022 йилда Назарбоев назоратидаги ва тўнғич қизи Дариға раҳбарлик қиладиган хайрия фонди Стоун билан Лопатёнокка беш миллион доллар ўтказиб берган. На Назарбоев, на қизи журналистларнинг изоҳ сўровларига жавоб беришди.

“Назарбоевга бағишланган лойиҳа Лопатёнокни диктаторлар билан ишлашга ўргатди: диктаторлар пул тўлайди, Лопатёнок эса уларни мадҳ этувчи юқори сифатли фильмлар олади – картинани оммалаштириш учун машҳур интервьючини жалб қилишади”, деб ёзади суриштирувчилар.

OCCRP журналистлари Лопатёнок жамоаси бир неча авторитар президент учун сценарий тайёрлаб қўйганини, камида иккитасида улар билан шахсан Стоун суҳбат қилишига ваъда беришганини тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритишган. “Дунё аҳли қаттол диктаторларни кўрадиган жойда Игорь Лопатёнок бойиш имкониятини кўради”, дейилади мақолада.

Хусусан, OCCRP суриштирувчилари маълумотига кўра, Лопатёнок Озарбайжонни 2003 йилдан бери бошқариб келаётган президент Илҳом Алиев ҳақида фильм ишлашни режалаган ва, афтидан, интервью олишга Оливер Стоунни жалб қилмоқчи бўлган.

Халқаро ташкилотлар Озарбайжонда фуқаролар эркинликларини бўғилгани, коррупция авжига чиққани, президент қариндошларига сон-саноқсиз имтиёзлар берилгани учун Алиев режимини танқид қилиб келади.

Суриштирувчилар, шунингдек, Беларуснинг мустабид раҳбари Александр Лукашенко ҳақида фильм суратга олиш ғоясига бағишланган тақдимотни қўлга киритишди. Тақдимот муқовасига Лукашенко ва Стоун суратлари туширилган.

“Лопатёнок жамоаси ёзишмаларига қараганда, Стоун камида битта лойиҳада – Лукашенко ҳақидаги фильмда қатнашишга рози бўлган. Бироқ, афтидан, Россия 2022 йилда Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан сўнг унинг режаси ўзгарган”, деб ёзади суриштирувчилар. Маълумот учун, 2022 йил мартда Стоун урушни очиқ қоралаб, Россиянинг бу иши “хато” эканини айтган, айни чоғда АҚШни Путинни “гижгижлаш”да айблаган эди.

Лопатёнок билан бирга ишлайдиганлар уни “автократлар кўнглига йўл топадиган одам” дея таърифлашади.

“Унинг харидоргир юлдузи бор эди, яъни Оливер Стоун. Бор гап шу, – дейди режиссёр билан ишлаганлардан бири. – Одамлар ҳар хил ялтироқ лош-лушларга ўч бўлишади, бу ҳолатда лош-луш ролини Оливер Стоун бажарарди. Стоун диктаторлар истаган эффектни бера оларди. Улар: “О, интервьюни Оливер Стоун оладими? Яхши-ку, мени бутун дунё томоша қиларкан-да!” деб хурсанд бўлишарди”.

Бироқ Стоуннинг ўз “номаи аъмоли”ни гард қўнмаган дейиш қийин, урғулашади суриштирув муаллифлари, у 2017 йилда New York Times газетаси “лаганбардорлик” деб атаган “Путин билан интервью” номли тўрт серияли фильм олганини эслатиб. Стоун, шунингдек, Украина ва Евромайдан воқеаларига бағишланган икки фильм ҳаммуаллифи бўлиб, кўпчилик уларни Россия пропагандаси деб ҳисоблайди.

Лопатёнок Анқара билан ҳам боғланиб, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳақида фильм суратга олиш таклифи билан чиққан экан. Бироқ Туркияда унга қандай жавоб беришгани номаълум.

Суриштирувда айтилишича, Лопатёнок ва Стоун “Иккинчи жаҳон уруши йилларида Россиянинг Шарқий фронтда кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилувчи” “Уруш” деган фильм ишламоқчи бўлган. Бу Путинга мойдек ёқадиган мавзу, бироқ якуний маҳсулот расман Россияга дахли йўқдек тақдим этилиши керак бўлган, акс ҳолда у яна Кремл пропагандаси деб қабул қилиниши мумкин эди.

56 ёшли Лопатёнок ўз лойиҳаларининг молиявий манбаларига доир саволларга жавоб беришдан бош тортган. Intelligencer.today порталида эълон қилган мақоласида у ўзини “ахборот хуружлари қурбони” деб атайди.

Лопатёнок Шарқий Украинада таваллуд топган. Суриштирувчиларга кўра, у россияпараст кайфиятли одам бўлиб, Москванинг Украинага ҳарбий босқинини қўллаб-қувватлайди, Путиннинг шайдоси, ҳолбуки ўзи АҚШда яшайди ва Америка фуқаролигини олган.

Форум

XS
SM
MD
LG