Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

The Diplomat: Тошкент ЕОИИга аъзо бўлиш масаласини ҳануз кўриб чиқмоқда


 Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити - Сочи, 14 май, 2018
Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити - Сочи, 14 май, 2018

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россиянинг «Коммерсантъ» газетасига октябрь ойида берган интервьюсида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиши нима сабабдан кечикаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди. Комилов Ўзбекистон ҳукумати аъзолик билан боғлиқ хавфларни ўрганиб чиқаётганини айтди.

- Шу билан бирга, очиғини айтмоқчиман: биз бир неча йилдан буён Евросиё иқтисодий иттифоқига бевосита аъзо бўлиб келган [мамлакат]ларнинг айрим танқидларини диққат билан кўриб чиқяпмиз. Уларнинг норозилиги, даъволари, танқидлари нима билан боғлиқ эканини аниқламоқчимиз, - деди Комилов.

The Diplomat нашрига кўра, Тошкент кўриб чиқаётган танқидлар иқтисодий масалалар билан боғлиқ. Ўзбекистон ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш учун алоҳида имтиёзлар берилишини талаб қилишни режалаштираётгани, айни дамда эса Тошкент айнан қайси соҳалар бўйича музокара олиб боришни аниқлаш устида ишлаётганини хулоса қилиш мумкин.

Интервью давомида Комилов айрим саволларга қарамай, Ўзбекистон ЕОИИ тақдим этаётган имкониятлардан фойдаланишни исташини таъкидлади. Вазир Ўзбекистон ўз нияти жиддий эканини исботлаш йўлида аллақачон ЕОИИда юқори даражада иштирок эта бошлаганини қўшимча қилди. Дарҳақиқат, 2020 йилнинг май ойида депутатлар Ўзбекистоннинг кузатувчи мақоми маъқулланганидан буён Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг икки мажлисида иштирок этди.

Сентябрь ойида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Ўзбекистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кириши борасида қарор чиқаришга шошилмаётганликларини айтган эди.

"Ўзбекистонни [ЕОИИга қўшилиш бўйича] якуний қарор чиқаришга шошилмаяпмиз... Қачонки мамлакат зарур деб ҳисобласа, ташкилотга аъзо бўлиши мумкин. ЕОИИ ҳақиқатан ҳам иқтисодий ривожланиш учун катта имкониятларни тақдим этишига ишонамиз, - деган Руденко.

Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши ҳақида гап кетганда, расмийлар асосан, ЕОИИга аъзолик билан боғлиқ иқтисодий имкониятларга тўхталиб келади. Бошқача қилиб айтганда, бугунга қадар аъзолик билан боғлиқ сиёсий масалалар ҳақида кўп гапирилгани йўқ. Аммо Комиловнинг сўнгги интервьюсидан ҳукуматнинг юқори табақаларида ЕОИИга аъзолик билан боғлиқ хавф-хатарлар кўриб чиқилаётганини хулоса қилиш мумкин.

Ўрта даражадаги ўзбек сиёсатчилари аъзо бўлиш жараёни кечикаётганидан хуноб бўлаётганини айнан шу ҳолат билан изоҳлаш мумкин. Октябрь ойида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Актам Ҳаитов ЕОИИга аъзо бўлиш ҳақида ўз қарашларини баён қилди. Ҳаитов ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатга кўплаб фойда келтириши ҳақида мақола ёзди.

Ҳаитовнинг сўзларига кўра, ЕОИИ Ўзбекистонга ягона бозорга чиқиш имконини беради, барқарор иқтисодий ривожланишга етаклайди, мамлакатда турмуш даражасини яхшилашга йўл очади.

«ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат», деб ёзди у ўз мақоласида.

Бундан ташқари, Ҳаитов ҳозирда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ЕОИИ ҳудудида фармацевтика саноати ва чакана савдо нуқталарида ишлашга рухсат берилмаётгани, мамлакат ташкилотга аъзо бўлгач, мигрантлар нафақат ушбу соҳаларда ишлашлари, балки меҳнат шартномалари асосида Россияда муддатсиз қолишлари мумкин бўлишини урғулади.

Шунингдек, Ҳаитов ўзбекистонликлар ЕОИИ мамлакатларида ишлашлари учун ҳозирда олишлари шарт бўлган меҳнат патенти бекор қилинса, «мигрантлар учун жами тўғридан-тўғри фойда йилига уч миллиард АҚШ долларини ташкил қилишини» тахмин қилди.

У ўз ҳисоб-китобларини нимага асослаганига ойдинлик киритмади. Расмий Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2020 йилда ЕОИИ тарафдорлари ўтказган суҳбат чоғида айтган статистикага таянган бўлиши мумкин. Ўшанда Арипов Россияда ишлаётган ҳар бир ўзбекистонлик муҳожир ишлашга рухсат олиш учун йилига 1 000 доллар сарфлаётганини айтганди.

Ҳаитовнинг фикрича, Ўзбекистон иқтисодида ўзгаришлар мамлакат ЕОИИга қўшилгандан кейин кузатилади. Бу қарашга кўра, ЕОИИ янада рақобатбардош иқтисодиётга етаклайди, экспорт ҳажмини оширади, мигрантлар учун яхши иш шароитини яратади.

Комиловнинг баёноти Тошкент ЕОИИга аъзо бўлиш фикридан воз кечганини англатмайди. The Diplomat нашри мақоласида эътироф этилганидек, вазирнинг баёноти Тошкент етти ўлчаб, бир кесиш сиёсатини олиб бораётганини кўрсатади.

ЕОИИ ҳисоб-китобларига кўра, 2016 – 2019 йилларда Ўзбекистон ва ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажми 4,5 миллиард доллардан 9,1 миллиард долларга ошган. Бу ҳолат Ўзбекистон аъзо бўлишига янада кучлироқ туртки беради. Айни дамда эса Тошкент якуний ҳужжатларни имзолашдан олдин қандай имтиёзларни талаб қилишни аниқлаб олиш устида бош қотираётганини хулоса қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG