Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:05

Хоразмда Мирзиёев “десант”ини боқиш тадбиркор ва фермерлар зиммасига юклатилди


Хоразм вилояти Урганч шаҳри маркази
Хоразм вилояти Урганч шаҳри маркази

Хоразм вилояти туманларига Тошкентдан юборилган ИИВ, МХХ ва прокуратуранинг текширувчилар гуруҳларини ётоқ жойи, уч маҳал овқат ва машина билан таъминлаш вазифаси маҳаллий фермерлар ва тадбиркорларга зиммасига юклатилмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар берган тадбиркорларга кўра, уларнинг ҳар биридан савдо дўкони ёки тадбиркорлиги кўламига қараб пул йиғилмоқда.

Озодликка Telegram ижтимоий тармоғи орқали мурожаат қилган Боғот туманидаги Қулонқорабоғ қишлоғида яшайдиган тадбиркорлардан бирининг арз қилишича, Тошкентдан келган текширувчилар гуруҳларини боқиш учун уларнинг ҳар бирига ўлпон солинмоқда:

“Бугун эрталаб маҳалла фуқаролар йиғинидан келиб, туманимизга Тошкентдан 150та одам текширишга келибди, шундан 30 таси бизнинг қишлоққа келар экан, деди. Биз магазинчилар, шу текширувчиларни олиб юриш, уч маҳал овқати ва бошқа харажатлари учун 70 минг сўмдан беришимиз керак экан. Фермерларга биздан икки баравар кўп ўлпон солишибди. Бу ҳокимнинг буйруғи, бермаганлар эса қора рўйхатга тушар экан”, деди манба.

Исми сир қолишини сўраган боғотлик фермерлардан бири ҳам улардан текширувчилар харажати учун пул йиғиб олинганини тасдиқлади:

“Бизнинг ҳар биримиздан 150 минг сўмдан пул йиғиб олишди. Нима энди, ҳар сафар текширувчи келса биз уларга пул йиғишимиз керакми. Ахир уларга давлат пул ажратмайдими? Илгари хизмат сафарига чиққанларга командировочний бериларди. Бош вазирнинг текширувчилари пулсиз келишибдида, бечоралар", деди фермерлардан бири.

Боғот тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими текширувчилар харажатини ҳокимлик зиммасига олганини тасдиқлади, бироқ тадбиркор ва фермерлардан пул йиғиб олинаётганини инкор қилди:

“Ҳокимликнинг бундай ишлар учун ўзининг бюджетидан ажратилган пули бор. Тадбиркор ва фермерлардан ҳеч ким пул йиққани йўқ”, деди ҳокимлик мулозими.

Хоразм вилоятининг Шовот туманига икки юздан ортиқ текширувчи келганини ва уларнинг ҳам харажатлари корхона ва ташкилотлар раҳбарлари бўйнига қўйилганини исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бири айтди:

“Бундан ўн беш кун олдин туман ҳокимлигида мажлис бўлди. Ҳоким Тошкентдан 205та текширувчи келяпти ва уларнинг барча сарф- харажатлари бизнинг бўйнимизда, деди. Бу иш билан ҳоким ўринбосари шуғулланяпти. У тумандаги барча корхона ва ташкилотларнинг қувватига қараб, қанчадан пул беришини бўлиб чиққан. Камбағалроқ корхона раҳбари ёки тадбиркордан озроқ, бақувватроғидан кўпроқ пул олинган. Текширувчилар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва фермерларга мажбуран сотилган, лекин ҳали уй эгалари кўчиб кирмаган намунавий уйларга жойлаштирилди. Ҳозир текшиувчилар асосан, уйма-уй юриб, ким яшаётганини сўраяпти, хорижга чиқиб келган одамларни сўроқ қиляпти”, деди тадбиркорлардан бири.

Ўзбекистонда Бош вазир ташкил этган текширувчилар "десант"ининг у ёки бу вилоятларга ташланиб турилиши тез-тез кузатилади.

Куч ишлатар тизимлари ва вазирликлар ходимларидан ташкил топган махсус гуруҳ вилоятда комплекс текширув олиб бориш учун юборилади.

Бу гуруҳга Вазирлар Маҳкамасидан ёки бирор вазирликдан катта лавозимдаги шахс раҳбарлик қилади.

Гуруҳ ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқ хўжалигининг барча соҳаларини текшириб чиқади ва унинг натижаларини шахсан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевга тақдим этади.

XS
SM
MD
LG