“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси фаолияти республика Бош прокуратурасининг 30 кишилик тафтиш гуруҳи тарафидан жорий йилнинг 19 февралидан бошлаб текширилмоқда.
Бу жараëннинг бораëтганини тасдиқлаган ширкат мутасаддиси¸ уни режали текширув деб атади. Тафсилотлардан яхши хабардор мулозимлардан бири эса¸ президентнинг ширкат фаолиятидан қониқмаëтгани ортидан¸ "Ўзбекистон темир йўллари"да кенг кўламли текширув бораëтганини таъкидлади.
Ягона "Транспорт вазирлиги" тузиладими?
“Ўзбекистон темир йўллари” расмий вакилининг 22 февраль куни Озодликка билдиришича¸ «текширув фавқуллода аҳамият касб этмаган режа асосидаги ревизия¸ холос».
Мамлакатларо транспорт-логистика тизимида ишлайдиган мутахассиснинг Озодликка айтишича¸ «бу кенг қамровли текширув темир йўл тизимининг энг катта раҳбарлари йўл қўйган катта камчиликлар боис тизимни қайта ташкиллаштириш мақсадида» ўтказилмоқда. Мутахассиснинг ишонишича¸ бу тафтиш "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати¸ Ўзбекистон автомобиль ва дарë транспорти агентлиги ва бошқа транспорт ширкатларини ягона тизимга бирлаштириш билан якун топиши мумкин."
Темир йўлга алоқадор ҳамма нарса текширилмоқда
Мамлакатларо транспорт-логистика тизимида ишлайдиган мутаxассиснинг ўз тасарруфидаги маълумотларга асосланиб билдиришича¸30 кишилик прокуратура тафтишчилари «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг ташиш (перeвозка)¸ етказиб беришга (поставка) оид мавжуд шартномaларини қандай бажараëтганини текширмоқда.
Шунингдек «мамлакат ҳудудидаги темир йўллардан транзит шаклида ўтадиган юклар учун жорий қилинган тўловнинг МДҲ давлатлари орасида энг қиммат бўлгани» оқибатида давлатга етказилган зарар ҳам прокуратура тарафидан ўрганилмоқда¸ дейди мутахассис.
Тожикистоннинг асосий даромад манбайи Талко алюмин заводидан сиздирилган ҳужжатларга кўра¸ "Ўзбекистон темир йўллари" мамлакат ҳудудидан ўтадиган 231 км темир йўлдан бирламчи алюминийдан иборат юкни ўтказишга 73 доллар транзит ҳақи белгилаган. (Қиëс учун - айни юк транзитига Грузия 10 доллар ҳақ белгилаган. Озарбойжонда эса айни юк типини 429 кмлик йўлдан ўтказиш учун 12 АҚШ доллари миқдорида транзит ҳақи белгилаган.)
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ориповга топширилган. Озодлик суҳбатлашган завод вакилининг аниқлама киритишича¸ транзит ҳақи учун Ўзбекистон тарафи белгилаган 73 долларнинг ҳаммаси ҳам давлат ғазнасига тушмаган. Унинг иддаосича¸ шу пайтга қадар транзит учун каттагина улуш оффшор ширкатлар орқали “шубҳали тадбиркор”лар тарафидан ўзлаштирилган.
Икки чўнтак
“Ўзбекистон темир йўллари” транзит қатновига икки хил тариф ўрнатиш схемаси орқали катта маблағни ўзлаштирган¸" дейди суҳбатдош.
Темир йўлдаги “ғирромлик схемалари” боис ўзбек-тожик муносабатларига зарар етди¸ деб қўшимча қилади бу мутахассис:
-Тожикистондаги “Талко” ширкатига оид алюминни Ўзбекистондан транзит олиб ўтиш йилига бир ярим миллион тоннадан¸ ярим миллион тоннага тушди. Нега? Чунки транзит нархи ниҳоятда қиммат. Тожикистоннинг “Талко” ширкати "Ўзбекистон темир йўллари" жорий қилган икки хил тарифлик тизим оқибатида зарар кўрмоқда. Бундан тожик ҳукумати ҳам хафа. 2003 йилда бу ширкатнинг Ўзбекистон орқали ўтказган ҳар бир тонна алюминийси учун Ўзбекистон тарафи 26 доллар транзит ҳақи олган. Бугун эса тоннасига 73 доллар олинмоқда. Бу пулнинг 12 доллардан ташқариси шубҳали корчалонлар чўнтагига тушмоқда. Давлат зарар кўрди алал-оқибат. Бу тенденция Қирғизистон¸ Туркманистон ва Қозоғистон ҳукуматларини ҳуркитди. Шу боис улар альтернатив айланма йўллар қуриб¸ юк таший бошлади. Ўзбек темир йўлларидаги “корчолон”лар очкўзлиги боис Ўзбекистон иқтисоди ва минтақавий муносабатлари зарар кўрди¸ дейди исми очиқланишини истаган мутахассис.
Катта раҳбар соясидаги шубҳали корчалон?
Суҳбатдош айтган «Ўзбекистон темир йўллари» ичидаги корчалонлардан бирининг пул ювиш ва коррупция бўйича халқаро рўйхатга тушгани ҳақида маълумот бор. Панамадаги Mossack Fonseca юридик компаниясидан сизиб чиққан маълумотларда Ўзбекистонда муқим яшайдиган Грузия ватандошининг қилмишлари ҳақида айтилади. Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларда эса айнан шу ширкат “транзит ҳақи” бўйича икки хил тариф ўрнатганига оид ишоратлар бор.
Бундан ташқари¸ айнан “Ўзбекистон темир йўллари” орқали¸ шу кунларда собиққа айланган МХХ генераллари Рустам Иноятов¸ Шуҳрат Ғуломов ва Ҳаëт Шарифхўжаевлар криминал авторитет Ҳусан Московский билан бирга “шубҳали” юк қатновини амалга оширганига оид маълумотлар Озодликда мавжуд. (Озодлик мавзуга оид текширувини давом эттиради.)
"Каримов ўлиб¸ Очилбой қутулди"
Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ўлимидан сал олдин 2016 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг камида уч мулозими ишдан олинган ва ўнлаб мулозим устидан МХХ текширув ўтказиб¸ очилган жиноят иши прокуратурага оширилган эди.
Ўша пайтда “Ўзбекистон темир йўллари” раҳбари бўлган Очилбой Раматов ўзининг ишдан ҳайдалган уч ўринбосари Даврон Деҳқонов, Шерзод Исматуллаев, Шуҳрат Содиқовлар ортидан лавозимидан ажраши кутилаëтган эди.
Мазкур тафтишда бевосита қатнашган молиявий мутахассислардан бирининг Озодликка 22 февраль куни айтишича¸ текширув натижасида “Ўзбекистондаги темир йўл тизимининг приватизация қилинмагани ва рақобатнинг йўқлиги боис бу соҳадаги ривожланиш кўлами сустлиги танқид қилинган ва соҳа мулозимлари бир қатор молиявий жиноятларда айбланган”.
Собиқ тафтишчининг айтишича¸ Каримовнинг ўлими Очилбой Раматовни ишдан олинишдан сақлаб қолган.
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компаниясини узоқ йиллар бошқариб келаётган Очилбой Раматовни ишдан олиш ҳаракатлари кетаётган эди. Классикага айланган трюк билан 2016 йилда Очилбой “касал” бўлиб стационарга ëтиб ҳам олганди. Уни ишдан олиниши бўйича юқоридан “добро” олинган эди. Аммо бирдан Каримов ўлиб¸ Очилбойнинг бахти очилиб кетди¸ дейди 2016 йили “Ўзбекистон темир йўллари” текширувида қатнашган тафтишчилардан бири Озодлик билан суҳбатда.
Озодлик ҳозирча "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатида бораëтган прокуратура текширувларининг қачон тугашига оид аниқ маълумотга эга эмас.
Сиз бу жараëнга бевосита алоқадор бўлсангиз¸ марҳамат¸ тафсилотларни Озодлик билан ўртоқлашинг.