Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:48

Теҳронда ҲАМАС лидери Исмоил Ҳания ўлдирилди


Исмоил Ҳания 2017 йилдан бери ҲАМАС сиёсий бюросига раҳбарлик қилиб келаётган эди
Исмоил Ҳания 2017 йилдан бери ҲАМАС сиёсий бюросига раҳбарлик қилиб келаётган эди

Ўттиз биринчи июль тонгида Эрон пойтахтида ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳаниянинг ўлимига оид маълумотни кейинроқ Эрон Ислом инқилоб посбонлари корпуси ҳам тасдиқлаган, бироқ суиқасд тафсилотларини очиқлаган эмас.

Эроннинг Mehr агентлиги Исмоил Ҳания ва тансоқчиси унинг Теҳрондаги қароргоҳига ҳужум чоғида ўлдирилгани ҳақида хабар қилган. Агентлик қайдича, Ҳания Теҳронга Эроннинг янги президенти Масъуд Пезешкиённи қасамёдга келтириш маросимида иштирок этиш учун келган эди.

Кечадан президентлик лавозимига киришган Пезешкиён ҳужум ортидан Эрон "ўз ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилади", дея баёнот берган, бироқ бу ишни қай йўл билан амалга оширишини очиқлаган эмас.

Эрон Олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий Исмоил Ҳаниянинг ўлими учун Исроилдан ўч олишга қасам ичган.

ҲАМАС гуруҳи ҳужумни “хиёнаткорона” деб атаб, бунга “сионистларнинг маккорона зарбаси” сабаб бўлганини иддао қилган.

“Эрон давлат телевидениеси таҳлилчилари ҳам зудлик билан ҳужумда Исроилни айблай бошлашди”, дея қайд этган The Times of Israel нашри Исроил томони ҳозирча бу борада изоҳ бермаганини қўшимча қилган.

“Биродаримиз Ҳаниянинг исроиллик босқинчилар томонидан ўлдирилиши ҲАМАС иродасини синдиришга қаратилган жиддий эскалация бўлиб ҳисобланади”, дея билдирган ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили Абу Зуҳрий Reuters агентлигига. У ҲАМАС ўз йўлидан қайтмаслигини урғулаб, “Биз ғалаба қилишимизга аминмиз”, дея қайд этган.

Одатда Қатарда истиқомат қилиб келган Исмоил Ҳания 2017 йилда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб тайинланганди.

Жорий йилнинг 10 апрель куни Фаластин ва араб нашрлари Ғазо секторида Исроил зарбалари оқибатида Исмоил Ҳаниянинг уч ўғли ва бир неча набираси ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатишганди. Ўшанда уларни “шаҳид” деб атаган Ҳания фарзандларининг қони “халқимиздан бўлган исталган бир одамнинг қонидан қимматлироқ эмас”, дея таъкидлаган эди. Ҳания “Ал-Жазира” медиакомпаниясига яқинларининг ўлими ҲАМАС раҳбариятини ўз режаларидан чекинишга, жумладан Исроил билан оташкесим тўғрисидаги музокараларга нисбатан ўз позициясини ўзгартиришга мажбур қилолмаслигини билдирганди.

Исмоил Ҳаниянинг ўлимидан бир кун аввал Исроил томони Байрут жанубидаги мавзега зарба берган. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, ҳужум чоғида “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори мартабали командирларидан бири Фуад Шукр (Ҳожи Муҳсин) ўлдирилган.

Форум

XS
SM
MD
LG