Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:58

Қароқчилар қурбонлари ҳужумчилардан бири ИИБ нозири эканини даъво қилмоқда


8 декабрь оқшомида Санжар Жумаев (суратда) бўласи билан машинасида кетаётганда қароқчилар ҳужумига учраган.
8 декабрь оқшомида Санжар Жумаев (суратда) бўласи билан машинасида кетаётганда қароқчилар ҳужумига учраган.

Сурхондарё вилоят, Шўрчи туманида истиқомат қилувчи 32 яшар Санжар Жумаев ва унинг қариндошига шу вилоятнинг Ангор туманида бир гуруҳ номаълум шахслар қилган ҳужум ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бу ҳақда Озодлик Ангор туман прокуратураси терговчисидан сўраб билди.

Санжар Жумаевнинг онаси Озодликнинг SizdanTelegram рукнида 18 февраль куни эълон қилинган хатида ўғлига ҳужум қилганлар жазосиз қолаётганидан шикоят қилган эди.

Санжар Жумаев ва унинг машинасида бўлган қариндоши, 30 яшар Шерали Равшанов Озодлик билан суҳбат давомида Ангор туманидаги участка нозири уларга ҳужум қилган 5 кишининг бири эканлигини иддао қилди.

Ангорнинг “Наврўз” маҳалласи участка нозири Илҳом Абдуллаев Озодликнинг бошқа бир материали қаҳрамони бўлган эди.

Қароқчилар қурбонлари ҳужумчилардан бири ИИБ нозири эканини даъво қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:27 0:00
Бевосита линк

Санжар Жумаевнинг онаси Дилбар Азизованинг шикоятида унинг ўғли 2018 йилнинг 8 декабри оқшомида ўз машинасида Шўрчидан Ангорга боргани ва номаълум шахслар ҳужумига учрагани тўғрисида ёзган.

Онанинг ёзишича, ҳужум қилган беш шахс ўзини “Миллий гвардияданмиз”, деб таништирган. “Миллий гвардия аъзолари” ўз машинасида Санжар Жумаевнинг машинасини бир неча соат таъқиб қилиб қувган. Санжар, ўз машинасида бўласи билан қочиб қутулай деган пайтда, таъқиб қилаётганлар яна етиб келган.

“Бу орада ўзини миллий гвардиячи деб таништирган 5 нафар одам “Дамас” русумли қаймоқранг машинада етиб келган ва улар ўғлимни кўплашиб калтаклашга тушган.

Шу маҳал “Матиз” русумли машинада икки нафар ИИБ ходими келган. Улар зўравонликка чек қўйиш ўрнига формасиз ўзини Миллий гвардия ходими деганларга “бошига урманглар, биқинига уринглар” деб маслаҳат бериб турган.

Калтаклашгани етмагандек, зўравонлар ўғлимнинг оғзига мажбурлаб ароқ қуйишган. Кейин эса икки нафар ИИБ ходим “бўлди, етарли” деб ўғлимни судраб Ангор туман ИИБга олиб бориб қамаб қўйган”, деб ёзди Дилбар Азизова.

Онанинг шикоят хатида келтирилган бу иддаоларни қўшимча тафсилотлари билан Санжар Жумаевнинг ўзи ва 2018 йилнинг 8 декабри оқшомида унинг машинасида бўлган бўласи Шерали Равшанов Озодликка 19 февраль куни берган суҳбатда такрорлади.

Ангор туман прокуратураси терговчиси Ҳусниддин Каримов 19 февраль куни Озодликка Санжар Жумаев билан боғлиқ воқеа бўйича жиноят иши 13 февралда қўзғатилганини билдирди:

“Санжар Жумаевнинг тан жароҳати ва машинасига етказилган зарардан келиб чиқиб ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик” - таҳр.), 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди, иш олиб борилаяпти”.

Терговчининг айтишича, “Миллий гвардия” ўз хизматчиларининг ҳужумга алоқаси борлигини инкор қилган:

“Миллий гвардия” билан бугун гаплашдик. Улар инкор қилди”.

Терговчи Ҳусниддин Каримов иш билан боғлиқ бошқа тафсилотларни очиқламади.

“Миллий гвардия” матбуот хизмати телефонини кун давомида ҳеч ким кўтармади.

Санжар Жумаев, унинг опаси Мастура Жумаева, бўласи Шерали Равшановлар Озодликка 19 февраль куни берган суҳбатлари давомида ҳужум қилганлардан бири Ангор туманидаги участка нозирларидан бири Илҳом Абдуллаевдир, деган иддаони илгари сурди.

Санжар Жумаевнинг айтишича, воқеадан кейин у мустақил равишда Ангорда ҳужум қилганларнинг кимлигини суриштирган.

“Ҳужум қилганлардан бирининг юз тузилишини, сочи қандайлигини, устидаги кийимини айтиб берган эдим, ангорлик оғайним суриштириб билиб берди. У шундай одам ўша куни “Ларгус”да бир неча киши билан юргани, унинг Илҳом Абдуллаев эканлигини айтди”, - деди Санжар Жумаев.

Санжарнинг опаси, 34 яшар Мастуранинг айтишича, у декабрнинг охирларида адолат излаб Ангор туман прокуратурасига борган.

"Ўша пайтда укамнинг иши билан терговчи Аббос Раҳимов шуғулланаётган эди. Ўшанда участковойлар: Илҳом Абдуллаев, Одил Элмоновлар келди. Мажбурлаб ёздириб олган Элмонов, урган Абдуллаев эди. Ўша пайтда бўлам (Шерали Равшанов – таҳр.) Илҳом Абдуллаевни таниди. Бўлам унга “Сиз эдингизку бизни “Ларгус”да қувган, деса, чаппа қараб, “мен эмасдим, исботлаб бер”, деган”.

Ангорнинг “Наврўз” маҳалласида яшайдиган Шерали Равшановнинг ўзи эса, бундай деди:

"Ўша куни биттаси участковойлар киядиган формада эди. У [“Ларгус”нинг] олдида ўтирган. Ўша одамни бизни прокуратурага терговчи чақирганда танидим. Прокуратурада унинг Илҳом Абдуллаев эканлигини билдим. Биринчи марта биз дўконнинг олдида тўхтаганимизда, у одам [“Ларгус”дан] тушиб, қўлини чўнтагига солиб, машина фараси олдида турган. Шунинг учун яхши эсимда қолган", - деди Шерали Равшанов.

Шуниси қизиқки, Ангорнинг “Наврўз” маҳалласи участка нозири Илҳом Абдуллаев Озодликнинг бошқа бир материали қаҳрамони бўлган эди.

Озодлик 2018 нинг 3 октябрида “Наврўз” маҳалласи аҳолисини пахта теримига чиқариш масаласида участка профилактика инспектори, 29 яшар лейтенант Илҳом Абдуллаев билан маҳалла раиси, 61 яшар Абдуназар Зоиров ўртасида содир бўлган жанжал тўғрисида ёзган эди.

Ўшанда Наврўз маҳалласи раиси Абдуназар Зоиров милиция ходими Илҳом Абдуллаев уни ўласи қилиб уриб-тепганидан арз қилган эди.

Озодлик 19 февраль куни Илҳом Абдуллаев иш жойини ўзгартирганини аниқлади.

У 2018 нинг декабрида Наврўз маҳалласидан Навбаҳор маҳалласига ишга ўтгани маълум бўлди.

Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом аканинг Озодликка билдиришича, участка нозири Илҳом Абдуллаев шу кунда касалхонада даволанмоқда.

Туман ички ишлар бўлими навбатчиси ҳам шу гапни айтди.

Илҳом Абдуллаевнинг телефони кун давомида ўчиқ бўлди.

XS
SM
MD
LG