Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:36

"Крокус": Теракт гумонланувчиларини қийноққа солиш ва оммага кўрсатиш нима учун керак?


“Крокус Сити Ҳолл”даги ҳужум ортидан қўлга олинган Тожикистон фуқаролари сўроқ қилинган видеодан кадр.
“Крокус Сити Ҳолл”даги ҳужум ортидан қўлга олинган Тожикистон фуқаролари сўроқ қилинган видеодан кадр.

23 март куни “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида 130 дан зиёд одам ўлимига олиб келган террорчилик ҳужуми қатор ахлоқий ва сиёсий саволларни ўртага чиқарди, хусусан:

Россия махсус хизматларининг кўзи қаёқда эди? Агентура тармоқларини ғафлат босган эдими? Жиноятнинг олдини олишга кечикишган экан, нега бевосита фожиа жойида шубҳали даражада суст ҳаракат қилинди?

Терактдан сўнг қўлга олинганларни шафқатсизларча қийнаш ва қийноқ видеоларини намойишкорона ёйинлаш нега керак?

Владимир Путин ва унга яқин кучишлатар мулозимлар ушбу воқеадан қандай фойда чиқаришлари мумкин?

Россиялик мухолиф сиёсатчи, Давлат Думаси собиқ депутати Дмитрий Гудков шу чоққача Кремл Россияда юз берган ҳар қандай фожиани албатта ўз фойдасига бурганини таъкидлаб, 1999 йилда Путин илк дафъа иқтидорга келиши арафасида уйлар портлаганини, сўнгра Беслан ва “Норд-Ост” воқеалари бўлганини – ҳар гал Россияда “мурватлар қаттиқроқ буралган”ини эслатади.

Айнан шунинг учун ҳам Путин ва пропагандачи ОАВлар “терактда радикал исломчилар эмас, Украина айбдор” деган фикрни зўр бериб россияликлар миясига сингдирмоқда. Ҳолбуки, Украинага қарши биронта далил кўрсатилгани йўқ.

“Путин урушни давом эттиришни истайди, фронтда бирон жиддий ютуққа эришиш унинг учун жуда муҳим. Бу истакни эса қўшимча сафарбарликсиз рўёбга чиқариб бўлмайди, бинобарин, улар шунчаки ҳамма айбни Украинага тўнкашга уринишаётгани йўқ, балки сафарбарлик эълон қилишга замин ҳозирлашяпти, деб ўйлайман, – мулоҳаза қилади Гудков. – Россия сиёсий элитаси кейинги қадамлар борасида ўзаро мухолиф икки гуруҳга бўлиниб қолгандек кўринмоқда: бир тараф – Медведев, Клишас ва ҳоказолар тўғридан-тўғри Украинани айблаётган бўлса, Малофеев кабилар ядровий бомба билан зарба беришга чақиряпти”.

“Айни чоғда, турли каналлар орқали сиздирилаётган хабарларга кўра, бунинг оқибати хайрли бўлмаслигини тушунадиган ва “қузғунлар”ни тўхтатишга уринаётган кучлар ҳам бор, ҳарқалай. Умуман олганда, теракт уюштиришда гумон қилинаётганларни ушлаш, сўроқ қилиш билан боғлиқ воқеалар бари қандайдир ишончсиз. Афтидан, Украина олабўжи қилиб кўрсатиш режаси унча ёпишмаяпти”, давом этади сиёсатчи.

Савдо-кўргазма мажмуасида бўлган оммавий хунрезлик ҳукуматнинг қўл-оёғини ечиб, қатағон тегирмонига сув қуйишига Гудков шубҳа қилмайди. Буни Дмитрий Медведев ва бош вазир Мишустинларнинг душанба куни берган баёнотларидан ҳам билса бўлади.

“Энг камида – мурватлар қаттиқроқ буралади, улар шусиз ҳам маҳкам, энди бадтар қотирилади. Катта эҳтимол-ла, янги қатағонлар бўлади. Аниқки, кучишлатар идоралар ва Путин қатағонлар оммавий дастакланмаслигини тушунишади, буни таъминлаш учун нимадир ўйлаб топишлари керак”, дейди Гудков.

“Ўлим жазоси амалга киритиладими, йўқми, билмайман. Назаримда, элита ичида бундан чўчийдиганлар бор. Зеро, кимларгадир мўлжалланган бу жазо кейинчалик буткул бошқа одамларга нисбатан татбиқ этилиши мумкин. Қолаверса, Конституция ва қонунчиликка ўзгартишлар киритиш керак бўлади, аммо бу қийин эмас: Конституцияни “тўнка устида” бир неча кун ичида ўзгартира оладиган диктатура шароитида яшаётганимизни унутмайлик”, хулоса қилади мухолифатчи.

“Крокус”га ҳужум муносабати билан ҳозирча тўрт гумонланувчи ҳибсга олинган. Уларга умрбод қамоқ жазоси хавф солмоқда. Москванинг Басманний суди ушланганларга қамоқ эҳтиёт чораси тайинланган мажлисини ёпиқ режимда ўтказди. Маҳбуслар суд залига мўматалоқ ва ярадор аҳволда олиб келинди.

Далержон Мирзоевнинг бўйнида бошига елимхалта кийдириб, бўғилганидан қолган излар бор эди.

Тўрт тожикистонлик қийноқ излари билан судга келтирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:15 0:00

Саидакрам Муродали Рачабализодани қўлга олиш чоғида унинг қулоғини кесиб олишган. Суддан олинган кадрларда унинг боши боғлаб қўйилгани кўринади.

Учинчи гумонланувчи – Муҳаммадсобир Файзовни суд мажлисига ётқизма аравачада, яланғоч баданига тиббиёт халати кийдирилган ҳолда келтиришди. Суддан олдин у реанимацияда бўлган, ўша ерда сўроқ қилинган. Қўлга олиш чоғида у қуролли қаршилик кўрсатгани иддао қилинмоқда.

Тўртинчи гумонланувчи – Шамсиддин Фаридуний қўлга олиниб, сўроқ қилинганида у қўллари қайириб боғланган ҳолда чўккалаб турган эди. Кейинроқ унинг муҳтамалан ток билан қийноққа солингани акс этган фотосурат тарқалди. Судда Шамсиддин юзлари шишган ва кўкарган ҳолда ўтирди.

“Худди, кейинги суд мажлисига уларни бўлак-бўлак қилиб олиб келишадигандек, – дейди ҳарбий журналист Сергей Ауслендер маҳбусларнинг аҳволига изоҳ бераркан. – Қўлга олинганлар терактга умуман алоқадор эмас ёки жуда оз алоқадордек туюляпти менга. Уларнинг муҳтамал иштироки ҳозирча жуда ҳам ошириб-тошириб кўрсатилмоқда, барча иқрорлик ифодалари қийноқ билан олинган. Буни ҳозирдаёқ комил ишонч билан айтиш мумкин”.

“Қийноққа солинган одам нималар демайди. Анестезиясиз қулоғи кесилган киши ҳар қандай айбни бўйнига олади, керак бўлса Жон Кеннеди ўлимини ҳам”, урғулайди Ауслендер.

Ўрмондаги қўлга олиш видеосини Grey Zone телеграм-канали эълон қилганди. Видеода қўллари боғлиқ бир эркакни қуршаб турган кучишлатар ходимлар акс этган. Ушланган одамнинг боши қонга беланган, ўнг қулоғининг бир парчаси йўқ. Полициячилардан бири кесиб олинган қулоқ парчасини унинг оғзига тиқишга уринмоқда. Видео изоҳида “ҳар бирингизни шу ҳолга соламиз” деган сўзлар бор.

Дмитрий Гудков ушбу видео ёйинланиши сабабини қуйидагича тушунтиради: “Қўлларидан келгани учун шундай қилишди, ҳеч ким чурқ этмаслигини билганлари учун шундай қилишди, жазоланмасликларини билганлари учун шундай қилишди. Беш йил олдин, эҳтимол, сал-пал ҳайиқишлари мумкин эди, ҳозир эса тап тортишмайди, чунки мамлакатда қулоқ кесишгани учун уларни судга, қамоққа судраб бориши мумкин бўлган ОАВлар, ҳуқуқ фаоллари ёки бошқа бирон сиёсий куч қолмади”.

“Бу ҳар қандай жиноятларга изн берилганини кўз-кўз қилиш, – таъкидлайди сиёсатчи. – Кучишлатар ходимлар бировнинг қулоғи ёки бурнини кесиб олаётганини кўрган киши ҳукуматга ёқмайдиган бирон иш қилгудек бўлса, ўзи ҳам шу кўйга солинишини англайди. Бу террор ва қўрқитиш сиёсатидир”.

АҚШ матбуоти ўз разведка идораларига таянган ҳолда, “Крокус Сити Ҳолл”га террорчилик ҳужумини “Ислом давлати”нинг Афғонистондаги шуъбаси ташкил қилгани ҳақида ёзмоқда.

Бироқ Сергей Ауслендер шахсан унга ИШИД версияси ҳозирча унчалик ишонарли туюлмаётганини айтади.

“Гапни ИШИД Сурия ва Ироқда ҳарбий мағлубиятларга учраб, ўз қудратини ва сохта давлатини бой берганидан сўнг ушбу гуруҳ бўлаётган ҳамма нарсани зиммасига олиш йўлига ўтганидан бошлаш керак, – дейди журналист. – Балки шу тариқа ўз тарафдорларига куч-қудратини кўрсатиб қўймоқчидир. Улар дунёнинг исталган кунжида бўлган ҳар қандай теракт учун масъулиятни ўз зиммаларига олишяпти”.

“Бироқ “Вилояти Хуросон”ни танлашгани жуда ғалати. У ИШИДнинг Афғонистондаги камсонли шуъбаларидан бири бўлиб, толибларнинг қаттиқ босими остида қолган. У ерда уруш кетяпти, толиблар ишидчиларни таъқиб этиб, улар билан уруш қилишмоқда. Афғон шуъбасининг минглаб километр нарида бу қадар муваффақиятли, таъсирчан теракт уюштириши қийин масала. Бу ишни ИШИДнинг ўзи ёки бошқа шуъбаси қилган ва, эҳтимолки, хаёлларига биринчи келгани учун “Вилояти Хуросон” номини тилга олишган”, дейди изоҳида Сергей Ауслендер.

Форум

XS
SM
MD
LG