Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:16

Термиз шаҳри собиқ ҳокими 11 йилга озодликдан маҳрум этилди


Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди

Термиз шаҳри собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди 27 июль куни шундай ҳукм чиқарди.

Собиқ ҳоким Ўзбекистон Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш моддалари билан айбланди.

Исроил Худойбердиев билан бирга яна 16 нафар мулозим, қурувчи ва тадбиркор ҳам судланди.

Судланганларнинг яқинлари бу жиноят ишини юқоридан буюрилган “заказ” деб атаб, уларнинг қамоққа олиниши президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовнинг кўрсатмаси билан амалга оширилганини иддао қилмоқда.

Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев 2022 йилда Қорақалпоғистондаги воқеалар ортидан ўша пайтдаги президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ишдан олинганидан сўнг ҳибс қилинган эди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди 27 июль куни Термиз шаҳри собиқ ҳокими Исроил Худойбердиевни 11 йилга озодликдан маҳрум этди.

2017 йилдан 2022 йилгача Термиз шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган Исроил Худойбердиев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167 -моддаси 3 -қисми (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 205-моддаси 2- қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206 -моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 210-моддаси(пора олиш), 229-моддаси(ўзбошимчалик) ва 243 моддаси(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланди.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари сифатида қамоққа олинган Исроил Худойбердиев ўринбосарлари, архитектор, шаҳар лойиҳачисига жарима жазоси қўлланилиб суд залидан озод қилинди.

Қолган судланувчилар, қурилиш фирмалари раҳбарлари турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Судланганларнинг яқинлари бу жиноят иши президент Администрациясининг собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг Қорақалпоғистондаги воқеалар ортидан ишдан олинганидан сўнг махсус ташкиллаштирилганини иддао қилмоқда.

Исроил Худойбердиевнинг хотини Дилноза Соқиеванинг айтишича, президент Администрациясида раҳбар алмашганидан сўнг, Зайнилобиддин Низомиддиновга яқин кўрилган барча ҳокимлар бирин-кетин қамоққа олиниб, уларнинг устидан жиноят иши очилган:

“2022 йилда президент администрациясида раҳбарият алмашганидан кейин бир неча ҳоким қамоққа олинди. Ўшаларнинг қаторида менинг турмуш ўртоғим ҳам бор эди. Мен сабабини шунда деб ўйлайман. Тепадан кўрсатилган буйруққа асосан, Бош прокуратура терговчиси Ёрқин Халилов томонидан хўжайинимга нисбатан асоссиз равишда бир неча айблов эълон қилинди. Судда хўжайинимга қарши кўрсатмалар босим остида олингани исботланди. Масалан, “Яшил дунё” бозорида “Кисловодск” мажмуасини қурган Жалил деган тадбиркор, “терговчи менга ҳокимга пора берганман деб ёзиб бер, сени чиқарамиз, деди. Мен эса ёзмадим ва қамоқни танладим”, деб кўрсатма берди”

Бундан аввалроқ Президент администрациясининг янги раҳбари Сардор Умрзоқов Зайнилобиддин Низомиддинов ишдан олинганидан сўнг Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуранбоевга жойларда текширув ўтказишга ва айбдор мансабдорларни жиноий жавобгарликка тортишга топшириқ берган эди:

“Қаҳрамон Қўчқорович. Эртагаёқ группа тузасиз ва ўзингиз бош бўласиз. Умуман аҳвол яхши эмас, тартибга солиш керак, керак бўлса жиноий жавобгарликка тортиш керак. Ҳамма бор нарсани кўтариб, оқни-оқ, қорани-қора қилиб, тартиб ўрнатиб, ким айбдор бўлса, ҳамма айбдорларни жиноий жавобгарликка чиқариш керак. Буни Бош прокуратура таъминлаб беради. Ўзингиз холис баҳо бериб, қайтиб келасиз, бир ҳафтада менга ахборот берасиз, ҳурматли Президентимизга ахборот киритамиз”.

Администрация раҳбарининг бу гапидан топшириқ президентнинг ўзидан берилгани англашинилади.

Суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилганлардан яна бири, “Яшил дунё” савдо мажмуасининг бош қурувчиси Раҳмат Аъзамовнинг акаси Аҳмад Аъзамов ҳам бу жиноят ишининг “буюртма” эканлигини айтади:

“Судда ҳақиқат бўлмади. Бу буйруқ, уюштирилган! Сабаби бозор қурилган, тайёр турибди. Бир ҳафталик иши қолганда укамни қамаяпти. Майли, агар бозор қурилмай укам пулини еб кетганда эди, биз укамнинг қамалишига рози бўлардик. Укам ҳали тўлиқ пулини ҳам олмаган. Судда кўрдик, уларга ҳам босим бўлган, ҳаммаси кўриниб турибди. Ҳурматли президент, ҳаммамиз Оллоҳдан қўрқайлик. Шуни қайта текширайлик. Худодан қўрқадиган инсонлар келиб бозорни текширсин. Агар камчилик бўлса биз розимиз, укамнинг қамалишига. Юқоридан босим бўляпти бу ерда, кимнидир буйруғи бажариляпти”.

Собиқ ҳоким, “Яшил дунё” савдо мажмуаси қурилишида, айблов хулосасида айтилганидек, "янги савдо мажмуаси қурилишини ўзига таниш пудратчи ташкилотларга ажратиб бериш орқали, улар билан жиноий тил бириктирган ҳолда савдо мажмуаси қурилиши учун ажратилган пул маблағларини мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда талон-тарож қилган".

Исроил Худойбердиевнинг адвокати Ш.Мамиров ўзининг музокара нутқида, унинг ҳимоясидаги шахсга 16та эпизод бўйича қўйилган айбловларнинг барчаси асоссиз эканлиги ҳақида гапириб, суддан баъзи эпизодлар бўйича жиноят иши тугатилишини, баъзилар бўйича эса “оқлов” ҳукми чиқаришни сўраган эди.

Судланганларнинг яқинлари ва адвокатлар ҳукм бўйича Жиноят ишлари бўйича вилоят судига апелляция шикояти киритишини Озодликка айтдилар.

Форум

XS
SM
MD
LG