Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:29

"Ўзининг уйида свет ўчмайди". Тармоқлар Норбоевани 5 йил олдинги зулматга "қайтарди"


Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева.
Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева.

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоеванинг "свет ўчиши тарихда қолгани" тўғрисидаги сўзлари ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг танқид ва ғазабнок чиқишларига сабаб бўлди.

Тармоқ фойдаланувчилари Сенат раисининг 6 ноябрь куни Телеграм-каналларда тарқалган баёнотига жавоб сифатида ўзларининг электр энергиясисиз, зулматда ўтирган сурат ва видеоларини тармоқларга жойладилар.

Пойтахт тошкент дохил йирик шаҳарлар ва қишлоқ жойларида электр тармоғидаги узилишлардан азият чекаётган оддий фуқаролар Сенат раисини халқнинг турмушидан бехабарлик ва "ёлғончилик"да айблашди.

"5 йил олдинги тарих"

6 ноябрь куни интернетда тарқалган қисқа видеода Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева мамлакатда электр таъминоти масаласига тўхталиб, электрдаги узилишлар "тарихда қолгани"ни айтади.

- Умуман олганда, свет ўчиши, зулматда ўтириб, телевизор кўра олмаслик – бу 5 йил олдинги тарих эди. Ҳозир бундай тарих, Худога шукур, бартараф қилинди, - дейди видеода сенатор Норбоева.

Озодликка маълум бўлишича, парламент юқори палатаси раҳбарининг сўзлари жорий йилнинг 18 октябр куни Тошкент шаҳрида ўтган “Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги очиқ мулоқот чоғида янграган.

Баёнот видеоси тарқалиши ортидан тармоқларда Танзила Норбоевага "жавоб" челленжи бошланиб кетди.

Наманганлик YouТube фойдаланувчиларидан бири маҳаллий электр тармоғи ходимини сўроққа тутиб, вилоят навбатчи диспетчери томонидан электр токини ўчириш тўғрисида буйруқ олинганини гапиради ва “Сенат раиси бутун халқни алдабди-да!”, дея хулоса қилади.

Фейсбук фойдаланувчиси Нигора Алимова парламент раҳбарига одамлар орасида кўпроқ юришни тавсия қилди.

“Ҳурматли Tanzila Narbaeva бу сафар бироз адашдингиз.

Чекка қишлоқ, айрим раҳбарлар оёғи етмаган жойларга келинг, бир-икки кун ўша жойларга оддий кийимда ўзгалар билмас қилиб боринг. Ўшанда биласиз свет ўч ёқ, ўч ёқ, ўч ёқ.

Сизга қайси ёлғончи раҳбар свет бўйича ахборот берди ўзи.”

Фейсбук фойдаланувчиси Shamsijahon Shomurodov фикр билдиради:

“Опамизни Тошкентга кўчиб келганларига 5 йил бўлган шекилли. Қишлоқда свет, газдан безиб кетгандан Тошкентдамиз-ку ўзи сиз каби. 30 йил аввалроқ келганингизда 30 йил аввалги тарих бўларди Сиз учун.”

Muxbir Daliyev Телеграм-каналида Танзила Норбоевани “кун қаҳрамони”га чиқарди:

“Свет ўчиши 5 йил аввалги тарихда қолиб кетган, деган опани саволга тутиб кўпам қийнайверманглар.

Опанинг уйида, яп-янги ишхонасида, юрган йўлларида свет ростанам ўчаётгани йўқ”, деб ёзди иқтисодчи блогер Отабек Бакиров.

Твиттердаги "Раис бува” эса , Сенат раҳбарининг сўзларидан "мамлакатнинг ярмидан кўпи ҳалиям 5 йил аввалги тарихда яшаяпти", деган хулоса келиб чиқишини айтади:

Сенат матбуот хизмати: Гап контекстдан юлиб олинган

Олий Мажлис Сенати матбуот котиби Мўмин Ибодов Kun.uz нашрига Сенат раҳбарининг сўзлари жамоатчилик томонидан нотўғри талқин қилинаётгани, “Норбоева бу тадбирда бошқачароқ, тўлиқроқ гапиргани” ватарқалган лавҳа контекстдан юлиб олингани” ни билдирди.

QALAMPIR.UZ нашри ҳам ўз саҳифасида Норбоева хонимнинг нима масалада бундай жавоб қайтаргани ва мулоқотнинг тўлиқ шаклини келтирди.

Бироқ айнан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева 2020 йилнинг 20 ноябрь куни ўтказилган Сенатнинг 9-ялпи мажлисида электр ва газ таъминотидаги узилишлар масаласини тезкорлик билан ўрганиш ва ҳал қилишга ваъда берган эди.

У газ-электр таъминоти масалалари тўғрисида тегишли тармоқ раҳбарлари (вазирлар, ҳокимлар) бир ойда бир марта оммавий ахборот воситалари орқали халқ олдига чиқиб, матбуот анжумани ва брифингларни ўтказиб туриши мажбурий бўлиши кераклигини уқтирганди.

- Аҳолининг Сенатимизнинг ялпи мажлисини кузатиб туриб, бизга юбораётган саволлари, фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиб ўтирибман. Ҳаммаси онлайн тарзда бўлгани учун минглаб фойдаланувчилар “Газ ва электр муаммосини қачон ҳал қиласизлар?” саволи билан бизга мурожаат қилишяпти. Ҳаммаси шу саволларни беряпти! – деб айтган Танзила Норбоева.

Ўтган ой иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Минтақаларда свет-газнинг йўқлигини шу кунларда онасининг жанозасида қатнашиш учун Марғилонга сафар қилгоан таниқли хонанда Юлдуз Усмонова ҳам тасдиқлади. Фейсбукка жойланган видеосида Усмонова Марғилон шаҳрида “на свет, на газ борлиги”ни айтиб, оиласи билан “дилдираб совқотиб чиққани”дан ёзғирди.

Ўтган 2020 йилнинг ноябрь ўрталарида Ўзбекистонда ҳаво кескин совиб, қор ёғиши билан мамлакат бўйлаб энергетик бўҳрон юзага келганди.

Расмийлар энергия инқирозини об-ҳаво совиб, электр истеъмоли кескин ортгани билан изоҳламоқда, аммо йиллардан буён айни муаммо такрорланаётганига жўяли изоҳ йўқ.

Кўпчилик ўзбекистонликлар учун газ ва бошқа энергия манбаларига бой мамлакатда нима учун ҳар йили аҳоли совуқдан азият чекиш ва қоронғуда ўтиришга маҳкумлиги тушунарсиз.

Энергетика вазирлиги тизимдаги муаммоларга ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши ва газ ҳамда электрдан ноқонуний фойдаланишлар сабаб эканини айтиб келади.

Президент Мирзиёев ўтган йилларда энергетика инфратузилмасига етарли сармоя киритилмаганини бир неча бор танқид қилган. Аммо инқирознинг давом этаётгани соҳага киритилаётган миллионлаб доллар сармояларнинг қаерга ва қандай сарфланаётгани борасида саволларни пайдо қилган.

Ўтган йил ноябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши жойларда аҳолининг оммавий норозилик чиқишлари сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG