Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:38

Тоғли Қорабоғда жанглар давом этмоқда


Бўлгинчи Тоғли Қорабоғ минтақаси маркази Степанакерт Озарбайжон армиясининг артиллерия ҳужумидан сўнг - 4 ноябрь, 2020
Бўлгинчи Тоғли Қорабоғ минтақаси маркази Степанакерт Озарбайжон армиясининг артиллерия ҳужумидан сўнг - 4 ноябрь, 2020

Тоғли Қорабоғда 27 сентябрда бошланган жанглар давом этмоқда. 5 ноябрь куни Озарбайжон ва Арманистон яна бир-бирини тинч аҳолини нишонга олишда айблади.

Арманистон мудофаа вазирлиги 5 ноябрь куни Озарбайжон шаҳар ва қишлоқларига ҳужумлар давом этганини билдирди. Вазирлик эълон қилган баённомада «4 ноябрь куни ҳамда 5 ноябрга ўтар кечаси Арманистон қуролли кучлари турли йўналишлардан Озарбайжон армияси бўлинмаларининг олдинги позицияларига ҳамда аҳоли пунктларига турли хил кичик қуроллар, гаубицалар ва миномётлардан ўт очди», дейилади.

Бўлгинчи Тоғли Қорабоғнинг амалда мудофаа вазирлиги эса, ҳудуднинг шарқий қисмида Озарбайжон қўшинларининг ҳужуми издан чиқарилганини билдирди. «Бугун соат 10:30 да душман шарқий секторда зирҳли машиналар ёрдамида ҳужум бошламоқчи бўлди. Арманистон томони кўрган чоралар натижасида Озарбайжон кучлари бир зирҳли машина, бир юк машинасини ва кўп сонли жасадни ортда қолдириб, чекиндилар», дейилади бўлгинчи ҳарбийлар баённомасида.

Шу билан бирга, Тоғли Қорабоғ расмийлари Озарбайжонни минтақа пойтахти Степанакертга яқин жойлашган Мартуни ва Шуша шаҳарларидаги фуқаровий нишонларига артиллерия билан ҳужум қилишда айбладилар. Хабарларга кўра, бу ҳужумлардан ҳеч ким жабр кўрмаган.

Халқаро ҳамжамият Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан оладиган Тоғли Қорабоғ 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган этник арманлар назорати остида. Минтақада ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетганидан бери 6 ҳафта ўтди. Хабарларга кўра, тўқнашувлар минглаб одам, жумладан, тинч аҳоли нобуд бўлган.

Бугунга қадар Россия, Франция ва АҚШ воситачилигида эришилган оташкесим битимлари тўқнашувларни тўхтата олмади. 4 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Москва «Жанубий Кавказдаги можарога тезроқ барҳам бериш учун қўлидан келган барча чорани кўраётганини» айтди.

«Биз Арманистон ва Озарбайжон билан мулоқот қилиб турибмиз. Умид қиламанки, биз минтақада яшовчи барча тарафлар учун маъқул бўладиган натижага эришамиз», дея сўзини давом эттирди Россия президенти.

5 ноябрь куни Арманистон ташқи ишлар вазири Зоҳраб Мнацаканян Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи ўз фаолиятини давом эттираётган бўлса-да, гуруҳ доирасида тўғридан-тўғри музокаралар бошланмаганини айтди.

90-йиллар бошида Тоғли Қорабоғ можаросига ечим топиш мақсадида тузилган Минск гуруҳига АҚШ, Франция ва Россия раисдошлик қилади. Мнацаканян Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «айни дамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасида Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказиш учун ҳеч қандай учрашув режалаштирилмаган», - деди.

Тоғли Қорабоғда 27 сентябрдан бери давом этаётган жангларда шу кунгача мингдан ошиқ арман аскари ҳалок бўлгани маълум қилинди. Озарбайжон ҳукумати ҳалок бўлган аскарлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти.

Россия ҳисобларига кўра, тўқнашувлар бугунга қадар умумий ҳисобда 5 мингдан ошиқ одам умрига зомин бўлган.

XS
SM
MD
LG