Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:30

Ўзбекистон ИШИД ҳудудидаги 3000 га яқин ўзбекистонликнинг ҳаммасини қайтармоқчи (ВИДЕО)


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Яқин Шарқдаги қуролли низолар ҳудудида 3 минг атрофида ўзбекистонлик борлигини маълум қилди.

30 май куни 156 нафар шахсни Суриядаги "Ал-Хол" лагеридан махсус самолëтда олиб келган Ўзбекистон раҳбарияти "қутқарув амалиёти" давом эттирилишини билдирди.

Муфтийдан баёнот

MY5 телеканалида куни-кеча берилган кўрсатувда муфтий Усмонхон Алимов Яқин Шарқдаги қуролли низолар ҳудудларида қолаётган 3 мингга яқин ўзбекистонлик қайтарилишини айтди.

"Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича 3 минг атрофида, уларни яна чиқариб олиб келамиз. Уларни "Бўстон" санаторийсига жойлаштириб қўйдик. 180 та врач қараяпти. Имомларимизни қўйдик, улар билан суҳбат қилади. 20 та отин ойиимизни қўйдик, аёллар билан суҳбат қилади. Чунки, болаларда уруш, ёмонлик, ғазаб, одамларга нафрат ўтириб қолган", деди муфтий.

Шу кунда Ўзбекистон телеканаллари ва маҳаллий Интернет нашрларида Суриядан қайтарилганлар билан суҳбатлар муттасил намойиш қилинмоқда

Қайтарилган аёллар Сурияга эри, отаси, ака-укаси ёки ўғилларининг қистови, зўравонлиги ёки алдови билан бориб қолганини айтмоқда.

Қайтарилган ҳақида гапирган муфтий Яқин Шарқдаги қуролли низолар ҳудудида қолаëтган 3000 га яқин ўзбекистонликдан қанчасининг аёллару болалар, қанчаси эркаклар экани ҳақида маълумот бермади.

Сурия ва Ироқдаги лагер ҳамда қамоқхоналарда сақланаётган ўзбекистонлик эркак жангарилар ҳақида ҳозирча бирор расмий маълумот берилмаган.

Терговга тортилган шахс ким?

Суриядан қайтарилган 156 шахснинг 154 нафари Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаториясида сақланмоқда. Яна иики нафаридан бирининг сил касалликлари шифохонасига ётқизилгани, яна бири эса терговга жалб қилингани айтилган.

Маҳаллий нашрларнинг бу ҳақдаги хабарларидан санаторийдагиларнинг ДХХ назорати остида эканлиги англашилади.

Расмий баёнотда қайтарилган 156 нафар шахснинг 48 нафари аёл, 107 нафари вояга етмаган бола (жами 155 киши) экани айтилган.

Озодликнинг “Яна бир фуқаро – эркак кишими ва айнан шу эркак қамоқхонадан олиб келинган ҳамда ҳозирда терговга тортилган шахсми?” деган саволига ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозиргача жавоб бермади.

YouTube тармоғида 4 июнь куни тарқатилган видеода бу саволга берилган норасмий жавоб тарқади. Видеода “Имом Бухорий катибаси” экстремистик гуруҳининг Бахтиёр исмли собиқ жангариси экани айтилган эркак терговга тортилгани ва ҳозирда катибанинг раҳбарию бошқа лидерларига қарши бажонидил кўрсатма бераётгани иддао қилинган.

Озодлик "Видеодаги шахс ким ва бу маълумотлар тўғрими?" деган саволни тегишли идораларга берди, аммо ҳозиргача жавоб ололмади.

Сиҳатгоҳга қамалганлар

Маҳаллий ахборот воситларига интервью бераётган аёллар ҳозирча хавфсизлик хизматлари томонидан сўроқ-саволга тутилмагани, асосан руҳий ва жисмоний соғлиқни тиклаш жараёнидан ўтаётганини айтмоқда.

“Ўзбекистон24” телеканали 1 июнь куни бу сиҳатгоҳда қайтарилганлар учун байрам тадбири уюштирилгани ва унга президентнинг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёева боргани ҳақидаги видеорепортажни узатди.

Маҳаллий ахборот воситаларида берилган видеоматериалларда, асосан, айни аёллар интервью бераётгани, бундан ташқари аёллардан фақат баъзиларига яқинлари билан кўришиш учун рухсат берилганини кўриш мумкин. Ўзбекистон Бош прокуратураси, бу борада Озодликнинг қўшимча маълумотлар учун қилган мурожаатига жавобан, Суриядан қайтарилганларнинг шаъни ва шахсий дахлсизлигига таъсир кўрсатмаслик учун уларга оид маълумотлар ошкор этилмаслигини билдирган.

Хавотирлар

Озодликда 30 майга қадар мавжуд маълумотга кўра, Суриянинг шимоли-шарқидаги биргина "Ал-Хол" лагерида 150 нафардан 500 нафарга қадар ўзбекистонлик сақланаётган эди.

"Ал-Хол" лагери раҳбарияти берган маълумотга кўра, ҳозирда ушбу лагерда йиғилган 80 мингга яқин одамнинг катта қисми Боғуз шаҳри – ИШИД ("Ислом давлати" экстермистик гуруҳи - таҳр) жангарилари билан СДК қуролли иттифоқи ўртасидаги охирги оғир жанглар борган ҳудуддан чиққан.​

Ироқда ишлаётган хориж гуманитар ташкилотлари вакиллари бу минтақадаги сўнгги жангларда аёллар ҳам эркаклар билан бир сафда туриб, жанг қилгани ҳақидаги маълумотга эга эканини айтиб келадилар.

XS
SM
MD
LG