Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:13

Тожикистонда фоҳишалар хизматидан фойдаланганларни ҳам жазолаш таклиф қилинди


Тожикистон жанубида фоҳишаликда гумон қилиниб ушланган аёллар.
Тожикистон жанубида фоҳишаликда гумон қилиниб ушланган аёллар.

Тожикистон Бош прокуратураси фоҳишалар хизматидан фойдаланган эркакларга ҳам жазо тайинлашни таклиф қилди. Бу мамлакатда мавжуд қонунларга биноан, ҳозирда фоҳишалик учун фақат аёллар жазоланиб, улар хизматидан фойдаланган эркаклар жазосиз қолмоқда.

Тожикистон бош прокуратурси масъул ходими Фаррух Рауфовнинг Озодлик радиосига айтишича, мамлакат маъмурий кодексига киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси тайёрланган ва у муҳокама ҳамда тасдиқлаш учун мамлакат парламентига юборилган.

Бош прокуратура таклиф қилаётган лойиҳадан фоҳишаликнинг олдини олиш ва жамиятда ахлоқий тарбияни кучайтириш мақсадини кўзлангани айтилди.

Фаррух Рауфовга кўра, лойиҳа жинсий хизматдан фойдаланган эркакларга йирик миқдорда жарима солиш ёки маъмурий қамоқ жазосини қўллашни таклиф қилади.

2015 йил Тожикистонда фоҳишаларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилган эди.

Тожикистон Маъмурий кодексига киртилган ўзгартиришларга мувофиқ, ўз танасини сотган аёл 1000 сомоний (тақрибан 115 АҚШ доллари) миқдорида жарима тӯлайди.

Олдин жарима миқдори икки баравар кам - 500 сомонийни ташкил этарди.

Озодлик баъзи тожикистонликларнинг жинсий хизматдан фойдаланган эркакларни жазолаш масаласига муносабатини ўрганди.

Ўзини Мавлуда деб таништирган душанбелик ёш аёл бундай чорани қўллаб-қувватлашини айтади.

Агар эркаклар фоҳишалар олдига бормасалар, фоҳишалар сони ҳам бирданига камаяди. Яъни, муаммонинг икки томони ҳам бор,”- деди Мавлуда.

Душанбелик Маҳмуд эркакларга бундай жазонинг тайинланишини зарурий чора, деб ҳисоблайди.

Бундай жазо икки томондан фойдали: биринчидан, эркаклар ўз турмуш ўртоқларига хиёнат қилиб, виждон азобини тортишдан ва турли хил венерик хасталикларга мубтало бўлишдан омон қолади. Иккинчидан, жаримадан олинган маблағ мамлакат бюджетини бойитади,”- деб айтди Маҳмуд.

Баъзи инсон ҳуқуқлари фаолларига кӯра, қонунчиликда пора берган ҳам, пора олган ҳам айбдор ҳисобланади.

Шундай экан, айни шундай қоида фоҳишабозликка қарши курашда ҳам қўлланиши лозим, дейишади улар.

Бошқа томондан, баъзилар бундай чоралар воситасида мамлакатда фоҳишабозликнинг олдини олиш мумкин эмаслигини айтишади.

Тожик ёзувчиси Абдуқодир Рустамнинг “Фейсбук” саҳифасида ёзишича, “аёллар қашшоқлик ва ишсизлик сабабли фоҳишалик қилишга мажбурдир. Агар бу қонун қабул бўлса, милиция ходимларининг товламачилиги ва таъмагирлигига йўл очилади, фоҳишалар эса ўз ишларини бошқа мамлакатларда давом эттираверадилар”.

Тожикистон Ички ишлар вазириги маълумотига кўра, ҳозир мамлакатда 2 мингга яқин “ахлоқсиз аёллар” рўйхатга олинган.

Тожикистонда ўтказилган тадқиқотларга кўра, фоҳишаларнинг 70 фоизи мижозларини 25 ёшгача бўлган йигитлар ташкил этади.

XS
SM
MD
LG