Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:19

Тожикистонда ИШИДга алоқадорлик айби билан Франция ватандоши қамалди


Душанбе шаҳар Сино тумани суди Франция ватандошини “Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтишга уриниш ва “Ислом давлати” террорчи гуруҳига қўшилиш” айбловлари билан 5 йил қамоқ жазосига ҳукм этди.

Ўтган ой охирида эълон қилинган ушбу ҳукмдан Озодлик радиоси 12 декабрда хабардор бўлди.

Франция ватандошининг исм-фамилияси ва унга оид бошқа маълумотлари ошкор этилгани йўқ.

Сино тумани судидаги манбанинг билдиришича, Франция ватандоши суд жараёнида уни Францияга экстрадиция қилмасликни сўраган.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбанинг хабар беришича, Франция ватандоши жорий йил июлида Тожикистондан Афғонистонга кесиб ӯтишга уринаётган пайтда Хатлон вилоятининг Жайҳун туманида қўлга олинган.

Ушбу манбага кӯра, Франция ватандоши сайёҳлик визаси билан Қирғизистондан Тожикистонга келиб, Афғонистон ҳудудига ўтиш ва ИШИДга қўшилиш ниятида бӯлган.

12 декбарь куни Франция элчихонаси сӯзчиси Муҳиба Шарифова Озодлик радиосига элчихона мазкур ҳодисани шаҳрламаслигини билдирди.

2017 йил апрелида Афғонистон билан чегарадош Тожикистоннинг Ҳамадони туманида 7 Бангладеш фуқароси қӯлга олинганди.

Суд жараёнида улар Афғонистон ҳудудига ӯтиб, “Ислом давлати” гуруҳига қўшилиш ниятида бўлганликларини билдирган.

Уларнинг барчаси 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара узунлиги 1400 километр бўлиб, бу минтақада гиёҳванд моддалар контрабандачиларининг чегарадан ноқонуний ўтишга уринишлари кузатиб турилади.

2 декабрь тунда Тожикистон ва Афғонистон чегарасида бўлиб ўтган отишмалар натижасида “Шўраобод” чегара отряди командири полковник Ахтамов Хайриддин ҳалок бўлган ва яна тўрт нафар чегарачи жароҳат олган эди.

Қуролли тўқнашув чоғида 3 нафар афғонистонлик контрабандачи йўқ қилиниб, қолган 9 ҳужумчи Афғонистон ҳудудига чекинган.

Нафақадаги генерал Оразшоҳ Пояндашоевнинг “Фейсбук” ижтимоий тармоғида ёзишича, Тожикистон билан чегарадош Афғонистон минтақаларида “Толибон” ва ИШИД гуруҳлари жамланмоқда ва шу боис келгуси йил баҳорида чегара вазияти кескинланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG