Тадбиркор Насимбек Ўриновнинг айтишича, Зарафшондаги "Наврўз" савдо мажмуасида унинг қандолат ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўкони бор. Дўкон ёпиқ, аммо бу маҳсулотларни аҳоли уйларига етказиб бериши учун ўз автомобилидан соат 16 дан 20 гача фойдаланишга рухсатнома олган.
Ўриновнинг айтишича, рухсатноманинг чекланган вақтга берилгани фаолиятини давом эттириши учун жуда ноқулайдир.
Озодлик билан суҳбатда Н. Ўринов қизил ҳудуд, деб белгиланган карантин зоналаридаги тадбиркорларнинг аҳволи ва уларнинг ишлаши учун берилаётган имкониятларнинг ўта ноқулай бошқа жиҳатлари ҳақида гапириб берди.
12 майда Зарафшон шаҳри қизил зона, деб эълон қилиниши билан унинг дўкони ҳам ёпилган. Бозорлар ёпилмасидан сал аввал сотиб олинган катта ҳажмдаги озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари эса дўконида қолиб кетган.
Бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини аҳоли уйларига элтиб бериб, сотишига рухсат берилгач, Н. Ўринов ҳам хусусий автомобилидан фойдаланиш учун рухсатнома олганини айтмоқда:
- Печенье, шоколад каби маҳсулотларнинг муддати ўтмаса ҳам, қотиб қолиши мумкин. Шуларни сотиб олиш учун югура-югура, охири чекланган соатларда ҳайдаш учун машинамга рухсатнома олдим. Кечки соат 4 дан 8 гача, ҳафтанинг бир неча кунида доставка учун рухсат беришди.
Айтишича, давлат ташкилотларига арзи ҳол қила-қила олган рухсатномасига қарамай, машинаси барибир жарима майдончасига тушиб қолган:
- Тарқатиладиган маҳсулотни тайёрлаш учун эрталаб соат 10 ларда машинамда кетаётган пайтимда, ИИВ ходимлари тўхтатиб, машинамни жарима майдончасига олиб бориб қўйишди. Тушунтиришга уриндим, лекин бўлмади. Ҳужжат бўйича улар ҳақ, тўғри. Лекин, менинг уйимдан дўконимгача пиёда 1 соат юраман. Бир соат пиёда келиш, яна бир соат пиёда кетиш - кейин яна машинада келиб, маҳсулотни 4 соат ичида тарқатишга улгуриш - жуда ноқулайда! Муҳими, яна менинг маҳсулотларим қолиб кетяпти, ҳадемай бузилса, мен шунча маҳсулотга куйиб қоламанми?! .
Қуйида тадбиркор билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Ўзбекистонда жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб, коронавирус эпидемияси олдини олиш мақсадида карантин жорий қилинган.
Карантин чоралари сифатида аҳолининг шахсий автомобилидан фойдаланиши ҳам қатъий чекланган. Бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини сотадиган ва аҳоли уйларига егулик етказиб берадиган якка тартибдаги тадбиркорларга эса, ўз машинасидан фойдаланиши учун махсус рухсатномалар жорий қилинган.
Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси ёйилиши ва бунинг олдини олишга қаратилган карантин тадбирларига оид бошқа маълумотлар билан Озодликнинг жонли блогида танишишингиз мумкин: