Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Таҳлилчилар: “Россия Керчь кўпригини портлатиб, бунда Украинани айблаши мумкин”


Керч кўприги
Керч кўприги

Россиянинг Украинага муҳтамал тажовузи ҳақидаги хабарлар манзарасида журналист ва таҳлилчилар Россия ҳарбий техникалари кўчирилаётганига доир янги маълумотларни эълон қилишди.

Conflict Intelligence Team (CIT) тадқиқот гуруҳига кўра, Россия ҳарбийлари Воронеж яқинидаги 1-гвардия танк армияси техникаларини Украина чегарасига ташимоқда.

“Америка разведкасининг бу ҳафтада Украинага қарши амалиёт бошланиши хусусидаги огоҳлантиришлари ҳамда Киевдан чет давлатлар элчихоналарининг эвакуация қилиниши манзарасида техникаларнинг чегарага томон силжиши қаттиқ хавотир уйғотади”, дея таъкидлайди CIT таҳлилчилари.

“InformNapalm” халқаро разведка ҳамжамияти вакили Михаил Макарук, Украинага қарши тажовузни оқлаш учун Россия ҳатто Керчь кўпригини портлатишдан ҳам тоймаслигини, Қримнинг ўзида эса кучли ахборот кампанияси давом этаётганини айтади.

CIT асосчиси Руслан Левиев ва “InformNapalm” вакили Михаил Макарук “Настояшчее время”га янги маълумотлар қанчалик хавотирли эканлиги ҳақида сўзлаб берди.

Руслан Левиев: “Замонавий Россиянинг бутун тарихида бунақа бемисл қўшин тортиш бўлмаган”

– Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кўрганингиздан келиб чиққанда, техника ва қурол-аслаҳалар Украина чегараларига ташилаётгани қанчалик таҳликали кўринади?

– Ростдан ҳам, булар бари кимгадир қаттиқ таҳдид қилишдек кўринаётгани бор гап. Чунки сўнгги кунларда Воронеж, Курск ва Ельна атрофидаги полигонларда сақланаётган техникалар Украина чегарасига жуда яқин ҳудудларга ташилаётганини қайд этдик. Улар асосан Брянск, Белгород ва Курск вилоятларига, шунингдек, Беларусь ва Қримга йўналтириляпти.

Шуниси қизиқки, Ростов вилоятига ҳарбий техника кираётгани кузатилмаяпти. 2014 йилдан сўнг Россия у ерда, Донбассда ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланган тақдирда фойдаланиш учун 8-умумқўшин армиясини тузган эди. Ана шу армиянинг айрим бўлинмалари, чунончи, 150-мотоўқчи дивизия доимий дислокация жойини тарк этиб, Луганск вилоятининг Киев назоратидаги шимолий қисмига қараб жилмоқда. Бу нима дегани? Россия федерал ОАВлари гўё Украина провокация қилаётганини ва Донбассни куч билан ишғол этишга шайланаётгани ҳақида жар солиб келади. 8-армия Украина Донбассга ҳужум бошлаган тақдирда унга зарба бериш мумкин бўлган энг қулай ҳудудда жойлашган эди. Бу армия қисмларининг янги дислокацияси эса Россия Донбассга ҳужум бўлишини кутмаётганидан даракдир. Қримда қўшинлар Херсон вилояти билан чегарага тақалиб бормаётган бўлса-да, у ерда ҳам куч тўплаш давом этяпти.

– 2014 йил билан қиёслаганда Украина чегаралари яқинида турган Россия қўшинлари кўпми ёки камроқми?

– Ҳозирги техникалар анча кўп. Замонавий Россиянинг бутун тарихида бунақа бемисл қўшин тортиш бўлмаган. Янги Россия иштирок этган ҳеч бир қуролли можаро бунга тенг келолмайди. Украина сарҳадлари яқинига келтирилган техникалар ва шахсий таркиб жуда кўп.

– Аниқроқ айта оласизми?

– Таҳлил қилиб кўрганимиз йўқ. Лекин, 2014-2015 йиллардаги ҳарбий можарони ҳам кузатганман ва, айтиш мумкинки, чамамда ҳозирги қўшинлар миқдори камида икки баравар кўп. 8 йил муқаддам жанглар асосан Ростов вилояти теварагида кечган бўлса, бугунги кунда Россиянинг Украина билан бутун чегаралари потенциал фронт ҳудудига айланган, қолаверса, Беларусь билан Украина чегаралари ҳам. Ҳозирги воқеалар кўлами жиҳатдан 2014-2015 йилллардаги можародан кўп марталаб катта.

– Шахсий таркиб сони бўйича аниқ маълумотлар борми?

– Биз ва бошқа таҳлилчилар чегара бўйлаб жойлаштирилган қўшинлар тахминан юзта батальон-тактик гуруҳга тенг, дея чамалаяпмиз. Батальон-тактик гуруҳлар дегани бу қуруқликдаги қўшинлар бўлинмалари бўлиб, ҳар бирида 700 дан 1000 нафаргача аскар бўлади. Бунга ҳали денгиз пиёдалари, авиация ва флотилияни қўшаётганимиз йўқ – улар алоҳида.

Михаил Макарук: “Инженерлик қўшинлари Керчь кўприги яқинида шубҳали ҳаракатлар қилмоқда”

– Айтинг-чи, Керчь кўпригини портлатишга ҳозирлик кўрилаётганига доир маълумотни қаердан олдингиз? Россия сўнгги йиллардаги энг йирик қурилиш лойиҳаларидан бирини ўз қўли билан йўқ қилишига ростдан ҳам ишонасизми?

– Биз саккиз йилдан бери ёпиқ манбаларни разведка қилиш билан шуғулланамиз, қолаверса, жамоамиз аъзоларининг асосий қисми Қримда туғилиб-ўсган йигитлар. Яриморолда биз учун маълумот тўплайдиган бир қанча одамлар ҳам бор. Қрим босиб олинган пайтдан бери Севастополь шаҳридаги 546-махсус объектни диққат билан кузатяпмиз. Совет даврида ушбу ўта махфий объектда ғаввос-диверсантлар етиштирилган, ҳозида эса у РФ Қуролли кучларининг Махсус амалиётлар кучларига тегишли. Мазкур объект конструкциялари орасида бир девайс эътиборимизни тортди. Кейинроқ у портловчи ҳар хил моддаларни олиб юриш учун мўлжалланганини аниқладик. Боз устига, яқинда Азов денгизи, жумладан, Керчь бўғозининг тўсиб қўйилиши бизни ҳушёр торттирди. Фақат кемалар ўтказилмаганида тушуниш мумкин эди, аммо улар ҳудуд осмонини ҳам ёпиб қўйишди. Чунки Керчь кўприги атрофидаги қўшинлар ҳаракатини кузатишлари мумкинлигидан чўчидилар. Қўшма Штатлар, Буюк Британия, Франция ва Туркиянинг разведкачи учоқлари Қримни, Донбасснинг босиб олинган ҳудудларини, Украинанинг Беларусь билан чегарасини узлуксиз мониторинг қилмоқда. Россия машқлар баҳонасида денгиз ва ҳаво ҳудудини ёпиб қўйганидан сўнг Керчь кўприги теварагида инженер қўшинларининг шубҳали ҳаракатларини кузатдик. Бунақа катта портлатиш ишларини ҳамиша инженерлик қўшинлари мутахассислари бажаради.

Қолаверса, Россия раҳбарларининг бари собиқ чекистлар эканини унутмайлик. Ичкериянинг мустақиллик учун иккинчи урушини (руслар негадир уни Иккинчи чечен уруши деб аташади) бу чекистлар ўз аҳолиси яшайдиган уйларни портлатишдан бошлаганлар. Қисқаси, бу террорчи ва телбалар ўша ишларини такрорлаши учун керагидан зиёд имкониятларга эга, деб ўйлайман.

– Украина Қрим ҳудудини назорат қилмаётган, бўғознинг икки тарафида ҳам Россия кучлари турган бўлса, Украинани қандай қилиб Керчь кўпригини портлатганликда айблаш мумкин?

– Россия Украинага қарши бир иш қиладиган бўлса, ҳеч қачон баҳона қидириб ўтирмайди. Донбассдаги провокацияларни қаранг: қўйиб берсанг, бизга атом қуроли билан ҳужум қилишяпти, деб аюҳаннос солишади, бир соат ўтар-ўтмас маълумотнинг ёлғонлиги фош бўлади.

Қримда ҳам шу аҳвол: “яриморолга террорчилар ҳужум қилмоқчи”, деб одамларнинг қулоғига қуйиб ётишибди, тинимсиз аксилтеррор машқлари ўтказиляпти, кунда бўлмаса кунора қандайдир “украин қўпорувчилари”ни қўлга олишяпти...

XS
SM
MD
LG