Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:56

Рамазон, Гагарин ва Шералининг парвози. Тармоқни титратган трендлар


Рамазон арафасида тармоқлар, асосан диний мавзу, шунингдек, Гагарин ва Шералининг парвозини муҳокама қилди - коллаж
Рамазон арафасида тармоқлар, асосан диний мавзу, шунингдек, Гагарин ва Шералининг парвозини муҳокама қилди - коллаж

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка ҳамроҳлик қилган тошкентлик журналист Раҳмон Абдуллаевга кўра¸чоршанбадан чоршанбагача ўтган даврда тармоқлар дин ва аёллар мавзусини муҳокама қилди.

Рамазон арафасида тармоқлар кўпроқ диний мавзуларни муҳокама қилган
Рамазон арафасида тармоқлар кўпроқ диний мавзуларни муҳокама қилган

Тармоқнинг олти платформасида «Рўза пайтида аëллар узун куйлак кийсин» деган плакат тарқалди. Тармоқ юзери Диëра Абдужабборованинг «узун куйлаги йўқлар нима қилсин?» деган саволи ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири бўлди.

Микоил Булгакий исмли Facebook юзери, тармоқдагилар таъбирича, “маслаҳатнинг додасини берди”.

«Сотиб олсин. Ҳозир ҳар қадамда ижоб дўконлар. Just business»

Тармоқ фаоли Ҳилолахон Мирзаева эса, эркакларга қарата «Уйдан чиқмай турамиз. Қизларнинг соясиданам рўзаси очилиб кетяпти экан айрим «тақволи»ларнинг» дея кесатди.

Ўзбек аёллари
Ўзбек аёллари

"Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди"

Чоршанбадан чоршанбагача ўтган хафтада аввалига ижтимоий тармоқ, кейин эса маҳаллий нашрлар Шовот туманида мунтазам калтаклангани ортидан ўзини осган катқалъалик Мухлиса Қадамбоева ҳақида ëзди. Ҳодиса юз берганидан 11 кун ўтиб, Бош прокуратура у ҳақда хабар тарқатиб, «Катқалъа» маҳалласида яшаган 19 ёшли Мухлиса Қадамбоева 1 апрель куни тахминан 11:00да яшаш уйининг молхонасида осилган ҳолда топилганини билдирди. Ëш жувон ёғоч тўсинга оқ рангли шпагат ип билан ўзини ўзи осиб, жонига қасд қилгани тафсилотлари ҳам ўртага чиқди. Тармоқни титратган ушбу мавзуни илк бор Озодлик ëритган эди. Озодлик мухбири 8 апрель куни Шовот туманига сафар қилиб, ҳодиса тафсилотлари ва Мухлиса яқинларининг унга муносабатини ўрганган. Озодликнинг ушбу хабаридан кейин Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёева ўзининг Телеграм- каналида «аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги янгиликлар кейинги кунларда умидсизлик занжирига боғланиб кетаётгани»га эътибор қаратди.

Саида Мирзиëева
Саида Мирзиëева

“Калтакларга чидолмай, ўзини осди. Қўшниларидан йўлкирага беш минг олганига дўппослашибди. Бу ҳали дараги бизгача етиб келганлари. Яна қанчаси бости-бости бўлиб кетяпти экан? Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди. Жамиятимиз разолат ва сукут учун, аёлнинг ўзи айбдор“ деган қараш учун жуда оғир бадал тўлаяпти», — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.

Мухлиса фожиаси тармоқни титратди
Мухлиса фожиаси тармоқни титратди

Ислом цивилизацияси маркази ходими аëллардан кечирим сўради

Ўтган хафта Telegram платформаси фаоли, доктор Руслан Хушмиров Тошкентдаги “Минор” масжиди собиқ имом ноиби¸ Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Мухтор Алийнинг «хотинлар урадиган эркакларни яхши кўради» деган сўзлари акс этган видеони тармоққа жойлади. Видео тармоқнинг, айниқса рус тилида сўзлашувчи сегменти тарафидан қаттиқ танқид қилинди. Танқидчилар Ўзбекистон президентининг қизи тарафидан аëлларга қарши зўравонликни қораловчи баëнотлар фонида расмий дин арбобининг зўравонликни тарғиб қилаëтганига эътибор қаратишди. Тармоқлардаги бу мавзу интернет нашрларига ҳам кўчиб ўтгани ортидан Ислом цивилизацияси маркази ходими аëллардан узр сўраб чиқди. Бу сафар у «аëлларни урмаслик керак» дея таъкидлади.

Тармоқ космонавт Гагаринга шак келтирди

Тармоқнинг олти платформаси 12 апрель куни 60 йил олдин космосга учган илк инсон Юрий Гагарин мавзусини ҳам муҳокама қилди.

Юрий Гагарин
Юрий Гагарин

Туркияда яшайдиган ўзбеклар ўз Tелеграм каналида осмонга учган илк одам мусулмон ва турк бўлганлигини таъкидлашди. Уларга кўра, Назарфан Аҳмад Чалабий 1632 йили Истанбулдаги Галата минорасидан парвоз қилиб, 4 километр наридаги Ускудар маҳалласидаги Дўғончилар майдонига қўнган.

Бу гапга жавобан Телеграмдаги “Хонқалилар” группаси илк учган одам хонқалик Елтак ота экани, у Хонқанинг Сарапоëнидан замбарак ўқига боғлаб отилганида Хазораспнинг “Дурвадик” деган жойига бориб тушганини айтишди.

"Андижонликлар" гуруҳи эса, 12 апрель куни Асакада дунëга келган улуғ ҳофиз Шерали Жўраевнинг мусиқий парвози Гагариндан баланд эканлигини айтишди. Айнан 12 апрель куни Шерали Жўраевнинг президент билан қўл ушлашиб тушган расми Инстаграмда "қўлма-қўл" бўлди.

Шерали Жўраев 12 апрелда туғилган
Шерали Жўраев 12 апрелда туғилган

Урганчлик икки хонанда антиклерикал қўшиқ ижро қилди

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ижод қиладиган икки хонанда Наврўз ва Улуғбек Собировларнинг "Қўшиқ ҳаром бўлса, алла не бўлғай?!" деб номланган клипи Рамазон арафасида тармоқда тарқалиб, муҳокама қилинди.

Клип “шариат тақиқлаган” дея санъатни тарк қилаëтганларга жавоб сифатида кўрилди.

Бешик тебратиб, алла айтаëтган она тасвири билан бошланадиган клип, пировардида мусиқага қизиққан ëш ўспириннинг мутаассиб ота қаршилигига учраганини тасвирлайди. Қора дўппи кийган ота клип финалида ўғлининг торини дарахтга уриб синдиради. Ўғил эса, синган тор парчалари узра фарëд қилади.

Илк одам яралган аслий санада,

Жон мусиқа бирлан кирган танага,

Қўшиқ харом бўлса алла не бўлур,

Бу қандай ҳақорат она шаънига?..

Клип давимида Ўзбекистон рамзлари ҳам кўрсатилиб, “Адолат устуворлиги” ҳақидаги плакат гаплар ҳам айтилади. Пировардида, мамлакат гимни ҳам қўшиқ-ку ахир“, деган хулоса ясалади.

"Элтуз" нашрида эълон қилинган карикатура
"Элтуз" нашрида эълон қилинган карикатура

Тошқол контент

Журналист ва блогер Элдор Асанов ўзининг "Асанов формати" Телеграм-каналида ўзбек сегментидаги диний контент борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Афсуски, на диний, на дунёвий билими йўқ баъзи блогерлар ўз платформаларида кўтараётган мавзулар хавфли бўлмасайди, аҳмоқона, кулгили деса бўларди. Ўзбек интернети тошқол (ўзбек тилини яхши билмайдиганларга – шлак дегани бу) контентга тўлиб кетди: қаерга қарамай, Америка – Дажжол, масонлар ва яҳудийлар фитнаси, аёлларни уришнинг фойдаси, кўпхотинликнинг фойдаси, Ўзбекистонда бир эркакка ўн олти аёл тўғри келаётгани сингари ёлғон-яшиқ чўпчаклар. Бундай мавзуни кўтарадиган ораторлар оғзиларига келганни қайтармай, тушунмаган нарсаларини комил ишонч билан гапириши қанчалар кулгили ва аянчли бўлмасин, афсуски, улар маълум аудиторияга эга. Яъни улар минглаб ўқувчи ва кўрувчиларига маърифат пўстини ёпинган жаҳолат ва мутаассибликни тарғиб қилишяпти...

Бунинг натижасида уларнинг аудиторияси радикаллашиб кетяпти, одамларда ўта агрессив кайфият шакллантириляпти. Бундай кайфиятдаги кимсалар ўзига маъқул келмаган кишиларни ва гуруҳларни ҳақорат, шантаж, қўрқитиш йўллари билан жим қилишни, ахборот майдонидан йўқ қилишни ўрганиб олди. Бунга бирор чора кўрилмаса, жазосизлик ҳиди олган тоифалар эртага амалий ҳаракатларга ҳам ўта бошлашига шубҳам йўқ.

...Мениям сўкишади – радикал кайфиятдаги кимсалар арзимаган нарсага ҳақоратлаб, таҳдид қилишига ўрганиб ҳам қолдим.

Зиёли инсонлар бу каби савиясиз ва агрессив контентни қўрқмай фош этиши, жамиятда ўқимишлилик, бағрикенглик, илм-фанга, санъат ва адабиётга қизиқишни, ўзаро тенглик ва ирфон ғояларини ёйиши, шубҳасиз, ижобий ҳолат. Бунақа оломондан қўрқиб юраверсак, эртага қолоқ ва мутаассиб жамиятда уйғонамиз. Ана унда аниқ кеч бўлади.»

Саҳарликка ош ейиш мавзуси ҳам муҳокама бўлди
Саҳарликка ош ейиш мавзуси ҳам муҳокама бўлди

Ижтимоий тармоқлардаги трендларни Озодлик билан бирга кузатинг.

Тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз, фикрларингизни биз билан баҳам кўринг.

Эксклюзив сурат ва видеоларингизни бизнинг тармоқлардаги платформаларимиз орқали бўлишишингиз мумкин.

Биз билан боғланиш учун:

Мессенжер ва имейл

+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

XS
SM
MD
LG