Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:36

Тбилисида норозилар тунни Грузия парламенти биноси ёнида ўтказишди


13 майга ўтар кечаси Грузия парламенти биноси олдида йиғилган намойишчилар
13 майга ўтар кечаси Грузия парламенти биноси олдида йиғилган намойишчилар

Тбилисида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши бўлганлар 13 майга ўтар тунни Грузия парламенти биноси олдида ўтказишди.

12 май маҳаллий вақт билан соат 22:00 да Руставели шоҳкўчасида йиғилган минглаб намойишчи қонун ташаббускори бўлган “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси депутатларини парламент биносига киритмасликларини эълон қилган эди. Бу билан норозилар ҳукмрон партия депутатларининг ““халқ иродаси, Европа Иттифоқи ва Конституцияга қарши ҳаракат қилишни давом эттириши”га имкон бермасликни мақсад қилишган.

13 майга ўтар кечаси Грузия парламенти биноси қаршисига келган норозилар
13 майга ўтар кечаси Грузия парламенти биноси қаршисига келган норозилар

Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабарига кўра, норозилар ёнларида чодирлар, ётоқ қоплари ва газниқоблар келтиришган.

Ундан аввалги кунларда ҳам баҳсли қонун лойиҳасига қарши бўлган минглаб одам Тбилиси кўчалари бўйлаб норозилик юришига чиққан эди.

Норозилик акцияси полиция томонидан куч билан тарқатилди

Бугунги акция тинч ўтаётганига қарамай, полиция махсус бўлинмаси 13 май куни эрталаб норозиларни парламентнинг кириш эшиклари олдидан сиқиб чиқарган. Амалиёт чоғида камида 20 нафар намойишчи қўлга олинган ва калтакланган. Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида Россия ва АҚШ фуқаролари бўлган. Грузиянинг Imedi телеканали амалиёт чоғида Молдова фуқароси ҳам ушлангани, у полиция ходимларини ҳақорат қилганликда айбланаётгани ҳақида хабар қилган.

13 май куни эрталаб полиция махсус кучлари томонидан тутиб кетилган намойишчилардан бири
13 май куни эрталаб полиция махсус кучлари томонидан тутиб кетилган намойишчилардан бири

Аввалроқ Грузия ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури Тбилисида вазият эскалацияси кутилаётганини билдирган эди. У ўта муҳим бўлган давлат объектларининг гуруҳ бўлиб блокировка қилиниши 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиниш учун асос бўлиши ҳамда бу модда депутатларнинг парламентга киришига халақит берган ҳар бир одамга қарши қўлланиши мумкинлигини урғулаган.

Парламентга кириш жойлари намойишчилардан тозаланганидан кейин депутатлар бинога киришга муваффақ бўлишган. “Грузия орзуси” партияси депутатлари парламент биноси олдида пайдо бўлган пайтда митингчилар уларга қарата: “Қуллар! Қуллар!” дея қичқиришган.

Яшин тезлигида ишлайдиган парламент депутатлари

Хабарларга кўра, парламентнинг юридик қўмитаси учинчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллаш учун бор-йўғи 67 секунд вақт сарфлаган.

Грузия парламенти юридик қўмитаси раиси Анри Оханашвили
Грузия парламенти юридик қўмитаси раиси Анри Оханашвили

“Грузия орзуси” ҳукмрон партияси “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида” деб номланган қонун лойиҳасини 14 май куни учинчи ўқишда кўриб чиқиб, тасдиқлашни режаламоқда. Айни пайтда мамлакат президенти Саломе Зурабишвили ҳужжатга вето қўйишни ваъда қилган.

Грузияда баҳсли қонун лойиҳасига қарши акциялар бир ойдан буён давом этяпти. Лойиҳа танқидчилари унинг Россиядаги “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонундан кўчирма эканини ва бу репрессив қонун Грузиянинг Европа Иттифоқига интилиш ҳаракатларига тўғаноқ бўлишини айтишмоқда.

Баҳсли қонун лойиҳаси тарихи

Ўн минглаб киши қарши чиқаётган қонун лойиҳаси Грузия парламентида биринчи марта кўриб чиқилаётгани йўқ. Депутатлар 2023 йилнинг 7 мартида ҳам биринчи ўқишда “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида” деб номланган қонун лойиҳасини маъқуллашган, бунинг ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди.

Акция 8 март куни ҳам давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.

2023 йил март ойида Тбилисида бўлиб ўтган норозилик чиқишларидан лавҳа
2023 йил март ойида Тбилисида бўлиб ўтган норозилик чиқишларидан лавҳа

Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган.

Мухолифатчилар иддаосига кўра, янги киритилган қонун 2023 йил баҳоридаги норозилик намойишлари манзарасида қайтариб олинган қонун лойиҳаси билан қарийб бир хилдир.

Баҳсли қонун лойиҳасида ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини махсус реестрга киритиш кўзда тутилган. Қонун лойиҳаси “хорижий куч манфаатларини тамсил этувчи ташкилотларни аниқлаш мақсадида” Адлия вазирлигига мазкур масала бўйича исталган пайтда текширув ўтказиш ваколатини беради.

Грузия президенти ҳам қарши чиқаётган қонун лойиҳаси

Баҳсли қонун лойиҳасининг ҳукмрон партия томонидан парламентга қайта киритилганини Грузия президенти Саломе Зурабишвили ҳам кескин танқид қилган.

Одамларнинг хоҳиш-истаклари ҳамда ҳамкор мамлакатларнинг норозиликларига қарамасдан, ҳукмрон партиянинг “хорижий агентлар тўғрисида”ги бу қонунни қабул қилишга астойдил уриниши тўғридан-тўғри провокация бўлиб -- Россиянинг вазиятни беқарорлаштириш стратегияси бўлиб ҳисобланади”, деган президент Саломе Зурабишвили.

Парламентда муҳокама қилинаётган лойиҳани “Россия қонуни” деб атаган Зурабишвили Х тармоғидаги ўз постида “Грузия ресоветизацияга таслим бўлмаслиги”ни урғулаган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили
Грузия президенти Саломе Зурабишвили

“Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун атрофида юзага келган вазият юзасидан аввалроқ билдирган мулоҳазасида президент хоним “Грузия орзуси” партиясини илк бор “Рус орзуси” деб атаган ҳамда уни Грузиянинг Европа Иттифоқига киришини саботаж қилаётганликда айблаган эди.

Грузия халқаро ҳамкорларининг барчаси Тбилисини “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилмасликка чақиришмоқда.

Россиялик сиёсатчи ва жамоат арбоблари эса аксинча, “Грузия орзуси” ташаббуси билан парламентга киритилган мазкур қонуннинг қабул қилиниши дастаклашяпти. Улар орасида Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев, президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, “Рус дунёси” бош мафкурачиси Александр Дугин кабилар бор.

Форум

XS
SM
MD
LG