Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Суриянинг исломий раҳбарияти толибонча бошқарувдан тийилмоқда 


Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) раҳбари Аҳмад аш-Шараа Сурия шимоли- ғарбидаги Идлиб вилоятининг зилзиладан зарар кўрган Бесная қишлоғини кўздан кечирмоқда. 7 февраль, 2023.
Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) раҳбари Аҳмад аш-Шараа Сурия шимоли- ғарбидаги Идлиб вилоятининг зилзиладан зарар кўрган Бесная қишлоғини кўздан кечирмоқда. 7 февраль, 2023.

Сурияда Асад режимини ҳокимиятдан ағдарган Ҳайъат Таҳрир аш-Шом гуруҳи (ҲТШ) Толибоннинг Афғонистондаги бошқарув услубидан ўзини тезда узоқлаштирди. ҲТШ раҳбари аёллар таълимига рухсат беришга ҳамда мамлакатдаги турли мазҳаб, тил ва дин вакиллари учун инклюзив ҳукумат тузишга сўз берди.

Афғонистоннинг Толибон раҳбарлари Ҳайъат Таҳрир ал-Шом (ҲТШ)даги ҳаммаслакини Сурия президенти Башар Асад ҳукуматини ағдариб ташлаганлари билан дарҳол табрикладилар.

8 декабрь куни ҲТШ аскарлари пойтахт Дамашқни эгаллаб олгач, Толибон бу гуруҳ "суверен ва исломий ҳукумат пойдеворини қўйишига" умид билдирди.

Бироқ икки ҳафтадан сўнг, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб эътироф этилган ҲТШ ўзини Толибоннинг Афғонистондаги бошқарув услубидан фарқлашга интилаётганга ўхшамоқда.

Сурияда Асад режими қулади, унинг ўзи қочди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:18 0:00

Унинг раҳбари, илгари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний тахаллуси билан танилган Аҳмад аш-Шараа аёллар ҳуқуқлари, миллий ярашув ва халқаро ҳамжамият билан муносабатлар борасида мўътадил сиёсат юритишга очиқча ваъда берди.

"Сурия ва Толибон ўртасида кўплаб фарқлар бор," деди Шараа ўтган ҳафта Би-Би-Cига. "Бизнинг бошқарув услубимиз бошқача."

Аёллар

Шараа ўз ҳукумати аёлларга таълим олишга рухсат беришини айтди. Унинг айтишича, сўнгги саккиз йил давомида ҲТШ бошқарувида бўлган Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб шаҳридаги университет талабаларининг 60 фоиздан ортиғи аёллар эди. У, шунингдек, насроний аёллар ҳижоб кийишга мажбур қилинмаслигини таъкидлади.

Толибон 2021 йил август ойида пойтахт Кобулни эгаллаб олганидан бир ой ўтиб, 7-синф ва ундан юқори синфдаги ўсмир қизларнинг мактабга боришини тақиқлаганди. Шунингдек, 2022 йил декабрь ойида аёлларга университет ва касб-ҳунар таълими олишни ман этди.

1996 йилда Толибон Афғонистонни эгаллаб олган ва ислом қонунларига қатъий риоя қиладиган ҳукумат тузганди. АҚШ бошчилигидаги коалиция уларни 2001 йилда ағдариб ташлади, аммо улар исёнчи куч сифатида қайта ташкил топди ва охир-оқибат АҚШ ва НАТО кучлари мамлакатдан чиқиб кетганидан сўнг 2021 йилда ҳокимиятни қайтариб олди.

Толибоннинг юқори лавозимдаги раҳбарлари халқаро миқёсда ва Афғонистон ичида кўпчилик қарши бўлган тақиқни жорий этиш учун Ислом шариатининг "чекланган талқинини" қабул қилдилар.

Бироқ, ҲТШ аёллар учун тўлиқ эркинлик тарафдори эмас ва турли чеклов ҳамда қайта кўриб чиқишларни муҳокама қилмоқда. "Аёлларнинг судьялик лавозимини эгаллашига келсак, бу тадқиқотчилар ва мутахассислар ўрганиши керак бўлган мавзу," деди ҲТШ бошчилигидаги муваққат маъмурият матбуот котиби Убайда Арнаут.

Арнаутнинг парламент ва ҳукуматдаги аёллар иши ҳақидаги фикрлари ҳам шунга ўхшаш.

Унинг бу фикрлари аёллар ҳуқуқлари фаоллари норозилигига сабаб бўлди, улар исломий гуруҳни диний тартиб ўрнатишдан огоҳлантирдилар.

"Бирлик ва ярашув"

ҲТШнинг асосий сиёсий пайғоми Суриядаги турли этник, диний ва мазҳабий гуруҳлар ўртасидаги бирлик ва ярашувдир. Бу гуруҳларнинг баъзилари 2011 йилдан бери шафқатсиз фуқаролар урушида иштирок этиб келмоқда.

Исломчи ҲТШ ўз аъзоларидан ташкил топган ўтиш даври ҳукуматини тайинлади. У ўз маъмуриятини Идлибдан март ойигача бўлган даврда мамлакат муваққат ҳукумати сифатида кўчирди.

Аммо раҳбар Шараа миллий ярашув ва инклюзив ҳукумат институтларини ваъда қилмоқда.

"Сурия – ҳамма учун мўлжалланган мамлакат ва биз биргаликда яшашимиз мумкин," деди у 22 декабрь куни журналистларга.

ҲТШ раҳбари ҳатто Баас партиясининг собиқ раҳбари ва собиқ вице-президент Фарук ал-Шараани пойтахтда бўлиб ўтадиган Миллий мулоқот конференциясида иштирок этишга таклиф қилди. У бир неча бор барча учун мақбул бўлган конституция устида ишлашга ваъда берди.

Бу 2021 йилда ҳокимиятни ўз қўлига олган Толибондан фарқли ёндашув бу. Толибон бошчилигидаги унинг теократик ҳукумат Толибон бўлмаган афғонларни четга суриб қўйган.

2021 йил сентябрида вақтинчалик ҳукумат тайинланганига қарамай, Толибон ҳеч қачон барча афғонлар учун мақбул кенг қамровли миллий ҳукумат тузишга рухсат бериши ҳақида ҳеч қандай белги йўқ.

Ташқи алоқалар

Халқаро ҳамжамият Суриянинг ўтиш жараёнини ва ҲТШнинг суриялик ҳамюртлари интилишларига қандай муносабат билдиришини диққат билан кузатмоқда.

Хабарларга кўра, Шараа Дамашқда у билан келажакдаги бошқарув, терроризмга қарши кураш ва ташқи сиёсатни муҳокама қилиш учун учрашган дипломатлар ва юқори мартабали халқаро амалдорларни лол қолдирган.

Ташаббус ўз самарасини бераётганга ўхшайди. 20 декабрь куни Вашингтон Шараага қарши 10 миллион долларлик мукофотни бекор қилди. Сурия раҳбари эса ўз мамлакатига нисбатан халқаро санкцияларни тезда бекор қилишни талаб қилмоқда.

"Мамлакатимизни олдинга силжитишимиз учун санкциялар тезда бекор қилиниши керак," деди у 22 декабрь куни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан билан бирга журналистларга.

Афғонистонда Толибон раҳбарларининг аксарияти БМТ ва АҚШ санкциялари рўйхатида қолмоқда. Баъзи раҳбарлар аёлларнинг таълим олишини тақиқлаш ва инсон ҳуқуқларининг бошқа бузилишлари учун яна сафар тақиқлари ва санкцияларга дучор бўлишди.

ҲТШ Сурияда ҳокимиятни мустаҳкамлашда давом этар экан, Ғарб расмийлари ва дипломатлари жангари гуруҳ сўзларига ишонишда эҳтиёткор бўлишмоқда.

"Толибон Афғонистонни эгаллаб олганда мўътадилроқ қиёфада эди ёки ҳеч бўлмаганда шундай қилишга уринди, кейин эса унинг ҳақиқий қиёфаси намоён бўлди," деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 18 декабрь куни Нью-Йоркдаги Ташқи алоқалар кенгаши таҳлил марказида. "Натижада, мамлакат жуда яккаланиб қолмоқда."

Блинкен "Сурияда пайдо бўлаётган гуруҳ"га халқаро изоляциядан қочиш учун "мамлакатни олдинга силжитишга" эътибор қаратишни маслаҳат берди.

Форум

XS
SM
MD
LG