Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:50

Тошкентда ўтирсанг рост гапиртирворадиган "Сеҳрли курси" қўйилди


"Сеҳрли курси"ни саҳналаштирган режиссёр Жўрабек Рўзметов.
"Сеҳрли курси"ни саҳналаштирган режиссёр Жўрабек Рўзметов.

Таниқли венгр драматурги Фридьеш Каринтининг (Karinthy Frigyes 1887- 1938) “Сеҳрли курси” асари Ўзбек давлат сатира театрида илк бор саҳналаштирилиб, 17 февраль куни жамоатчиликка тақдим қилинди. Спектаклни саҳналаштирган режиссер Жўрабек Рўзметов тақдимот арафасида ишдан бўшатилди.

Сатира театрининг бир гуруҳ ижодкорлари Озодликка мурожаат қилиб “ўтирсанг рост гапиртирадиган кресло ҳақида спектакль қўйган режиссер цензура қурбони” бўлганини иддао қилди.

Исмлари айтилишини истамаган тўрт ижодкорнинг Озодликка билдиришича¸ “спектакль декорациясидаги citi деган ëзув¸ "порахўр мулозимлар"¸ "темир йўллардаги талон-тарож" ҳақидаги репликалар театр раҳбариятига ëқмаган”.

Сатира театри ижодкорларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ спектаклни саҳналаштирган бош режиссер 31 январь куни ишдан олингани ва “Сеҳрли курси” спектакли қаттиқ танқид қилиниб, тақдимот бошқа кунга кечиктирилганини айтиб берди.

“Спектаклдаги воқеалар Олий суд раиси¸ Бош вазир ўринбосари ва Тошкент шаҳар ҳокимига қарши тагдор кесатиқ бўлибди. Буни ҳамма билиб турибди, деб спектаклни қайта ишлашга қайтаришди ва беш йилдан бери бош режиссер лавозимида бўлган Жўрабек Рўзметовни ишдан олишди”, - деди суҳбатдош.

Жорий йилнинг 17 февралида Ўзбек давлат сатира театрида “Сеҳрли курси” спектакли тақдимоти ўтказилди ва ўша куни театр директори Озодлик мухбирига бош режиссёрнинг спектакль учун бўшатилмаганлигини айтиш билан чекланди.

Спектакль ниҳоясида томошабинлар олдига таъзимга чиққан актёрлар “режиссёр - режиссёр”, деб бақиришди. Саҳнага чиққан режиссёр Жўрабек Рўзметов гулдаста ва олқишларга кўмилди.

Жўрабек Рўзметов Озодлик мухбирига ишдан кетгани борасида изоҳ бермади.

Ўзбекистон маданият вазирлиги театрларни ривожлантириш бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда Жўрабек Рўзметов билан тузилган меҳнат шартномаси 31 январь куни тугаганини айтиш билан кифояланди.

Расмий муносабат

Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаева Озодлик билан суҳбатда бу масалага ойдинлик киритди. Асқархўжаевага кўра¸ “меҳнат шартномаси 31 январь тугаган Рўзметов театрдаги бошқа ишга ўтказилган”.

“Рўзметов 31 январдан бошлаб саҳналаштирувчи режиссёр лавозимига ўтказилган. Чунки унинг Бош режиссёр лавозими бўйича шартномаси тугаган”¸- деди вазирлик вакили.

Спектакль яхши қабул қилинди

Маданият вазирлиги vатбуот хизмати бошлиғи Озодлик билан суҳбатда Рўзметов саҳналаштирган спектакль билан боғлиқ иддаоларга ҳам ойдинлик киритди:

“Спектакль бадиий кенгашга шу йилнинг 15 февралида тақдим қилинди. Спектакль бадиий кенгаш тарафидан танқид қилинмаган. Спектакль актерларига маҳорат етишмагани борасида дакки берилган. Каринти каби улуғ драматургнинг ўлмас асарини жуда маҳорат билан ижро қилиш лозимлиги актёрларга уқтирилди. Спектакль танқид остига олинмади балки актёрлар ижроси савиясини кўтариш талаб қилинди”¸- деди Маданият вазирлиги мулозими.

Асқархўжаевага кўра¸ ана шундан кейин театр жамоаси икки кун давомида спектакль ижроси устида ишлаган ва 17 февраль куни жамоатчиликка тақдим қилинган:

- Спектаклни маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаевнинг ўзи томоша қилиб, режиссёр маҳоратини олқишлади. Жўрабек Рўзметовни ижодкор сифатида жуда қадрлаймиз ва у кишининг жамиятга кўзгу тутадиган янги-янги спектакллар яратишига барча шароитни яратиб берамиз¸ - деди маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаева Озодлик билан суҳбатда.

Ўтирсанг рост гапиртирворадиган кресло ҳақида спектакль

Ўзбек театрида илк марта саҳналаштирган “Сехрли курси” спектаклидаги воқеалар турмуш учун зарур ашëлар ишлаб чиқардиган корхонада юз беради.

Корхонада ишлайдиган ихтирочининг таланти раҳбарият тарафидан қадрланмайди.

Шу боис ихтирочи корхонага ўтирсанг рост гапиртирадиган кресло “келтирилишини ташкил қилади”. Бу курсига ўтирган мулозимлар дарҳол рост гапиришни бошлаб юборади.

Асар мобайнида турли мартабадаги мулозимлар пора олгани ва пора бергани ҳамда юлғичлик қилгани ҳақида бемалол чин кўнгилдан гапиришади.

"Темир йулдаги юлғичликларимиз туфайли кириб қолган ботқоқлик” каби сўзлар ëки кабинет деразасидан кўриниб турган уйлар тепасидаги "сити" деган ëзув бу асарнинг бугунги ўзбек жамияти учун кўзгу бўлгани тушунилади.

Сеҳрли курси боис бутун кирдикорлари фош бўлган раҳбар ихтирочини отиб ташлайди. Спектакль сеҳрли курсини ëқиш саҳнаси билан якунланади.

Ушбу спектакль тақдимотида қатнашган фотосуратчи рассом Умида Аҳмедованинг айтишича¸ актёрлар ижроси анчайин маҳоратли:

- Фақат залда одам кам эди.

Тошкентлик мунаққид Акмал Ризаевга кўра¸ 25 йиллик танаффусдан кейин ўзбек театр ижодкорлариннг Каринти¸ Гоголь¸ Софокл каби умумбашар драматурглари ижодига мурожаат қилгани ижобий ходиса:

- 25 йиллик танаффусдан сўнг порахўр ҳоким ҳажв қилинган “Ревизор” ўзбек саҳнасига қайтди¸ худди шу мавзудаги “Сеҳрли курси” асари қўйилди. Оперетта театри эса “Хлестаковнинг уйланиши” (Гоголнинг "Ревизор" ва "Уйланиш" асарлари омухтаси - таҳр.)​деган спектакль саҳналаштирилди.

Санъатшунос Акмал Ризаев ўзбек театри репертуарларида бундай асарларининг пайдо бўлишини янги раҳбарият истагининг айнан ижобати деб баҳолади:

- 2017 йили Ўзбекистон президенти Мирзиëев санъаткорлар билан учрашганда¸ Наби Раҳимов ижросидаги Хлестаковни (“Ревизор” асари бош қаҳрамони -таҳр.) эслаб¸ нега шундай асарлар қўйилмайди¸ нега енгил-елпи маиший муаммолар билан томошабинни алдайсизлар¸ деб айтганидан кейин театр раҳбарлари репертуарни янгилаш устида иш бошлаган эди. Самарасини кўриб турибмиз,- деди cанъатшунос.

XS
SM
MD
LG