Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:05

Soufan Group: Шу кунда Сурия ва Ироқда 700 дан зиёд тожикистонлик “жиҳодчи” бор


Сурия. Тожикистонлик "жиҳодчилар". 2015 йилда олинган сурат.
Сурия. Тожикистонлик "жиҳодчилар". 2015 йилда олинган сурат.

Хавфсизлик масалаларини ўрганувчи Soufan Group тадқиқот маркази 24 октябрь куни тарқатган ҳисоботда ёзилишича, тожикистонлик 700 дан ошиқ жангари ҳали-ҳануз Сурия ва Ироқда қолмоқда. Марказга кўра, тожик жангариларнинг тақдири номаълумдир.

Soufan Group ҳисоботига кўра, 2016 йилнинг июлигача 1 600 тожик жиҳодчи “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи сафларида жанг қилган. Уларнинг 147 нафари ватанига қайтган.

“Ислом давлати” Мосул ва Раққадан сиқиб чиқарилганидан кейин, тожик жангарилар тақдири қандай кечгани номаълум. Soufan Group ҳисоботида ёзилишича, жангариларнинг айримлари тўқнашув содир бўлаётган бошқа ҳудудларга етиб олган бўлиши мумкин.

Тожикистон расмийларининг билдиришича, Сурия ва Ироқда “Ислом давлати”га қарши курашда тожикистонлик жангариларнинг 60 фоиздан ошиғи ҳалок бўлган.

Soufan Group ҳисоботида қайт этилишича, “Ислом давлати” сафига қўшилиш учун Сурия ва Ироққа йўл олганлар орасида Россия фуқаролари энг кўп бўлиб, уларнинг сони тақрибан 3 417 кишидир.

Бундан ташқари, “Ислом давлати” сафларига қўшилиш учун Саудия Арабистонидан 3 244, Иорданиядан 3 000, Тунисдан 2 926 нафар одам борган. Қолаверса, жангари гуруҳга 1 910 Франция фуқароси қўшилган.

Soufan Group марказига кўра, “Ислом давлати” Сурия ва Ироқда чекинганидан кейин, 33 давлатнинг 5,6 минг фуқароси ўз ватанига қайтган. Марказга кўра, бу ҳолат кейинчалик жаҳон давлатлари махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари учун катта муаммо бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Soufan Group 2015 йилнинг декабрида эълон қилган ҳисоботда Сурия ва Ироқда “Ислом давлати” сафларида 86 давлат фуқароси жанг қилаётгани, уларнинг сони 27-31 минг киши эканлиги қайд этилган эди. Ўшанда экстремистик гуруҳ аъзолари орасида 2 400 россиялик, 300 қозоғистонлик ҳамда 386 нафар тожикистонлик борлиги айтилган эди. МДҲдан борган жангариларнинг умумий сони 4,7 минг киши эканлиги кўрсатилган эди.

Soufan Groupнинг 2015 йил, декабрида эълон қилинган ҳисоботидан.
Soufan Groupнинг 2015 йил, декабрида эълон қилинган ҳисоботидан.

2015 йилги ҳисоботда “Ислом давлати” ёллаётган жангариларнинг аксари Тунис фуқароси эканлиги айтилганди. Тунис расмийларга кўра, кейинги икки йил ичида гуруҳ сафларида жанг қилаётган тунисликлар сони 6 мингдан 3 мингга тушган.

Soufan Group таҳлил маркази хавфсизлик билан боғлиқ глобал муаммоларни ўрганиш билан шуғулланади. Марказнинг қароргоҳи Нью-Йорк шаҳрида бўлиб, Чикаго, Лондон, Доҳа, ҳамда Сингапурда унинг ҳудудий офислари бор. Марказ, шунингдек, Шимолий ва Жанубий Америка, Европа, Яқин Шарқ, Осиё ва Африкада ҳам “амалиётларни” амалга оширади.

2014 йилнинг июнида Soufan Group “Ислом давлати” сафларида курашаётган хорижликлар ҳақидаги илк ҳисоботини эълон қилган эди. Ўшанда Суриянинг ўзида 81 мамлакатнинг 12 минг фуқароси жангари гуруҳ сафларига қўшилгани аниқланган эди.

XS
SM
MD
LG